№13, 27.03.2014 МУЛОҲАЗА
"КУЁВИМ КЎРНАМАК ЭКАН"
Ҳар бир инсон фарзандларининг бекаму кўст яшашини, улар учун элга дастурхон ёзиб тўйлар қилишни, кўркам иморатлар қуришни орзу қилади. Айниқса, биз ўзбекларда фарзанд туғилиши билан бешик тўй, кейин ўғил фарзанд учун суннат тўй, қиз бола учун эса сеп қилишга ҳаракат бошланади.
Бироқ кейинги пайтларда бундай удумлар ўрнини ўзгача анъаналар эгаллаётганлиги кўплар қатори мени ҳам ташвишга солади. Бола бир ёшга тўлиши билан туғилган кунини нишонлаш, нишонлаганда ҳам уни дабдабали маросимга айлантираётган айрим юртдошларимизнинг хатти-ҳаракатлари ҳеч бир меъёрларга тўғри келмаса керак. Ана шундай кераксиз урфлар билан боғлиқ ўзим гувоҳи бўлган бир воқеа менга ҳеч тинчлик бермайди.
Ўртахол бўлишларига қарамай, бир дунё сеп-сидир-ға, мебеллар билан катта қизини узатган ота-она йил ўтиб, невара кўришганига қувонишди, бешик тўйини ҳам ўтказишди. Тўйда сарпо киймаган ҳеч ким қолмади. Куёвнинг яқинлари бош-оёқ сарпо билан сийланди.
"Хали ўзларига келмай туриб" невараси атак-чечак қилиб, бир ёшга тўлди. Қизи "Ҳамма овсинларимнинг ота-онаси невараларининг туғилган кунига фалон-фалон нарсаларни олиб берган экан, уларнинг олдида тилим қисилмасин", дея ҳархашасини бошлади. Топган-тутганини, етмаганига қарз олиб, бешик тўйини дабдабали ўтказган ота-она яна қарз кўтаришдан бошқа йўл топиша олишмади. Чунки бу оилада уйлаб-жойланадиган яна тўрт фарзанд бор эди. Уларнинг ейиш-ичиши, кийим-кечаги дегандек. Бунинг устига кекса оталари оғир хасталикка чалинган. Унга ҳам алоҳида парвариш, дори-дармон керак. Бу ёқда тўй қилиш учун олинган қарз турибди. Шундай қилиб, оила бошлиғи Россия давлатига, ишлаш учун кетди. Бироқ бегона юртда у жонини жабборга бериб ишласа ҳам маош ололмади. "Иш топиб берган киши" уни қул сифатида сотиб юборган, бир йилсиз бу бадалдан қутула олмас эди. Ортига қайтиш учун на пули, на паспорти бор эди. Оғир меҳнат шароитида, оч-наҳор ишлаб соғлигини ҳам йўқотди, сакиз ой деганда, унинг ўлиб қолишидан қўрққан "хўжайини" паспорти ва поезд чиптасига етадиган пул бериб жўнатиб юборибди... Маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар ёрдами билан у бир оз соғайгандек бўлди. Бироқ кўп ўтмай қазо қилди.
Ўйланиб қоласан киши, ўз яқинларининг соғлигини йўқотиш, умр шамини ўчириш эвазига орттириладиган обрў кимга керак? Бундан кимга, қандай наф бор? Бундай бўлишига назаримда, энг аввало, ўша оиланинг аёли сабабчи. Аёл ким нима деса ўшани қилган, эрини ҳам шунга мажбур қилган. Унинг мулоҳазасизлиги туфайли фарзандлари одоб-ахлоқли бўлсалар-да, оқ-қорани ажратадиган даражада тарбия олмаган эдилар. Ахир тарбияда онанинг роли муҳим ўрин тутади. Ўша "ҳамманинг оғзини очиб қўядиган", сепу мебелларга эга бўлган, "овсинлари орасида тили қисилмаган" қиз, дадам бунча пулни қаердан топади, деб наҳотки ўйламади? Ана шу мулоҳазасизлик энди уни бир умр виждон азобига қўйиши аниқ.
Бўлиб ўтган воқеа ҳақида ўйлаб, ўйларимнинг охирига етолмайман. Халқ ибораси билан айтганда, "Кўрпасига қараб оёқ узатса", биров уни қозига олиб бормасди-ку. Қизиқ, фарзанди кўча-кўйда ичиб, номаъқул ишлар қилиб юрган ўғлидан ота-она орият қилмайдию, қизини чиқаришда ётоқхона мебели олиб бермаса, уят бўлармиш! Бундай беъманилик қаердан келди, бу каби "урф-одат"ларнинг охири борми?
Яқинда қиз чиқарган ёши улуғ бир маҳалладошимнинг гаплари эса дард устига чипқон бўлди: "Куёвим кўрнамак экан, қатор-қатор қимматбаҳо кийим-кечак, пальто дейсизми, "норка", телпакми барисини олиб бергандик. Шуларниям билмасдан қизимни калтаклабди, номард. Қизим унга гап қайтарармиш. Шу ҳам баҳонами?"
Маҳалладошимизга нима дейишни билмадим. Агар ёши мендан улуғ бўлмаганида, қизингизга дабдабали сеп қилиш ўрнига унга яхши тарбия берганингизда, бундай бўл-масди, деган бўлардим.
Минг афсуски, ҳаётимизда юқоридаги каби воқеаларга тез-тез гувоҳ бўламиз. Ахир нега ўзимизни қийнаймиз, одамларга кўз-кўзлаш учун қиладиган бундай бемаъни урфларнинг нима кераги бор? Фарзандларимиз фақат мол-дунё билан бахтли бўла олмаслигини тушуниш шунчалик қийинми? Бу йўлдан бориш яхшиликка олиб бормайди. Бу борада маҳаллалардаги ёши улуғлар, оила катталари четда турмай, ўз вақтида маҳалладошларимизга, яқинларимизга йўл-йўриқ қўрсатайлик. Зотан, мулоҳазасизлик, ўзбилармонлик билан қилинган ишлар юқоридаги каби оилаларни парокандаликка олиб келмасин.
Жўрабек ЭРГАШЕВ,
Балиқчи тумани.
|