№13, 27.03.2014 ЎЗБЕКИСТОН - УМУМИЙ УЙИМИЗ
ЎЗБЕКИСТОН - МЕНИНГ ИККИНЧИ ВАТАНИМ,
- ДЕЙДИ ЖАЛАҚУДУҚЛИК МОҲИР ПЕДАГОГ НАТАЛЬЯ РАҲМОНОВА
Муҳаббат - юракнинг туғёни. Унга замон, масофа, миллатнинг аҳамияти йўқ. Жалақудуқ туманининг Намуна маҳалласида яшовчи Эркинжон ака Раҳмонов ва Наталья опа Раҳмоноваларнинг оиласи ана шундай юрак амри билан бунёд бўлди.
Эркинжон ака Андижон электромеханика техникуми (ҳозирги Ахборот технологиялари коллежи)да ўқиб юрган кезларида Украинанинг Харьков шаҳрига амалиёт ўташ учун бориб, мафтункор ва гўзал украин қизи Наталья билан танишиб қолди. Бир-бирларига бўлган илиқ муносабатлари бориб-бориб муҳаббатга айланди.
Бу эса украин қизини ўзбек оиласига келин, муносиб умр йўлдош бўлишга ундади.
Бундан роппа роса 37 йил муқаддам Наталья Андижонга келин бўлиб тушди. Қайнона, қайнотаси Эргаш ака ва Марьям опанинг қўллаб-қувватлашлари билан олий ўқув юртида ўқиди, ўзи хоҳлаганидек ўқитувчи бўлиб фаолиятини бошлади.
- Ўзбекистон менинг иккинчи она Ватаним, десам янглишмайман, - дейди моҳир педагог Наталья Александровна Раҳмонова. - Чунки мен бу ерга келин бўлиб келиб, яна қайтадан дунёга келгандекман. Ўзбекистонда яшай бошлаганимдан буён жуда кўп нарсаларни ўргандим. Олий маълумотга эга бўлдим. Мана 30 йилдирки, ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқдаман. Бу орқали халқнинг меҳрига, ҳурмат-эътиборига сазовор бўлдим. Бугун нафақат украин қизиман, бахтли ўзбек аёлиман, дея баралла айта оламан.
Эркин ака ва Наталья опа уч қиз, бир ўғилни улғайтириб, эл сафига қўшди. Қизларининг барчаси бугун мустаҳкам оилаларнинг бекаси. Ўғли Темур эса тумандаги 3-умумтаълим мактабининг битирувчиси. Буни қарангки, оиланинг ўтли муҳаббати уларнинг кенжа қизи Альбинанинг ҳаётида ҳам акс этди. У татар миллатига мансуб йигит, Радим билан худди ота-оналари каби бахтли оила қўрғонини бунёд этган.
Оила муқаддас. Муҳаббат илоҳий туйғу. Уни кўз қорачиғидай асрай олиш, садоқатли бўлиш кишидан сабр-қаноатни талаб этади. Украин қизи ўзбекларнинг урф-одатлари, қадриятларини ҳурмат қилиб, ўзбек аёли бўлиб, мустаҳкам оиласи билан барчага ибрат бўлиб яшаётганини кўпчилик эътироф этади. Бу оилага ҳамманинг ҳаваси келади.
Умиджон МАМАРАСУЛОВ.
|