№13, 27.03.2014 "СОҒЛОМ ҲАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.
ЎЗИМИЗ СОТИБ ОЛАЁТГАН КАСАЛЛИК
Ҳар кимнинг бошида тирикчилик ташвиши бор. Ҳар ким уддасидан чиқиб, рўзғор тебратади. Бироқ... шундай манзарани кўз олдингизга келтиринг: Бир куни кўчани чангитиб енгил машинада совун, сода, туз ҳатто, турли хил макарон сотувчилар маҳалла айланишади.
Бу бир қараганда яхши, айни пайтда қулай кўринади. Ортиқча пул сарфлашдан ташқари оворагарчиликка ўрин қолмайди. Шундоқ остонангиз остида ишингиз битади. Иккинчидан, тузнинг арзонлигини кўриб, кўп миқдорда туз харид қилганингизни ҳам сезмай қоласиз.
Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмай улгуржи савдонинг бир чатоғи чиқади. Ана шундай пушаймонда қолганлардан бири Саодат Ашуровадир. У қизининг бўқоғи анча билиниб қолганидан нолиб, шифокор кўригига келди. Берган дориларингиз таъсир қилмаяпти, дея нолиди.
- Озиқ- овқатингизга йодланган туз ишлатасизми?- деб сўради шифокор.
- Ҳа, маҳалламизга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиб сотишади. Шулардан оламиз.
Ачинарлиси, халқ саломатлигидан кўра ўз чўнтакларини қаппайтиришни кўзлаган кимсалар бекорга қишлоқ, маҳалла ораламайди, - дейди эндокринолог шифокор Манзурахон Исақова. - Улар сифатсиз, арзон нарсаларни сотиб, бойлик орттириш ниятида ҳеч нарсадан қайтмайди. Ҳатто, сиртига "йодланган" деган ёзувли махсус қутичаларга сифатсиз тузни жойлаштириб сотмоқдалар.
Айниқса, бўқоқнинг ҳомиладор аёлларда учраши жуда хавфли. Чунки она қорнида ривожланаётган бола ақлан заиф ва бошқа нуқсонлар билан туғилиши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида барча поликлиникаларда ҳомиладор аёлларни алохида эндокринолог врач кўригидан ўтказамиз. Керакли тиббий хизмат кўрсатамиз. Бу касалликларнинг қизлар ва болаларда бўлиши янада ташвишли. Ёшлар жисмоний, ақлий ва гормонал ўсишдан тўхтаб қолади.
Эндемик бўқоқни келтириб чиқараётган омиллардан бири, ош тузидаги йод етишмаслигида. Бугунги кунда савдо дўконларидан кўра ҳамон арзон баҳода катта-кичик бозорларда, маҳаллаларда йодланмаган туз сотиляпти. Фойда кетидан қувган тижоратчилар сифатсиз туз келтириш ва сотишни авж олдирмоқдалар. Бу эса аҳоли соғлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бошқача айтадиган бўлсак, касалликни ўзимиз сотиб оляпмиз.
Ҳа, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул, дейишади. Шундай экан, кўча-кўйда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини билиб-билмай харид қилиш мана шундай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмайлик!
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
КУЗАТИШ
СУВСИЗ ҲАЁТ ЙЎҚ
Тоғлар орасидан зилол сув шарқираб оқади. Шошилади, ошиқади, қаерга борарини ўзи ҳам билмайди. Пасту баланд, сўқмоғу жилға, харсанг тошу бахайбат дарахтними хеч нарсани писанд қилмайди. Бу табиат мўъжизаси. У бор кучини йиғса борми, хеч қандай тўсиқ дош беролмайди. Қудратли куч ҳам уни енга олмайди. Ўз инъомини сочса қуруқ ерни кўкартириб, табиатдаги жамики мавжудотни яшнатиб юборади. Қуёш нурида кўз илғамас заррачаларни ҳавога пуркаб, мавжудотларнинг нафас олиши учун оналик вазифасини уддалайди.
Мусаффо ҳаводан тўйиб нафас олар эканман, табиатга яшил либос берган сувдан коса тўлдириб сипқоргим келади.
Аммо мени бир нарса анчадан бери ўйлантиради. Сувдай азиз, беғубор мўъжизанинг қадр-қиммати ҳамма вақт ҳам ўз ўрнига қўйиляптими?
Ана шу саволнинг жавобини ўйласам, бағрим тирналади. Руҳим азобланади. Нега энди одамлар энг ифлос нарсаларни ариққа, сув бетига ташлайдилар. Унинг ҳар томчисини заҳарлайдилар. Ана шу заҳарларни сув ўз танасидан чиқариб, мусаффо ҳавога парлатгунча қанчалар азоб чекишини бир кўз олдингизга келтиринг-а...
Заҳарланган сув минглаб гектар ерлардаги экинзорларимизга оқиб бориб ҳосилга путур етказса-чи? Энг гўзал боғларни пайхонга айлантирса-чи?
Табиат ҳам гўдак сингари беғубор. Унга жон киритадиган, яшнатадиган, умрини узоқ қиладиган бу оби-ҳаёт. Табиатимизнинг нодир ўсимликлари, шифобахш гиёҳлари, сайроқи қушлари-ю, ноёб ҳайвонот дунёсини асраш, ўз саломатлигимизни муҳофаза қилиш ҳар биримизнинг виждоний бурчимиз бўлмоғи даркор.
Ҳар бир мавжудотнинг эркин яшаши учун ҳаво, ер, сув мусаффо бўлмоғи кераклигини унутмайлик!
Зилола РАҲМОНОВА.
МУТАХАССИС МИНБАРИ
СУВНИ ИШЛАТИШДА ҚАНДАЙ МАЖБУРИЯТЛАР ТАЛАБ ЭТИЛАДИ?
Сув - табиатнинг бебеҳо инъоми бўлса-да, у битмас-тугалмас манбаа эмас. Шу боис сувни тежаб-тергаб, ундан меъёрида фойдаланиш зарур.
Бу борада мамлакатимизда ҳуқуқий асослар тўла шаклланган. Яъни, тегишли қонунлар, бир қатор норматив меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу ўз навбатида сувдан фойдаланувчилар учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори, Маъмурий жавобгарлик кодексининг бандлари ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида сув муносабатлари тартибга солинади.
Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан келиб чиқиб, сув истеъмолчиларига, фермер хўжаликлари раҳбарларига бир қатор мажбуриятлар юклатилган. Жумладан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувнинг мақсадсиз истеъмол қилинишига йўл қўймаслик, сувни тежаб сарфлаш, сувларнинг сифатини тиклаш ва яхшилаш юзасидан тегишли ишларни олиб бориш, сувни етказиб бериш ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни ўз вақтида тўлаш каби бир қатор мажбуриятлар мавжуд. Афсуски, ҳозирда айрим сув истеъмолчилари, айниқса, фермер хўжаликлари раҳбарлари ана шу мажбуриятларни адо этишга панжа орасидан қарамоқдалар. Шу ўринда таъкидлаш керакки, сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда сув хўжалиги ташкилотлари билан келишилмаган ҳолда сув сарфини кўпайтириш ёки камайтириш мақсадида сув объектларидаги гидротехника иншоотларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш, уларга тўсиқлар, насослар ўрнатиш ҳамда сув оладиган бошқа иншоотларни қуриш, рўйхатдан ўтказилмаган сув ажратиш жойларидан ўзбошимчалик билан сув олиши каби ҳоллар қонун ҳужжатларини бузиш саналади. Бундай ҳолларга нисбатан тегишли жавобгарлик, уларнинг оқибатида етказилган зарарларни қоплаш қатъий белгилаб қўйилган.
Сувга бўлган талабнинг йилдан-йилга ортиб, сув ресурсларининг камайиб бориши биздан мавжуд сувнинг ҳар томчисидан самарали фойдаланиш учун зарур чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Шундай экан, сувдан фойдаланиш ва уни истеъмол қилиш тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилайлик!
Шуҳратжон ЭРГАШЕВ,
Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.
|