Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№13, 27.03.2014

МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУДИНИНГ 60 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

ХАЛҚ ЭЪЗОЗИДАГИ ШОИР

Ватан,

Қандай сеҳрли куйсан,

Пойингга жон тиксам арзийди.

Сенинг учун ўтларда куйсам,

Дарёларга чўксам арзийди.

М. ЮСУФ.

Агар халқ шоири Муҳаммад Юсуфга умри вафо қилганида, у шу баҳорда 60 ёшни нишонлаган бўлар эди. Афсуски, шоир ўзи улуғланаётган кунларни кўрмади. Аммо ёзувчи Абдунаби Бойқўзиев айтганидек: "Навоий даҳоси ўз манбаидан қанчалик узоқлашса, шунчалик кучайиб, улуғворлашиб бораверади". Бу башорат севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуфга ҳам тааллуқлидир. Шоир вафотига ўн уч йил бўлган бўлсада, шоир янада улуғлашиб, шеърлари янада кўнгилларга яқинлашиб бормоқда. Шоир ҳақида хотира ёзиш асносида шоир ҳаётининг сўнгги кунлари Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманига қилган сафари эди. Шоир юрган йўлларини ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида Қорақалпоғистонга йўл олдик.

Водийдан чиққач, Қамчиқ довони орқали Сирдарё, Гулистон шаҳрига етиб келдик. Сўнг Жиззах, Самарқанд ва донишлар шаҳри Бухорога қадам қўйдик. Манзилгача яна 700 километр юриш керак. Кечга томон Нукус шаҳрига етиб келдик. Мезбонимиз Нарзулла исмли зиёли йигит мақсадимизнинг амалга ошишига кўмаклашди. У Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасига мурожаат қилиб, 2001 йил июль ойида Элликқалъа туманида бўлган анжуманда қатнашган шоир Калила Давлетназаров Нукусда чиқадиган "Амударё" журналининг бош муҳаррири экан. У билан журналнинг таҳририятида учрашдик. Бизнинг узоқ Андижондан келганимизни, шоирнинг ҳамюрти эканлигимизни шоир ҳақида хотира китоби ёзаётганимни эшитган Калила Давлетназаров ниҳоятда хурсанд бўлди ва шундай деди:

- Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф Қорақалпоғистонга бир неча маротаба ташриф буюрган. Унинг мухлислари Қорақалпоғистонда ҳам жуд кўп. Чунки шоир шеърларининг таъсирчанлиги жуда кучли, юракни қитиқлайди. Кегейли туманидан чиққан шоир Бахтиёр Ситаев Муҳаммад Юсуф шеърларини қорақалпоқчага ўгириб, "Биз бахтли бўламиз" номи билан нашр қилдирган.

Ўша кун... бугунгидай эсимда...

Элликқалъанинг маркази Бўстон шаҳрида санъаткор Отажон Худойшукуровга бағишланган "Ёш ижрочилар" кўрик-танлови ва "Акчакўл илҳомлари" анжумани ўтказилаётган, бу тадбирларга Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов бошчилик қилаётган эди. Халқ шоирлари Тўлан Низом, Муҳаммад Юсуф ва бошқа кўплаб таниқли ижодкорлар даврада иштирок этаётгандилар.

Кун жуда иссиқ эди. Тадбирни якунлаш вақтида натижаларни эълон қилиш Муҳаммад Юсуфга топширилди. Бироқ шоирнинг тоби қочиб қолди. У минбарда сўзлаётиб қалқиб қолди. Уни тезда касалхонага олиб бордик. Тошкентдан профессорлар етиб келишди. Бироқ уринишлар зое кетди...

Калила Давлетназаров бўғзига тиқилган ноладан гапиролмай, кўзлари ёшланди.

- Муҳаммад Юсуф қўлимни қаттиқ сиқиб айтолмаган гаплари менга армон бўлиб қолди. У нималар демоқчи бўлган экан? - деди мунгли оҳангда. Энди сизлар Андижондан йўл босиб шоир хотираси учун келибсизлар. Унинг сўнгги қадами Элликқальа туманининг Бўстон шаҳрида қолган. Шу жойга бормасанглар бўлмайди.

Элликқалъа Қорақалпоғистоннинг обод гўшаларидан бири. Туман атрофи чўлу саҳродан иборат бўлса-да, Қадам қўйишингиз биланоқ бу ерда амалга оширилган хайрли ишлар диққатингизни тортади. Бўстон шаҳри яшил либосга бурканган.

Бизни туман ҳокимлиги биноси олдида хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулхумор Айтбоева кутиб олди. Туман ҳокими бизни қабул қилди.

У ўша кунларни эслаб шундай деди:

- Шоир Муҳаммад Юсуф бизнинг яқин дўстимиз эди. Эллик-қалъага кўп марта келган. Муқаддас қалъаларимиз Тупроқ-қалъа, Аёз қалъа, Гулдурсун қалъаларни биргалашиб зиёрат қилганмиз. Ботаника боғимиздаги эман дарахтини шоир ўз қўли билан эккан. Ҳозир ўша гуркираб ўсаётган дарахтни Муҳаммад Юсуф дарахти деб атаймиз. Уни эҳтиёт қилиб яхши парвариш қиламиз. Чунки у шоирдан бизга ёдгорлик-да...

2001 йил 25-26 июль кунлари ўтказган анжуманимизда шоирнинг иштирок этиши бизни ниҳоятда хурсанд қилган эди. Аммо якунланиш чоғида Муҳаммад Юсуфнинг юраги панд берди. Биз ажойиб дўстимиздан айрилиб қолдик. Ўша кезлари қанчалар қайғуга ботганимизни кўрсангиз эди... каттаю кичик шоирнинг ўлимидан афсус чекди. Муҳаммад Юсуфнинг охирги туз насибаси Элликқалъада экан-да.

Биз шоирни ниҳоятда эзозлаймиз. Ҳар йили 26 апрелда, шоирнинг туғилган кунида унга бағишлаб, тадбирлар ўтказамиз, - деди туман ҳокими Неъматжон Худойберганов.

Ҳаяжонимиз чексиз эди. Тунда шоир тушимизга кирди. У "Қизғалдоқ" шеърида:

Тириклар тупроқда,

Ўликлар уйғоқ.

Лола, лолажоним

Лолақизғалдоқ...

- дея таъкидлаган эди. Ростан-да унинг руҳи уйғоқ экан. Узоқ сафарда ҳам унинг руҳи биз билан бирга юрган экан.

Эртасига туман ҳокими ўринбосари туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулхумор Айтбоева билан қатор жойларни зиёрат қилдик. Баҳром Аллаберганов раҳбарлик қилаётган Муҳаммад Юсуф номидаги академик лицейда учрашув ўтказдик. Шеърлар ўқилди. Хотиралар айтилди.

Шоир сўзга чиққан минбар олдида биз кўз ёш тўкдик. Ақча-кўлга узоқ термулиб турдик. Кўлнинг тиниқ сувлари остида сузиб юрган кўкиш балиқлар ҳам шоир хотирасидан хаёлга чўмгандай жимгина сузишарди.

Шу куни Андижон дилбанди Муҳаммад Юсуф ҳақида ҳароратли ва самимий сўзларни кўп эшитдик. Ўткир қаламли соддадил қалби, шеърияти билан Ватаннинг чекка-чекка ҳудудларида яшовчи одамлар қалбини ҳам ром этган шоир руҳининг шод бўлганига имон келтирдик.

Халқ қалбига инган шоир ҳар ерда эъзозда эканидан кўпчилигимиз таскин топдик. Зеро, Муҳаммад Юсуф ана шу эъзозга арзигулик инсон эди.

Соҳиба ҲОШИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди