№13, 27.03.2014 МЕҲР-МУРУВВАТ АЙЁМИ
Юртимизга гўзал ва бетакрор баҳор фасли ташриф буюрди. Дарахтлар куртак ёзиб, қир-адирларда бойчечаклар очилмоқда.
Ариқ бўйларда ялпизлар ва майсалар бўй кўрсатиб, наврўз келишидан дарак бермоқда. Бу байрам сабаб олам-олам қувонч, янги орзу-ҳаваслар ва эзгу истаклар қалбларимизда жўш уради. Халқимиз ҳар йили наврўзни интиқлик, кўтаринкилик ҳамда ўзгача тайёргарлик билан кутиб олади. Бобо ва момоларимиз ушбу ёруғ кунларга, соғ-саломат етиб келганларига шукрона келтириб, Ватанимиз тинч ва фаровонлигини тилаб, дуо қиладилар. Ёшларга ҳаёт гўзаллигини, осойишта кунларнинг қадрига етишликни уқтирадилар.
Ушбу байрамда гина-қудратлар унутилади, бева-бечоралар, хаста ва муҳтож кишилар, яқин қариндошлар, ёши улуғ онахону отахонларимиз ҳолидан хабар олиб, уларга меҳр-мурувват кўрсатилади.
Шунингдек, наврўз байрамини ўзгача шукуҳда қарши олиш мақсадида барча маҳалла ва кўчаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади. Наврўз кунлари кўча-кўйда шаҳар ва хиёбонларда, қир-адр ва яйловларда сайлгоҳлар уюштирилиб, миллий ўйинларимиз халққа намо-йиш этилади. Бундан ташқари, арқон тортиш, оқ теракми, кўк терак, тўптош ва шу каби турли халқ ўйинлари, айтишувлар, куй-қўшиқлар авжига чиқади. Момоларимиз, онахонларимиз томонидан дошқозонларда шифобахш таом бўлмиш сумалак қайнайди. Дилбар келинчаклар ва лобар опа-сингилларимиз баҳорий таомлардан кўк чучвара, кўк манти, кўк сомса ва турли хилдаги пишириқлар тайёрлашади.
Бу каби анъаналар давомийлиги миллий қадриятларимизни улуғлаш билан бирга, ўзбек халқи орасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкам боғлайди. Шунинг учун ҳам азиз ўлкамизни, урф-одатларимизни ардоқлайлик. Жаннат мисол гўшамизни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, Ватанимизга муносиб фарзанд бўлайлик.
Барно АЛЛАЁРОВА,
АДУ хорижий тиллар факультети талабаси.
|