№13, 27.03.2014 СИР-СИНОАТЛИ ДУНЁ
УРИБ ТУШИРИЛГАН ТОШ
ЧЕЛЯБИНСКНИ ЎЗГА САЙЁРАЛИКЛАР ҲАЛОКАТДАН САҚЛАБ ҚОЛДИ
Бир йил аввал бутун дунё Россияда Челябинск деган шаҳар борлигидан воқиф бўлди. Шаҳарни барчага машҳур этган ҳодиса космосдан келган "меҳмон" бўлди.
2013 йилнинг 15 февралида, соат 9.20 да Челябинск осмонида метеорит портлади. Ушбу ҳодиса билан боғлиқ шов-шув халигача тўхтагани йўқ. Олимлар томонидан билдирилаётган турли маълумотлар кўпчиликни ҳайратга солмоқда.
ТОШНИ АЛМАШТИРИБ ҚЎЙИШДИМИ?
Метеоритни 9 та давлат мутахассислари тадқиқ қилишди, уларнинг хулосалари "Science" номли нуфузли журналга жамланди. Шундай қилиб, космосдан ташриф буюрган "тошча"нинг диаметри 17 метрни ташкил этиб, у ер атмосферасига 19 км/с тезликда кирган ва 30 км. баландликда бир неча бўлакларга майдаланиб кетган. Тош парчаларининг аксарияти Жанубий Урал - Россиянинг 5 та ва Қозоғистон ҳудудларига тушди. Олимларнинг таҳлилларига кўра, учиб келган "меҳмон" - Қуёш системасининг тенгдоши бўлиб, 4,5 млрд. йиллик улкан тошнинг бир бўлагидир. Тошнинг таркиби ўрганилганда, унинг тошли метеоритлиги, асосий моддаси космик минераллар (оливин ва ортопироксен) йиғиндисидан ташкил топганлиги аниқланди. Яна битта муҳим факт: Челябинск метеорити 1908 йилдаги Тунгус метеоритидан сўнг тушган энг улкан коинот жисми бўлиб қолди.
Космик жисмнинг энг катта бўлаги 650 кг бўлиб, Чебаркуль кўлидан чиқарилди ва музейга қўйилди. Бироқ бир неча ойдан сўнг жисм қора рангдан занг рангга ўзгарди. Тошни алмаштириб қўйишди, деган миш-мишлар тарқалди. Лекин музей ходимлари буни инкор қилмоқдалар. Уларнинг таъкидлашича, метеоритни кўлдан олиб чиқишганида унинг таркибида сув ва балчиқ бўлган. Бир неча ой ўтиб, балчиқ қуриб тўкилди, 20 л. атрофидаги сув эса буғланиб кетди. Натижада, тош ранги ва ҳажми ўзгарган.
Метеорит қулашидан Челябинск 1 млрд. рубль зарар кўрди, 7 мингта бино ромлари ойнасиз қолди, 1,5 минг нафар аҳоли турли даражада тан жароҳатлари олган, 2 нафари жонлантириш бўлимига тушган. Бу ҳолат ҳукуматни метеорит хавфи ҳақида ўйлантириб қўйди. Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги раҳбари В. Пучков америкалик ҳамкасбларига космик хавфдан сақланиш ишчи гуруҳи ташкил этиш таклифини киритди. Бу масалада бир нечта шартномалар имзоланди.
ТОШНИ УРИБ ТУШИРИШДИ
Ушбу ҳодисани ўрганган уфолог мутахассислар: "Инсоният хавфсизлигини ўйлайдиган онг бор" деб ишонч билан айтмоқдалар.
- Метеоритнинг портлаш вақтида олинган видео ёзувни ўрганиш чоғида узунчоқ шаклдаги объектнинг космик жисмни ортидан қувлаб, уни уриб, йўлида давом этгани яққол кўринади, - дейди РАЕН академиги Владимир Ажажа. - Шундан сўнг сирли объект тепага кўтарилиб, ҳавода йўқолиб қолди. Инсонлар ана шу номаълум учар жисмлар уларни Хиросимадаги атом бомбаси портлашидан 30 баробар ортиқ бўлган портлаш хавфидан сақлаб қолгани ҳақида ўйлаб ҳам кўришгани йўқ. Сақлаб қолганлар кимлар эканлиги ҳақида фақат фол очиш мумкин. Ажажа уларни "ўзга идрок оламининг вакиллари", "улкан интернетга ўхшаш фикрловчи машина" деб атайди.
Самарадаги "Авеста" тарихий - ўлкашунослик гуруҳи аъзоларининг таъкидлашича, коинотдан келаётган "чақирилмаган меҳмонлар"дан ҳимоялаш чоралари бундан 1000 йиллар аввал ўзга сайёраликлар томонидан ташкил этилган.
"Челябинскда худди шундай ҳимоя воситаси ишга тушган", - дейди "Авеста" гуруҳи аъзоси Игорь Павлович. - 7 тоннали метеоритни қандай куч майда бўлакларга парчалади? Катта тезликда учиб келган улкан жисм кутилмаганда дўл бўлиб ерга тушди. Кимдир саноат обьектларига тўла Челябинск областини коинотдан келган жисмдан ҳимоялади.
Кўп йиллар давомида тош дўллар Самара областининг Богатовск райони аҳолиси томорқаларига тушиб келади. "Авеста" гуруҳи аъзолари уларни териб, синчиклаб ўрганадилар. Уларнинг фикрича, бу тошлар ерда бизга кўринмайдиган ҳаво кучларига қарши мудофаа тизими мавжудлигини исботлайди. Агар мудофаа тизими бўлмаганда, коинотдан келаётган "чақирилмаган меҳмонлар" инсониятга катта талофот келтирар эди.
"АиФ" газетасидан жузъий қисқартиришлар билан
Нигора ТОЖИМАТОВА таржимаси.
|