Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№13, 27.03.2014

ДИЛ ТУҒЁНИ

БЕГИМ СИЗГА АЙТАМАН...

Бегим! Биз энди бир бутун бўлмоқчи эканмиз, сизга айтмоқчи бўлганларимни малол олмаслигингизни истардим. Бизни дунёга келтириб, камолимизни орзулаганлар олдида масъулиятимиз улкан. Қолаверса, оила аталмиш қурилажак жажжи мамлакатимизнинг шаъни иккимизни-да сергакликка ундаши даркор.

Буни рўзғор деб қўйибдилар, бегим. Яхшисидан ёмони кўп, енгилидан оғири бисёр. Биз кираётган қўрғоннинг бир девори сабр, бир девори қаноат, яна бир девори бардош аталмиш синовдан, фақатгина бир девори бахт отлиқ қувончдан иборат экан. Биз турмушнинг тўрт муштига сабр билан елка тутиб, рўзғорнинг машаққатларига бардошли бўлиб, йўқчилигу камчиликларни қаноат совути билан енгсак, ишонинг, бизга бахт қуёши нурларига эврилиб, умргузаронлик қилиш насиб этиши муқаррар.

Бир қўшнимиз ўн олти ёшида узатилди. У хали навниҳол эди. Шунинг учун ҳам, қўни-қўшни, маҳалладошлар ота-онанинг бу ишига унча қойил қолишмади. Қолаверса, қизнинг уйланиш ёшидаги икки бўйдоқ акаси бор эди. Одамларнинг тагдор саволларига жавобан она қош чимириб:

- Қизим акаларининг уйланишини пойлаб ўтирса, қариб қоларди. Йигирмадан ошган қариқиз кимга керак?! - дерди.

Бу гапга кимдир қўшилди, кимдир қўшилмади. Яна биров истеҳзоли кулди, ким эса "кейинини кўр", дегандек бош чайқаб қўйди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, келин саломга келган келинчак ҳеч ким йўқ хонада онасига кўз ёшини оқизиб илтижо қилаётганига гувоҳ бўлиб қолдим. Ўшанда, чамаси 11-12 яшарлик пайтларим эди, она-боланинг пинҳона суҳбатини тасодифан эшитиб қолиб, сабабини унча яхши англамаган бўлсам-да, мурғак кўнглим бузилганди.

- Онажон, илтимос, қудаларингизга айтинг, сизни, уйимизни жудаям соғиндим. Ҳеч бўлмаса бир кечагина сиз билан ёта қолай. У ерда кунларнинг ўтишини, тонг отишию, тезроқ вақт ўтиб, сизни кўришни қанчалар илҳақ кутишимни билмайсиз...

Мен суҳбат давомига қулоқ осмай, онамга чопдим:

- Ая, аяжон, ҳу анави ерда Гулсара опам онасига осилиб йиғлаяпти. Уларга жуда раҳмим келди. Онасидан бир кечагина уйларида қолишларини сўраб йиғлаяптилар...

Онам ўшанда қўлларидаги юмушларини ташлаб, оғир тин олдилару, кейин нималарнидир узоқ ўйладилар-да, "ҳали ҳамма гап олдинда", деб қўйдилар.

Чиндан ҳам ҳаммаси олдинда экан. Ўша қиз турмушни оқ либос кийиб, орзу-ҳавасларда ширин севги изҳорларидан маст бўлиб яшаш, деб хаёл қилган экан чоғи, йигирма икки ёшида оиласи бузилиб, ота уйига қайтиб келди. Икки боланинг кўнгли яримлиги, ота меҳрига, эркалашлари, суйишларига зорлиги ҳақида ёзишнинг ўзи оғир. Ўша қўшнимизнинг кейинги аччиқ қисмати, яқинлари ва қавм-қариндошларининг иснодига айлангани тўғрисида гапириш ундан-да оғир. Фақат, демоқчиманки, унинг феълидаги бу ноқисликни тузатмаган, жуфтини қаноатли, тоқатли бўлишга ўргатмаган ўша йигит ҳам оиласининг бузилиб кетиши ва рафиқасининг эгри йўлларга тушиб қолганида айбдор саналади.

Кекса момоларимиз: "эркакнинг бепарволиги аёлнинг бепардалигига сабаб бўлади", деганларини кўп эшитганман. Шу боис ҳам ҳеч қачон бепарво, эътиборсиз бўлишингизни истамайман. Турмушнинг ҳар куни сабоқ, ҳар они имтиҳон. Бу синовлардан аъло ўтиш учун эса, биз бир тан бир жон бўлмоғимиз шарт! Бирида устоз, бирида шогирд бўлиб, бир-биримизнинг камимизни тўлдирмоғимиз лозим, токи, бизнинг кемтигимиз ташқаридагиларга аён бўлмасин. Дарвозамиз тирқишидан бир оғиз нохуш калом кўчага бўйламасин. Бунинг исноди оғир.

Бегим, юқорида эрнинг бепарволиги - хотиннинг шўри эканидан гап очдим. Ўрни келганда кўрган-кузатганларим асносида фикримни исбот этсам.

Бундан икки йилча олдин бир дугонам турмушга чиқди. Дугонам билан анчайин яқин бўлганимиз боис, турмуш қурмасларидан олдин ҳам куёв болани билардим. Шу сабабдан дугонамни у йигит билан оила қуриши унчалик кўнглимга ёқмаган эди.

Қарангки, куёв бола ниҳоятда беғам, бепарво йигит чиқди. Дугонам ярим тунгача ишда қолиб кетса ҳам у кишининг парвойи палак. Нима бўлганда ҳам ишлаб, рўзғорга пул топиб келса бўлди, почамизнинг ҳакалак отган нафсларига тансиқ егуликлар ором берарди. Дугонамнинг қўлида доим рўзғор халтаси. Кечки пайт ишдан чиқиб бозорга югуради. Зил-замбил халталарни кўтариб уйига чопади. Назаримда, боқибеғам у инсон эрлик масъулиятини умуман, унутган эди.. Ундаги бепарволик "хаста"лигини даволаш эса анча мушкул эди. Бегим, сиздан илтимос, тоифадошингизнинг бу ҳаракатини айб сананг! Бу турфа масъулиятсизликдан ор қилинг!

Унутманг бегим, рўзғор машаққатлари, турмуш синовлари менинг муштипар жисмимга оғирлик қилади. Буни иккимиз бирга тортмоғимиз керак. Ахир, кексаларимиз бежизга "эр-хотин қўш ҳўкиз" дейишмайди. Бу дегани - эр билан хотин ҳамиша, ҳар он, ҳар сонияда бир-бирини қўллаб-қувватлаб, бир-бирига елкадош, ҳамфикр бўлиши керак, дегани.

Бегим, билингки, қурилажак оиламиз бир қўрғон бўлса, уни мустаҳкам тутиб тургувчи устуни Сиз! Сиз шундай суянчиқ бўлингки, мен ҳар қандай чигалликларни табассум билан қарши олиб, сизнинг кўмагингизни ҳис этиб мушкул вазиятлардан осонгина чиқай. Сиз шундай бир парда бўлингки, у мени ҳаммавақт ачиниш ва раҳм, нафрат ва важоҳат назаридан пана қилиб турсин. Сиз қўрғонимизга шундай дарвоза бўлингки, ундан фақат биз ҳақимизда яхши гаплар чиқиб, ижобати бахтимиз бутунлигини билдиргувчи дуолар кирсин!

Бегим, эрта-индин барпо бўлажак митти "мамлакат"имизнинг ҳукмдори ўзингиз. Ундаги ўрнингизни, зиммангиздаги масъулиятни бир дақиқа бўлсин, асло унутманг! Билинг, инсон қачон мувозанатдан чиқиб, тубанликка юз тутади. Ўрнини унутганида, масъулиятини англамаганида! Ва бу эътиборсизлиги оқибатида жамиятнинг бир бўғинида кемтиклик пайдо бўлади. Кимнингдир бахти ярим, яна кимдир ота ё она меҳридан мосуво бўлади. Бундай изтиробларга тўла ҳаёт жафосидан Яратганнинг ўзи асрасин!

Ота-оналаримиз розилиги, дуоси остида никоҳимиз ўқилган ондан бошлаб, Сиз менга шундай жуфт бўлингки, дунёдаги энг бахтиёр инсонлар рўйхати тузилаётганда биринчи бўлиб бизнинг номимиз қайд этилсин! Ва бизга муяссар бўлган порлоқ иқболдан жумлайи жаҳон ҳавасда бўлсин.

Бу, сизнинг менга қилган энг олий, энг бебаҳо туҳфангиз бўлади, бегим...

Рухшона ФАРРУХ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди