№14, 03.04.2014 ҲАЖВИЙ ҲИКОЯ
ҲАЗИЛ КУНИ
Зайнаб хола анчадан бери чолининг ўзига нисбатан муомаласи, бефарқлигидан ичида бир нарса дилини ғаш қилиб келади. Бир вақтлар қанақа эътиборли эди-я. Бирга боғларга чиқишиб сайр қилишиб келишарди, меҳмондорчиликларга бирга боришарди, ўртоқларининг тўйларига олиб борарди. Энди эса сен бормисан-йўқмисан, демайди. Уйга келибоқ набирасини ўйнатиб юргани-юрган. Кўчага чиқиб кетса умуман, уйда хотини кутиб ўтирганини ўйламайди ҳам. Зайнаб хола эса шу бепарво, тепса-тебранмас чолини ўйлагани-ўйлаган. Баъзан чолининг бу ишларидан кўнгли чўкиб, йиғлаб ҳам олади. Бугун чоли кўчага чиқиб кетаётиб унга қараб:
- Тайёрланиб тур, тушда бир ресторанга бориб тушлик қилиб келамиз - деб чиқиб кетгандан бери ўзини қўйгани жой тополмайди. Аввал қариганда кўчада етаклашиб юрсак, кўрганлар нима деркин, деб андиша қилгандай ҳам бўлди. Лекин кейин шунча йиллик умр йўлдошини бир айлантириб, меҳмон қилиб келмоқчи бўлгандир-да. Йўқ десам хафа бўлиб қолмасин, деб астойдил тайёргарликни бошлади. Аввал ҳовлига экилган ўсмадан олиб келиб сиқди. Ўсмани қўйиб бўлгач, уйдаги кўйлакларидан энг яхшисини олиб дазмоллади. Юзларини келинининг ширин совунини олиб чиқиб, обдон ювди. Келиннинг упа элликларидан ҳам фойдаланишни ёдидан чиқармади. Ўзини безаб бўлгач, чолининг кўйлакларини, шимларини ҳам дазмоллаб чиқди. Ўйлаб қараса, ўзи ҳам анчадан буён чолининг кийимларига қарамаган экан. "Чолимдан хафа бўламану, ўзим ҳам унга роса беэътибор бўлиб кетибман-ку, - деб кўнглидан ўтказиб қўйди. Келишига уйдаги муаммоларни айтаман, чарчагандирсиз демай набирасини қўлига бераман, кўчада қандай ташвишлар уни ўйлантираётганини сўрамайман ҳам".
Ана шу хаёллар билан эрининг туфлисини тозалаб, дўппиларини кўриб чиқди. Дўпписи ҳам анча ранги ўчиб қолганини сезди. Эндиги нафақам чиқса, албатта, битта дўппи олиб берай, деб кўнглидан ҳам ўтказди. Бир вақт онаси раҳматли доим унга ҳар хайит ёки байрамда совға олиш керак бўлса, дўппи совға қилиши ёдига тушди.
Зайнаб хола тушгача бутун вақтини чоли билан ресторанга боришга тайёрланиш билан ўтказди. Қаерга олиб бормоқчийкин-а? Бирор яхши ресторанни кўриб келганмикин? Аммо... аммо мана тушдан ўтяптиямки, чолидан дарак йўқ. Чой-пой ичиб олай деса, овора бўлиб ресторанга олиб борса қорним тўқ деб ўтирсам, сени бекорга олиб келибман-а, дермикан, деб чой ичгиси ҳам келмади. Тушдан бир соат ўтса ҳам дарак бўлмагач, бир тўрғам нон билан эрталабдан қолган совуқ чойни ичиб сал тамадди қилиб олди. Кўчага ўн марта бўлмаса ҳам, 7-8 марта чиқиб келди. Яхшиям келини уйига кетганди-я, бўлмаса роса уни олдида шарманда бўларкан-а.
"Одам ҳам шунақа бепарво бўладими, ваъда бериб қўйганман, кутиб кўзи тўрт бўлиб тургандир бечора, дейишни ҳам билмайди-я". Энди у астойдил хафа бўла бошлади. Келиб борамиз, деса ҳам бормайман, деган ўй ҳам хаёлидан ўтди. Эрталабдан бери тайёрлаган кийимларни ҳам қайтариб шифонерга илиб чиқди. Чой қайнатиб, ичиб ҳам олди. Лекин хафа бўлгани билан ҳали ҳам қандайдир умид учқуни бўлгани боис барибир кўп ичмади. Афсуски, чоли кечгача ҳам уйга келмади. Энди у хавотирга туша бошлади: бирор кўнгилсиз воқеа бўлган бўлса-чи? У энди чолига раҳми келиб, бошига бир иш тушган бўлса-ю, мен ўз ҳаловатимни, тушлик қилиб келишни ўйлаб юрган бўлсам-а, деб ўйлади.
Шомга яқин чоли кириб келди. Кирибоқ ҳеч нарса бўлмагандай:
- Таҳоратга сув борми? - деди. Идишларни ювишга иситган сув бор эди, уни қуйиб берди. Тезда таҳорат қилди-да, намоз ўқигани кириб кетди. Намозни ўқиб бўлгач, ташқарига чиқиб биринчи берган саволи набираси қаердалигини сўраш бўлди. Чорпояга ўтиргач. "Бугун нима овқат?" - деганди Зайнаб холанинг фиғони чиқиб кетди:
- Қанақа овқат? Сизга овқат ресторанда. Ўша жойга бориб еб келовринг! Сизга овқат бўлса-ю, набирангиз бўлса бўлди, бу уйда бошқа одамлар ҳам борлигини унутиб юборгансиз. Ресторанга борамиз, деганингиз учун тушлик қилмай оч қолдим-ку. - Зайнаб хола йиғлаб юборай-юборай деб чолига аччиқ билан қаради. - Қаерларда юрибсиз?
- Айтди-м, бу кампир қандай ўзига қарайдиган бўб қопти деб. Э, ҳалиям бугун ҳазил куни эканини билмадингми? Ахир биринчи апрел-ку! Зайнаб хола эса на кулишини, на йиғлашини билмасди...
Ғани МАЖИД.
|