№14, 03.04.2014 ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА
БАХТИНГНИ АВАЙЛА, ДУГОНАЖОН...
... "Қизим, бахт ҳеч кимга мукофотдек тутқазилмайди. Унга ўзинг эришасан. Қачонки, сабр-қаноат ва шукрни унутмасанг..." Бувим раҳматли айтган бу гаплар ҳаётим ҳикматига айланган.
Одатда, биз кексаларнинг гап-сўзларини эшитамизу, ҳар доим ҳам маъносига аҳамият беравермаймиз. Ҳаёт уммонида сузганинг, умр майдонида курашганинг сари доно элимиз томонидан айтилган ҳар бир ҳикмат ўрни билан айтилганига иқрор бўласан киши.
Бугун ишга келаётганимда сен қўнғироқ қилиб қолдинг:
- Яхшимисан, дугонажон? Ишларинг жойидами? Жуда ҳам зерикиб кетдим. Қайнонамнинг кўнглига қарайми, эримнинг инжиқлигини кўтарайми? Бир томонда болалар... Эҳ, жонимга тегиб кетди ҳаммаси...
Сенинг доимий ёзғиришларингга, нолишларингга кўникиб қолганман. Сени ўзгартиришга, ҳаётдан шукроналик туйғуси билан яшашни ўргатишга ҳар қанча уринмай, барибир ҳеч фойдаси бўлмаяпти...
- Ношукрлик қилмаяпсанми? Сенга неча марта айтганман-а, фарзандлари, оиласи бўла туриб зерикдим, деган аёл нафратга лойиқ. Нега зерикасан-а? Шукр қилмайсанми, бошингда эринг, қучоғингда фарзандларинг бор. "Жонимга тегди", деган иддао яхшиликка эмас...
Сенга узоқ гапирдим. Ҳаётнинг гўзаллигини, дунёнинг омонатлиги, неъматларнинг қадри... Куюнганим сари энсанг қотаверди.
- Нега тушунмайсан, ахир, ҳаётим бир хил. Эр дегани бундоқ байрамларда айлантириб келса, чиройли гуллар совға қилса, ўзи бежирим кийимлар олиб берса... Бирор жойга бориш керак бўлса, "онам билан борасан", деб қайнонамга қўшиб юборади. Байрам ё туғилган кунлар бўлса, қўлимга пул бериб, "ўзингга ёққан нарсани оларсан", дейди. Шу ҳам ҳаётми?..
- Ношукр бўлма, - дейман дугонамга. - Ёнингда яқин инсонларнинг борлиги ўзи бахт эмасми? Айтгин, сен қандай ҳаётни орзу қилгандинг? Ҳашаматли уй-жойинг, савлатли, топармон-тутармон, меҳнаткаш эринг, ширингина фарзандларинг, дуогўй ота-онанг, сен ва фарзандларингнинг камолини ўйлайдиган қайнона-қайнотанг борлигидан қувонишинг керак.
Дугонажон, арзимаган нарсаларни баҳона қилиб жанжал кўтарганинг, онамникига кетаман, дея аразлашларингга чидаётган эрингга, қайнота-қайнонанга раҳмат. Улар мулоҳазали кишилар экан. Аслида ўзинг ҳам яхши биласан, уч бола билан ота уйингга сиғмайсан. Кафтдеккина ҳовлида икки аканг оиласи билан яшашяпти. Тўхта, дугонажон, келинаяларингнинг ҳаётига разм солганмисан? Ҳеч қачон улардан ношукрлик, нолиш эшитганмисан? Бир солиштир-чи, сенинг турмушинг билан уларнинг турмуши орасида қанча тафовут бор экан? Катта аканг беш йилдан бери хорижда ишлайди. "Ўша томонда кимгадир уйланиб олган. Болаларига, хотинига онда-сонда пул жўнатишини айтмаганда, деярли рўзғор келинаямнинг бошида", дейсан. Ана шу келинаянг бировга дардини дастурхон қилганми? Ҳаётидан нолиб, ёзғириб юрганини ҳеч кўрганмисан? У бундай қилмайди. Чунки, билади, ношукрлик ҳаётини баттар абгор қилади. Қўлидаги бор нарсанинг ҳам баракасини кеткизади. Келинаянг шукр қилади. Тан-жони соғ, қўлида дипломи бор, ишлаяпти, куч-қуввати бор. Фарзандлари соғ-саломат.
Биласанми, дугонажон, бу дунёда инсон учун энг муҳим нарса - соғлиқ. Соғлиқ бўлмаса ҳеч нарса татимайди. Ким бахтли, соғлом киши бахтли. Кимнинг кўнгли хотиржам, ўзи ва яқинлари, фарзандлари соғлом кишининг кўнгли хотиржам. Ким бой, ўзи ва яқинлари соғлом, ҳар куни дори-дармон учун дорихоналарда сарсон юрмайдиган киши бой. Сен мана шу неъматлар қадрини унутиб қўймаяпсанмикан?
Турмушда, рўзғорнинг камини яшириб, кўпини ошириб яшайди аёл. Айниқса, бизнинг ўзбекчилигимизда оилавий ҳаёт хою-ҳаваслардан "ўлдим-куйдим"лардан узоқ бўлади. Сен буни жуда ҳам яхши биласан.
Маҳалламизда бир онахон яшайди. Турмуш ўртоғи оламдан эрта ўтиб, онахон олти болани беваликда бир ўзи ўстирган. Тақдирнинг қалтис ишларини қара-ки, ўша аёлнинг тўнғич ўғли мактабни тугатиш арафасида руҳий касалликка чалиниб қолди. Кимдир "ножоиз жойдан ўтиб қўйибди" деди, биров "уруғида жинни бор эди, насл сурди" деди, бошқа бир одам "жуда билимдон бўлгани учун кўз тегди" деди. Хуллас, тақдир экан, шу дардга йўлиқди. Битта қизи бор, уям туғма ногирон. Узатилмади. Иккинчи ўғлини уйлантирди аёл. Кейин учинчисини. Кутилмаганда иккинчи ўғил ҳам хасталаниб қолди ва вафот этди. Маҳалладош аёлга тақдирнинг синовлари шу билан тугамади. Кенжа ўғли ўн йил деганда фарзандли бўлди... Унинг аянчли қисматини нега сенга гапиряпман? Негаки, шу онахон бошидан шунча оғир кунларни ўтказиб, бирор марта ғамгин юргани, кўз ёшини одамларга кўрсатгани, нолиб-ношукрлик қилганини ҳеч ким кўрмаган! Энди ўзинг ўйла, нолишинг тўғримикан?! Дугонажон, ношукрлик қилиш яхшиликка эмас. Айт, сен муаммо деб айтаётган, сен фожиага айлантиришга уринаётган кам-кўстлар бошқаларда йўқмикан? Аслида улар айтишга арзимайдиган нарсалар. Уларни айтишдан сен уялишинг керак.
Ҳаётга теранроқ қара, дугонажон. Оилавий ҳаёт ҳар куни минг битта тўсиқни енгиб ўтишни тақозо қилади. Турмушда "фақат мен!", "ўзимники тўғри" деганлар муқаррар хатога йўл қўядилар. Бахтли ҳаётнинг асл мазмуни - ўзини яқинларга бағишлашдир. Турмушда ўзини ўйлаган, "ўзим" деган кимса жуфтига ҳеч нарса ҳадя этолмайди, фақат ўзига олишни, жуфтидан кутишни ўйлайди. Шу тариқа ундайлар муқаддас оиланинг мустаҳкамлигига путур етказадилар.
Айтмоқчи бўлганим, бахт ёнгинангда, дугонажон. Бахтинг-ни борида қадрла ва уни яна-да мустаҳкамла. Турмушингни обод қилиш масъулияти эрингдан кўра сенга кўпроқ боғлиқ. Унутма, сен турмуш ўртоғингга, жуфтинг эса сенга керак. Умид қиламанки, сен нима демоқчилигимни тушуниб етдинг. Бахтингга кўз тегмасин, дугонажон!..
Умида АЗИЗ.
|