№16, 17.04.2014 "ҚИЗ БОЛАНИНГ КАСБИ - УНИНГ БАХТИ"
Марҳамат туман ҳокимлиги, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари битирувчилари иштирокида "Қиз боланинг касби - унинг бахти" мавзусида фестиваль бўлиб ўтди.
Тумандаги умумтаълим мактаблари битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш, уларнинг ўзлари истаган ва қизиққан соҳаларда ўқишни давом эттиришларига кўмаклашиш мақсадида ўтказилган ушбу тадбир ёшларга ана шу масалада кенг маълумотлар тақдим этди.
Битирувчилар, уларнинг ота-оналари, педагоглар, касб-ҳунар коллежлари жамоалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган фестиваль очилишида сўз олганлар мамлакатимизда ёшларнинг ҳар жиҳатдан пухта билим олишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонлиги намоён этишлари учун яратиб берилаётган имкониятлар, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида гапирдилар.
- Марҳамат туманидаги 42 та умумтаълим мактаби ҳамда 2 та ДИМИни жорий йилда 3200 нафар ўқувчи тамомлайди, - дейди халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими мудири Муҳаммаджон Шоматов.
- Айни кунда уларни таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш, ўзлари қизиққан соҳаларда ўқишни давом эттиришлари учун зарур барча шароитлар яратиб берилмоқда.
Тадбирда битирувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Фестиваль доирасида ташкил этилган ўқувчилар томонидан тайёрланган қўл меҳнати буюмлари, бадиий ижод намуналари кўргазмалари, ёш санъаткор ва спортчиларнинг чиқишлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Х. ЛУҚМОНОВА, тумандаги 30-умумтаълим мактаби рухшунос-амалиётчиси.
|