№16, 17.04.2014 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
ЭЛГА СУЯНГАНГА ЭЛ ҲАМ СУЯНАДИ
Балиқчи тумани Хўжаобод қишлоқ фуқаролар йиғини Гузар маҳалласи тумандаги энг намунали маҳаллалардан бири ҳисобланади. Унда 2789 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Одамлар орасида ўзаро тотувлик туфайли маҳалла обод гўшалардан бирига айланган. Маҳалла ҳудудида трикотаж корхонаси, савдо шохобчалари, тикувчилик ҳамда нон цехларининг фаолият юритаётгани бу ерда яшовчи аҳоли учун барча қулайликларни яратмоқда.
Диний маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Одинахон Алимованинг жонкуярлиги туфайли маҳаллада тарбиявий ишлар ўз ўрнига қўйилган. Боқувчисини йўқотганлар, меҳнат ва болаликдан ногиронлар, кексалар ҳолидан хабар олиш, уларни турли байрамларда совға саломлар билан йўқлаб туриш одат тусига кирган.
- Маҳалламизда 608 та оила бор, - дейди маслаҳатчи опа. - Уларнинг 1461 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Уларнинг кўнглига йўл топиш, оғирини енгил қилишга вақтида маслаҳат ва кўмак беришга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, маҳаллада ишсизлик муаммосини ҳал этишга ҳам эътибор катта. Маҳалламиз ҳудудида трикотаж фабрикаси, тикувчилик цехлари мавжуд. Хотин-қизларнинг кўп қисми шу жойда иш билан таъминланган. Устоз-шогирд йўналишида ҳам иш ташкил қилганмиз. Мавлудахон Йўлбарсова маҳалла гузарида тикувчилик цехи очиб, 15 нафар қизга ҳунар ўргатмоқда.
Ҳа, истиқлол йилларида мазкур маҳалла тубдан янги қиёфага эга бўлди. Ободончилик, аҳолининг фаровон яшаши учун шароит яратиш маҳалла фаолларининг доимий юмушига айланди. Тўй ва бошқа тантаналар ихчамлаштирилмоқда. Турли маросимларни ўтказишдаги хунук ҳолатларга чек қўйишга эришилди. Бунда, дастурхончилар Чўлпоной Раҳимова, Манзурахон Саттарова, Одинахон Раҳматиллаева ҳамда отинойи Манзурахон Воҳидоваларнинг хизматлари катта бўлди. Натижада маҳалла аҳли исрофгарчиликка йўл қўймаслик орқали ўз турмушлари фаровонлигини таъминлашга эришди. Тўйларга эса миллий руҳ ва ўзгача файз кирди.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдулҳамид Саминов, фаоллар Баҳромжон Раҳмонов, Валижон Асқаров, Зафарбек Маҳмудов, Мавлудахон Йўлбарсова, Дилшодбек Маҳмудов, Ситора Назароваларнинг ҳамфикр-ликда ва ҳамжихатликда иш юритиши маҳалланинг нуфузини оширмоқда.
Ҳа, маҳалла эзгу ишлар остонаси. Ҳар қандай яхшилик, янгилик, урф-одат маҳаллада тарғиб қилинади, сайқал топади. Бугун ҳар бир маҳалла фаоли одамларни эзгуликка, яхшиликка, эргаштира олиши керак. Шундагина иш кўнгилдагидай рўёбини топади. Одинахон Алимова сингари ўз ишига фидойи маслаҳатчилар бу йўлда ҳамиша ибрат бўлиши аниқ. Зотан, элга суянганга эл ҳам суянади.
ЗУМРАДХОН
|