№16, 17.04.2014 БУГУННИНГ ГАПИ
"МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИ ОЧИЛИБ, ИШ СТАЖИГА ЭГА БЎЛСАК"
БУНДАН ЖУДА ХУРСАНД БЎЛАР ЭДИК, - ДЕЙДИ ОФИЦИАНТ АЁЛ.
Газетамизнинг 2014 йил, 6 февралдаги 6-сонида
"Официантликнинг нонини ейиш осонми?" номли
сарлавҳа остида официант (аслида ошхона хизматчиси) аёл фаолияти билан боғлиқ мақола берилган эди. Ўшанда ана шу иш билан машғул кишиларнинг меҳнат шароитлари, ҳуқуқлари, иш берувчи билан муносабатлари ҳақида мақола берилишини айтиб ўтган эдик.
Ўтган вақт мобайнида мақолани тайёрлаш мақсадида кўплаб ошхона ва кафеларда бўлдик, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдик. Баъзи ошхоналар эгалари ва ходимлари билан суҳбатлашиб, фикрларини ўргандик. Демак, қуйида ана шу мавзу доирасида фикр-мулоҳазаларимиз баён этилади.
Истиқлол шарофати билан юртимиз, хусусан, Андижонимиз кундан-кунга юксалиб, тараққий этиб бормоқда. Шунга монанд равишда хизмат кўрсатиш тизими ҳам ривожланмоқда. Айниқса, кафе, ошхона ва ресторанлар шу қадар кўпаймоқдаки, ҳар қадамда уларга дуч келасиз.
Бу каби ижобий жиҳатлар ҳар биримизни қувонтиради, албатта. Шу ўринда ана шу ошхоналарда кўрсатилаётган хизматлар, уларда хизмат қилаётган официнат қиз-аёлларнинг фаолияти ҳам яхши йўлга қўйилганлигини эътироф этишимиз керак.
Ҳозир қайси бир кафе, ошхона ёки тамаддихонага кирманг, катта-кичиклигига қараб 2-3 нафардан тортиб 10-15 нафаргача официант қиз-аёлларнинг ишлаётганлигини кўриш мумкин. Хўш, улар қандай тартибда меҳнат қилмоқда? Ана шу ошхоналар раҳбарлари уларни қай тартибда ишга қабул қилган? Улар учун меҳнат шароитлари яратилганми, уларга қай тарзда иш ҳақи тўланади, топаётган даромадлари официантларни қониқтирадими? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида айрим юртдошларимиз билан мулоқотда бўлдик.
Исмини ошкор этишимизни истамаган ошхона соҳиби:
- Ошхонамизда жами 14 нафар официант хизмат қилади. Улардан 7 нафари бугун ишласа, эртаси куни қолганлари ишлайди. Иш ҳақлари эса ўзаро келишув асосида, яъни бир кунда қанча мижозга хизмат кўрсатганига қараб берилади. Ўн минг сўмдан йигирма минг сўмгача, ишбай белгиланган. Шундай келишув асосида официантларни ишга қабул қилганман. Аммо улардан ҳеч қандай ҳужжат талаб қилмаганман, фақатгина фуқаролик паспортларининг нусхасини қабул қилиб олганман, холос. Официантларимиз 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган қиз-жувонлар бўлиб, улардан ўз ишларини чиройли адо этишларини, ҳаммаси бир хил фартукда бўлишларини, кийими билан ошхонанинг бошқа ишчиларидан ажралиб туришларини талаб қиламан.
Моҳигул ҲОШИМОВА, Андижон шаҳридаги "Нодира" ошхонаси официанти:
- Мен ишлаётган ошхонада биз ходимларга чиндан ҳам жуда яхши муомалада бўлишади, зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Официант аёлга ҳурмат билан қарашларини шу ерда ҳис қилдим.
Аввал ҳам шаҳримиздаги бошқа бир таниқли ошхонада ишлагандим. Аммо, у ерда биз аёл официантларга қилинадиган қўпол ва хунук муомала, нохуш муносабат туфайли бошқа жойдан иш излашга мажбур бўлгандим. Кўп ошхоналарда, сир эмаски, ҳеч қандай ҳужжатсиз ишга олишади. Бироқ ҳозир мен ишлаётган "Нодира" ошхонасида официантларни ишга қабул қилишдан аввал тиббий кўрик хулосаси талаб қилинади. Менимча, тиббий кўрикдан ўтиш қатъий қилиб қўйилганлиги нафақат мижозлар, қолаверса, ўзимиз учун ҳам фойдалидир. Бу ерда ҳар олти ойда, албатта, тиббий кўрикдан ўтамиз.
Қани энди бизга ҳам меҳнат дафтарчаси очилиб, иш стажига эга бўлсак. Бундан жуда хурсанд бўлардик.
Исмини ошкор қилишимизни истамаган официант аёл:
- Оғзаки келишув бўйича ишлайман. Ишлаётганлигимиз ҳақида ҳеч қандай ҳужжат юритилмайди. Ишимизни ошхона иш юритувчиси назорат қилиб туради. Иложи борича, кўпроқ мижозга хизмат кўрсатишга ҳаракат қиламан. Чунки, ҳар бир мижоздан 500 сўмдан хизмат ҳаққи оламан, менинг иш ҳаққим ана шу тарзда шаклланади. Баъзида 10-12 та, айрим кунлари 30-35 нафаргача мижозга хизмат кўрсатаман. Ишимизни ўзига хос оғир ва енгил томонлари бор. Тушлик вақтида, яъни соат 11.00 дан 14.00 гача жуда қаттиқ ишлаймиз, бу анча-мунча одамни толиқтириб қўяди.
Тан олиб айтиш керакки, официантларнинг иши енгил эмас, албатта. Уларнинг ишини кузата туриб бир нарсага амин бўласан киши. Эрталабдан кеч саот 6-7 гача (баъзи ошхоналарда 9-10 гача) турли кайфиятдаги хўрандаларга очиқ чеҳра билан хизмат қилишнинг ўзига яраша машаққатлари бор.
- Ҳар хил одам киради, бизга нисбатан турли муносабатда бўлади, - дейди шаҳримиздаги ошхоналардан бирида ишловчи официант аёл. - Шунга мос ўзимизни тутишга, чиройли муомалада бўлишга мажбурмиз. Баъзида айрим кишиларнинг кўполлигидан, муомала маданияти пастлигидан асабларим таранглашади. Ишимдан ҳам кўнглим совиб кетади. Лекин бошқа чорам йўқ, ишлашим керак. Уч нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим ҳам тайинли бир жойда ишламайди. Тирикчиликни ўтказишимиз керак-ку?!
Тўғри, бу соҳада ишлаётганлар орасида ножўя ишларга қўл уриб, кун ўтказаётган, даромад топаётганлар ҳам йўқ эмас. Лекин ана шулар туфайли шу иш билан шуғулланаётган барча қиз-аёлларни ёмон отлиғ қилиш адолатдан эмас. Умуман олганда, аксарият емакхоналарда официантларга қилинаётган муносабат айтарли даражада ижобий эмас. Аммо бу борада мақташга арзирли ошхоналар ҳам борки, уларнинг раҳбарлари, официантларни нафақат ўзлари ҳурмат қиладилар, балки овқатланишга келувчилардан ҳам ўз хизматчиларига яхши муносабатда бўлишни талаб қиладилар. Минг афсуски, айни кунда ана шундай тамаддихоналар бармоқ билан санарли холос.
Официантларнинг меҳнат муносабатлари бўйича қатор ошхоналар раҳбарлари, иш юритувчилари, официантлар билан суҳбатлашиб, фикрларини билишни сўраганимизда улар бу ҳақда гапиришдан ўзларини олиб қочдилар. Сабаби, оддий хизматчилар тайёр ишдан айрилишдан қўрққан бўлсалар, раҳбарлар фуқароларга иш бериш борасидаги мавжуд қонунчиликка амал қилмаётганликларини ошкор этишдан чўчидилар. Шу боис, бу борада ўрганишларимиз жараёнида юзага келган мулоҳазаларимизни айтишдан ўзга чорамиз йўқ.
Таъкидлаш жоизки, жуда кўп ошхоналарда иш берувчи ва ишловчи ўртасидаги муносабатларда меҳнат қонунчилигига амал қилинмайди.
Официантлар, умуман, ошхоналарда хизмат қилаётган бошқа ишчилар, ошпазлар учун меҳнат дафтарчаси очилса қандай бўлади, деган савол билан бир қатор ошхона эгаларига мурожаат қилдик. Айримлари бунга хайриҳохлик билдирган бўлсалар, аксарияти эса фикримизни эшитишни ҳам истамадилар. Ахир бу борада қонуний тарзда иш тутишнинг нимаси ёмон? Биринчидан, тартиб бўлади, ишловчи ҳам, иш берувчи ҳам ўз бурч ва масъулиятларини ҳис этади. Нима бўлганда ҳам ишлаётганлар иш ҳақи олмоқдалар. Энг муҳими, ана шу ошхонада иш қонуний тарзда юритилади, ортиқча гап-сўзларга ўрин қолмайди. Уларга меҳнат дафтарчаси очилса, ишловчи маълум миқдорда солиқ тўлайди, шу билан бирга, жамғариб бориладиган пенсия жамғармасига маблағ жамғаради, иш стажига эга бўлади. Бу иш берувчи учун ҳам, ишловчи учун ҳам фақат фойда келтиради.
Шунингдек, ошхона эгалари официантларни ишга қабул қилишда тиббий кўрикдан ўтишлари, озодаликка, муомала, кийиниш маданиятига эътибор қаратсалар фойдадан ҳоли бўлмасди.
Гоҳида ўта замонавий, европага хос очиқ-сочиқ кийинган официант қиз-жувонларнинг бепарда хатти-ҳаракатлари асабни бузади. Уларнинг ноз-ишвасига "маҳлиё" айрим кишилар эса гуручни курмакдан ажратолмай қолмоқдалар. Фикримизча, ана шундайларнинг кўнгил майлига эрк бермаслик учун официантларнинг одоби, ахлоқи, маданий-маънавий дунёқарашларини ҳам инобатга олиш, уларда одоб, ахлоқ жиҳатларини юксалтириш борасида тарбиявий ишларни олиб бориш ҳам муҳимдир.
Зилола РАҲМОНОВА.
|