№17, 24.04.2014 "УСТОЗ-ШОГИРД" АНЪАНАСИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан "Устоз-шогирд анъаналарини такомиллаштириш, тиббиёт коллежлари талабаларини амалиёти учун яратилган шарт-шароитлар" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Андижон шаҳар болалар шифохонасида тиббиёт коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш, диплом олди амалиётларини самарали ўташларини ташкил этишга бағишланган семинарда туман ва шаҳарлар тиббиёт бирлашмалари мутасаддилари, тиббиёт коллежлари раҳбарлари, таълим муассасаларида битирувчиларнинг амалиёт ўташлари учун бириктирилган масъул ходимлар, битирувчи ёшлар иштирок этиб, мазкур йўналишдаги ишларни янада яхшилаш юзасидан ўзаро фикрлашдилар.
Дастлаб семинар иштирокчилари шифохона бўлимларида амалиёт ўтаётган ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар, амалиёт ўташ жараёнлари, ўқув хоналари, ишни ташкил этиш бўйича тўла маълумотларни ўзида акс эттирган кўргазмалар ҳамда шифохонада "устоз-шогирд" анъанаси асосида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
Семинарда даволаш-профилактика муассасаларида тиббиёт коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётини ташкил этиш, уларни ишга қабул қилиш тартиби, тиббиёт ҳамшираси этикаси сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди. Маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
З. АБДУЛЛАЕВА.
|