Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Янгиликлар

№17, 24.04.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУДИНИНГ 60 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

АНДИЖОНДА АДАБИЁТ КУНЛАРИ

Вилоятимизда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағишланган адабиёт кунлари ўтказилди.

Юртимизда муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 27 декабрдаги "Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, шоирнинг қутлуғ санасини муносиб кутиб олиш, унга юксак эҳтиром қўрсатиш борасида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, шоир туғилиб ўсган диёр Андижонда ҳам кўплаб ана шундай тадбирлар, шеърият кечалари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али бошчилигида республикамиз пойтахтидан, шунингдек, Қорақолпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардан ташриф буюрган таниқли шоир ва адиблар, кенг жамоатчилик вакиллари, вилоятда яшаб, ижод қилаётган қаламкашлар, санъаткорлар, ёш ижодкорлар ҳамда адабиёт мухлислари иштирокидаги адабиёт кунлари тадбирлари Марҳамат туманидан бошланди.

Адабиёт ва шеърият байрамига айланган тадбир қатнашчилари дастлаб Марҳамат туманидаги Қорақўрғон қишлоғида бўлиб, шоир дафн этилган Ғиштмозор қабристонини зиёрат қилдилар. Муҳаммад Юсуф ўсиб, улғайган хонадонда, шунингдек, у таҳсил олган 25-умумтаълим мактабида бўлдилар. Адабиёт кунлари тадбири доирасида мазкур ўқув муассасасида бир қатор тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, тумандаги умумтаълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар колежлари ўқувчилари ўртасида "Муҳаммад Юсуф ҳамиша барҳаёт" мавзусида иншолар, мақолалар танловлари ҳамда тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди.

- Тадбирларимизда нафақат, Андижон, балки қўшни Фарғона ва Наманган вилоятларидан мураббийлари бошчилигида ташриф буюрган ўқувчи-ёшлар иштирок этдилар, - дейди 25-умумтаълим мактабининг директори Умидахон Раҳматуллаева. - Танловларимиз мушоира ва шеърхонлик кечаларига уланиб кетмоқда. Адабиёт сайлига айланиб кетган тадбир, шубҳасиз, ҳар бир иштирокчининг қалбида умрбод муҳрланиб қолади.

Шу куни тумандаги "Турон" ўқув марказида мўъжаз хотира хиёбони ҳамда Муҳаммад Юсуф музейининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Меҳмонлар ва Марҳамат аҳли иштирокидаги ушбу тадбир ҳам ҳақиқий шеърият байрамига айланди. Кечада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоирлари Маҳмуд Тоир, Тўлан Низом, таниқли ижодкор Мунаввара Тошпўлатова ва бошқалар сўз олиб, Муҳаммад Юсуф ижоди, ундаги юксак инсоний фазилатлар ҳақида гапирдилар. Шоир шеърларидан намуналар ўқил-ди. Шундан сўнг Марҳамат қурилиш ва индустриал касб-ҳунар коллежида анжуман бўлиб ўтди.

- Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф Ватан мавзусини чуқур очиб бера олган халқимизнинг забардаст шоирларидан бўлади, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Хуршидабону Қўчқорова. - У ўзининг бетакрор асарлари билан халқнинг дардини, қалбидаги қувончу шодликларни, халқига, она юртига муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган ўзига хос ижодкор эди.

Адабиёт байрамининг иккинчи куни Шаҳрихон туманида давом этди. Шаҳрихоннинг гўзал ва сўлим Мингчинор дам олиш масканида "Муҳаммад Юсуф - миллий тикланишнинг толмас куйчиси" деб номланган тадбир ҳамда адабиёт мухлислари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Шу куни адабиёт кунлари доирасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Фарғона водийси ёш ижодкорларининг "Шаҳрихонсой мавжлари" анжумани ҳамда республика Ёзувчилар уюшмасининг "Истеъдод мактаби" анжуманининг минтақавий босқичи ҳам бўлиб ўтди.

Анжуманда наср, назм, таржимонлик, болалар адабиёти ва публицистика йўналишларида қалам тебратаётган ёш ижодкорлар ўз истеъдод ва маҳоратларини намойиш этдилар.

Анжуманда фаол қатнашган бир гуруҳ ёш ижодкорлар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Эл ардоғи ва эъзозини топган шоир Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан ўтказилган адабиёт кунларининг якуний тадбири З. М. Бобур номли вилоят мусиқали драма ва комедия театрида бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али ва бошқалар миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантиришга, халқимиз маънавияти, тафаккурини юксалтиришга, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтиришга ўзининг ёрқин истеъдоди, бетакрор бадиий асарлари ва ибратли ижтимоий фаолияти билан салмоқли ҳисса қўшган Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирдилар. Ижодкорларнинг шоир ҳақидаги шеърлари, шоир шеърлари билан айтилган қўшиқлар, умуман, таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури барчада катта таассурот қолдирди.

Андижонда Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағишланиб ўтказилаётган адабий анжуман ва тадбирлар давом этмоқда.

Сожида САИДОВА.

Хосият СИДДИҚОВА,

Моҳимбону СОБИРОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди