№17, 24.04.2014 ШОИРГА ОҚ ЙЎЛ ТИЛАГАН МАСКАН
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф халқимизнинг ардоқли шоирларидан ҳисобланади. У ўзининг бетакрор асарлари билан халқнинг дардини, қалбидаги қувончу шодликларни, халқига, она юртига муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган ўзига хос ижодкор эди.
Халқ ҳурмати ва эҳтиромини топган шоир бугун орамизда йўқ бўлса-да, унинг номи, ижоди тилларда достон, шеърлари эса минглаб қалбларга қувонч, самимият, маънавий гўзаллик улашаётгани айни ҳақиқатдир. Халқ ўзининг ардоқли шоирини асло унутгани йўқ.
Қалби, юриш-туриши ўзидай содда Муҳаммад Юсуфда Худо берган иқтидор бор эди. Унинг қалби болалигидан адабиётга, шеъриятга ошуфта бўлди. Ана шу ошуфталик йиллар давомида ўсди, сайқалланди ва йиллар ўтиб, уни халқнинг суюкли шоирига айлантирди.
- Муҳаммаджон ёш пайтидан ўзгача бўлган, ҳар нарсага қизиқувчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди, - дейди шоирнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлган, меҳнат фахрийси Сайдуллохон Тожихонов. - Далаларда қўй-мол боқиб юрганда ҳам шеър айтиб юрарди, қўшиқ хиргойи қиларди. Айниқса, у қишлоқ табиатининг гўзалликларини, ариқларда оқаётган сувнинг зилоллигини кўриб яйраб кетарди, одамлар билан кўришганда дилдан, самимий суҳбатлашарди.
Ҳа, юртимизнинг чекка ҳудудларидан бири бўлган Марҳаматнинг Қовунчи маҳалласи ўзининг гўзал табиати, қолаверса, шу мўъжаз масканнинг сахий одамлари шоирга чексиз илҳом берган.
Муҳаммад Юсуфнинг ўзи бир суҳбатида шундай деган эди: "Мен шеърий илҳомни туғилган гўшамдан оламан. Шунинг учун тез-тез Марҳаматга бориб келаман. Йиллаб она қишлоғига бормайдиган шоирларга ҳайронман: қандай қилиб шеър ёзар эканлар.
...Қишлоғимнинг тупроғи менга илҳом бағишлайди, шунинг учун Марҳаматга борсам, оёқ кийимларимни ечиб ялангоёқ юришни ёқтираман. Шунингдек, уйимга борганимда энг севган машғулотим онамнинг тиззасига бошимни қўйиб ётаман". Бу шоирнинг дил сўзлари, қалб иқрори эди.
Марҳум шоир кўплар ибрат олса арзийдиган инсоний фазилатлар соҳиби эди. Ундаги она қишлоғига, юртига муҳаббат, меҳнатсеварлик, мақсадга интилиш, камтарлик, олийжаноблик, яқинларига, дўстларига садоқат хислатлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.
- Муҳаммаджон болалигидан жуда камтар, сахий, дўстларига меҳрибон эди, - дейди шоирнинг синфдош дўсти Расулжон Раимов. - Дўстларимиздан кимдир касал бўлиб қолганини ёки бошига мусибат тушганини эшитса, келиб холидан хабар оларди, кўнглини кўтарарди. Яна у бир сўзли, кимга нима ваъда берса, албатта, сўзининг устидан чиқар эди. Шу боис ҳам болаликдаги дўстлари орасида нафақат машҳур шоирлиги билан, балки инсонийлиги билан ҳам катта ҳурмат-эътибор топганди.
Юртини, халқини севган шоир нафақат ижодда, балки инсонийлик борасида ҳам ибратли ҳаёт соҳиби эди. Айниқса, ўзи туғилиб ўсган, унга оқ йўл тилаган қадрдон гўша ҳақида ёзганлари ҳар қандай кишининг қалбига яқин бўладиган гўзал сатрлардир. Зотан, унинг шеърлари ҳар бир ўзбекнинг қалбида юртга муҳаббат ва эҳтиром туйғуларини тарбиялаши шубҳасиз.
Фахриддин
ИБАЙДУЛЛАЕВ.
ШОИРИМ
Кўнгил мулкига ташриф айлангиз бир сония,
Ўзни султон бизни қул сайлангиз бир сония,
Бир томон зар, шеър қўйиб танлангиз бир сония,
Сизни эслаб, ёд этмоқ бизга фарздир, шоирим.
Илоҳий муҳаббатга, садоқатга ошно қул,
Таърифида бинафша, қизғалдоғи, қизил гул,
Ёрига туҳфа соғинч меҳридан қалашган нур,
Сизни эслаб, ёд этмоқ бизга фарздир, шоирим.
Бевафо кўп экан деб, йиғлаётир сулув қиз,
Анорзорни туш кўриб тўлғонади маҳзун куз,
Сирдошига айланар сафсар товланиб ялпиз,
Сизни эслаб, ёд этмоқ бизга фарздир, шоирим.
Боласидай бағрида олиб ётган момо ер,
Райҳон исли боғларда ўқиб, ўқилмаган шеър,
Ёниб яшаган шоир ўлмаган, ўлмайди дер,
Сизни эслаб, ёд этмоқ бизга фарздир, шоирим.
Андижон томон елар кўкламой атирлари,
"Улуғимсан, Ватаним" дурдона сатрлари,
Шоирим шунча улуғ тоғ қадар қадрлари,
Сизни эслаб, ёд этмоқ бизга фарздир, шоирим.
Мукаррама Ғанижон қизи.
|