Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№17, 24.04.2014

ЁДНОМА

ШОИРНИНГ "МУҲИМ ИШИ"

Чин инсоний фазилатлари, камтарлиги, оддий ва самимий суҳбатлари, кишини ўзига ром қила оладиган феъли билан менда ўзига хос таассурот қолдирган шоир Муҳаммад Юсуф билан 1997 йилда танишган эдик.

Ана шу боис Андижондан Тошкентга боришим биланоқ энг аввал Муҳаммад Юсуф билан учрашувга ошиқар эдим. Кўпинча, уни кўриш учун Республика Ёзувчилар уюшмасига борардим. Суҳбатимиз баъзан соатлаб давом этарди. Шоир кўнглининг тўғрилиги, ҳалоллиги, шукрона келтириши, кишини эзгуликка чорловчи хислатлари, табиийки, суҳбатдошига ҳам юқишини сезиб олардим. Ҳар гал бир-биримизга "Сиз билан ака-укамиз", дейишни унутмасдик. Тошкентдаги дийдор манзилимиз "Дилкаш" манзили бўларди. Баъзан суҳбатларимизга Нуриддин Ҳайдаров, Охунжон Мадалиев каби дўстларни ҳам таклиф этиб, кўпинча, менинг Миробод яқинидаги уйимда гурунглашардик.

2000 йилнинг январь ойида Президентимиз Андижонга ташриф буюриб, вилоятимиз фаоллари билан учрашдилар. Ўшанда улар Муҳаммад Юсуф тўғрисида жуда чиройли, илиқ сўзларни, самимий фикрларни айтиб ўтдилар. Унинг Андижон фарзанди эканлигини таъкидлар эканлар (ўшандаги Муҳаммад Юсуфнинг кўриниши кўз олдимдан сира кетмайди), оддийгина, самимий ва меҳрибон жил- майиб турган Муҳаммад Юсуф давлатимиз раҳбарининг ёнида, минбарда, табассум ила ийманибгина турарди. Мен бўлса унга "ука" сифатида бу ҳолатдан ўзимга сиғмай, ғурурланиб кетдим.

Шу куннинг эртасига Муҳаммад Юсуф билан яна кўришдик. Унинг айтишича, Муҳаммад акани вилоят ҳокими қабулига чақириб, ижодига омад тилаб, катта хизматларини юксак баҳолаб, унга Марҳаматнинг хоҳлаган жойидан ер танлашини ва оиласи учун янги уй қурдириб беришини айтибдилар. Бу сўзларни эшитиб "Сиз нима дедингиз", деб сўрадим.

- Шарт эмас, - дедим, яшашга уйим бор-ку, бошқасини нима қиламан, дедилар.

Ўшанда бу инсоннинг бошқалардан тубдан фарқ қилишига, "ўзим бўлай" дейиш ва худбинликдан йироқ эканига яна бир бор гувоҳ бўлдим.

2001 йилнинг январь ойида Тошкентдан Неъматжон деган шогирдим телефон қилиб, мени Муҳаммад Юсуф Тошкентга чақираётганини, муҳим иши борлигини айтди. Тезда йўлга отландим. Буни қарангки, хассос шоирнинг "муҳим иши" мени туғилган куним билан алоҳида табриклаш экан. Совға сифатида Тошкентдаги бир шинам жойда зиёфат ҳозирлигини кўриб қўйган эканлар.

Шоирлар, яқин қадрдонлар қатнашган ана шу кечада ажойиб шеърлар ўқилди, дилтортар қўшиқлар янгради, самимий тилаклар билдирилди. Муҳаммад Юсуфнинг менга муносабати, айниқса, бошқача эди. Менинг назаримда, бу дўстнинг- дўстга чинакам меҳр оқибати эди. Мен буни бир умр унутмайман...

2001 йил ёзда бир дўстимиз билан қўшни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига икки кунга иш билан боришга тўғри келди. Шу куни ишхонамга Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани ҳокимлигидан қўнғироқ бўлибди. Келибоқ Элликқалъа туманига қўнғироқ қилдим, ҳоким билан гаплашдим, унинг айтишича, Муҳаммад Юсуф хизмат сафари билан у ерга борган, бироқ тўсатдан тоби қочиб, шифохонага тушган, шунда у: "Шаҳрихонда Комилжон Отахонов деган укам бор, илтимос уни чақиринглар" деган эканлар. Минг афсуски, мен олисда эдим. Мени топа олишмабди. Муҳаммад аканинг оламдан ўтгани, уни самолётда Андижонга олиб кетишганини айтганларида не ҳолга тушганимни ҳозир тасвирлай олмайман.

Муҳаммад Юсуф умрининг сўнгги дақиқаларида мени йўқлаганида ёнида бўлолмадим. Унинг менга "айтари" ичида қолиб кетгани менга туганмас армон бўлиб қолди.

Элимизнинг бошига тушган бу катта йўқотишдан ҳеч қанча ўтмай шоирнинг "Улуғимсан, Ватаним" китоби нашрдан чиқди.

Халққа туҳфа бўлган янги китобни варақлар эканман, бебаҳо битиклар орасида "Шаҳрихон" номли шеърга кўзим тушди. Қарангки, унинг сўнгги мисраларида менинг исми шарифим бор эди. Ҳайратдан бир нарса бўғзимга тиқилгандай бўлди. Кучли ҳаяжон мени қамраб олган эди. Одатда, Муҳаммад ака янги ёзган шеърлари билан ҳали матбуотда чиқмай туриб мени таништириб борарди. Лекин бу шеърни менга ўқиб бермаган эканлар.

Халқимизнинг "берганини унутиб, олганини унутмайдиган" танти боласи эди у. Муҳаммад Юсуф миллионлаб мухлислар қатори менинг хотирамда ҳам бир умр яшайди.

Комилжон ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Андижон вилоят кенгаши раиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди