№17, 24.04.2014 ЭТЮД
БАҲОР ШУНДАЙ ФАСЛКИ...
Узоқ-узоқлардан инсон танига шифо берадиган майин шабода эсяпти. Чунки ўлкамизга баҳор фасли кириб келди. Ҳамма ёқда ўрик, шафтоли дарахтлари оппоқ, қийғос гуллаб, теварак-атрофга янада файз киритди. Инсонлар бир орзу йўлида, яратувчилик иштиёқида, далаларда меҳнат қилишга отланишган.
Сокин баҳорни кўрган Ғани бобо қўлига белкурак олиб, она заминга маҳлиё бўлганича ўрик кўчати ўтқазмоқда. Ёнида турган набираси Зокир бобосига "Белкуракни менга беринг, чарчайсиз", дейди.
"Ҳа ўғлим, энди ер чопишга қувватим етмай қолибди. Ўрганган кўнгил-да. Ҳар баҳор келганда мева кўчатларини ўтқазиш менга одат бўлган... Мана шу сен кўриб турган боғимиздаги дарахтларни, ўрик, шафтоли, бодомларни бундан 20 йилча олдин эккан эдим. Боғ ўз-ўзидан кўкармайди, ўғлим. Мева дарахтларини вақтида эксанггина боғ ҳамиша гуллаб туради.
Сенга насиҳатим: ҳар йил баҳорда фурсатни ўтказмай кўчат эк. Шунда она заминга муҳаббатинг ошиб боради. Ҳар баҳор келганда қалбингда яратувчилик иштиёқи уйғонади. Мана белкурак олақол. Бу ўрик кўчатини ўтқаз", деди бобо.
Баҳор шундай фаслки, унда барча дарахтлар уйғонган, она замин гуллаб-яшнаган фасл бўлади.
Сайёра САРВАРБЕК қизи.
|