№17, 24.04.2014 ДИЛ ТУҒЁНИ
ТАЪҚИБ
Қачон қарасам, осмон менга тикилиб тургани-турган.
Кундузлари қуёш қувлайди...
Кечалари ой изимдан қолмайди сира.
Синчков нигоҳлардан ҳижолат бўлиб, юраётган оёқларим алмашиб кетади. Йиқилай дейман.
Баъзан қатъий боқиб мени кузатаётган нигоҳларни қидира бошлайман, ҳу ўша момиқдай булутларнинг қучоқларидан, тунлари сочилган марварид доналаридай жимирлаб турган юлдузларнинг атрофларидан...
Юрагимда ҳижолатли ҳаяжон билан бирга қандайдир ҳаловатнинг ҳам бўй чўзаётганини сезаётгандай бўламан. Чунки бу нигоҳлар ёвуз туйғулар, изтиробли ўйлар ва ёмон мақсадлардан хаёлларимни ўзига тортиш орқали сақлаётгандай туюлади гўё. Астагина бу ҳолатлар дилимга хотиржамлик ва қалбимга уйғоқлик сингдираётгандай.
Кеча ва кундузни бағрига жойлаган олис осмоннинг меҳрибон нигоҳлари вужудимга ёқа бошлайди. Уларнинг мавжудлиги инсоннинг ҳар қандай ҳолда ҳам ёлғиз эмаслиги, ҳеч бир они назоратсиз қолмаётганлигини англатиш учун яралгандай туюлаверади...
Умида ИСМОИЛОВА,
Избоскан тумани.
|