№17, 24.04.2014 ТАЛОҚ СЎЗИ - АРШНИ ЛАРЗАГА КЕЛТИРАДИ
Аллоҳ Таоло инсонларни ахлоқий бузуқликдан қайтарадиган асосий омиллардан бири сифатида никоҳни жорий этган. Жамиятда вояга етган ҳар бир ўғил-қизга никоҳдан ўтиш ва оила қуриш фарз қилинган.
Оила инсонларнинг бахту саодатини таъминловчи қўрғондир. Турмуш қурган ва турмуш қуриш арафасида бўлган ҳар бир мусулмон никоҳ ва талоқ масалалари ҳақида муайян тушунчага эга бўлишлари шарт.
Талоқ - луғатда "бўшатиш", "қўйиш" маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, "эр-хотин ўртасидаги никоҳ аҳдини бузиш" маъносини англатади. Ислом шариати таълимотида гарчи баъзи ҳолатларда талоқ қилишга ижозат берилган бўлса-да, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам талоқ сўзининг айтилишини Аллоҳ Таоло ёқтирмайди. Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадиси-шарифда Расулуллоҳ (с.а.в) "Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга ёқимсизроғи - талоқдир" деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Демак, Аллоҳ Таоло талоқ лафзининг ишлатилишини, оилаларнинг бузилиб, пароканда бўлиши яхши эмаслигини уқтиради. Талоқ сўзи айтилган вақтда Аллоҳнинг Арши ларзага келиши ҳақида ҳам ҳадиси шарифда айтилган.
Талоқ сўзининг маъносини тушунмай, беҳудага айтавериш гуноҳ саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в) "Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: талоқ, никоҳ, қул озод қилиш" деганлар. Айниқса, ёшларимиз шуни яхши билсинлар, зеро, ҳазиллашиб айтилган талоқ ҳам шариатда эътиборга олинади.
Абу Хурайра (р.а) дан ривоят қилинади: "Набий (с.а.в) Аллоҳ менинг умматимдан кўнглидан ўтказган нарсасини кечиб юборди - мадомики, талаффуз қилиб айтмаса, ёки амалга оширмаса", дедилар (Имом Муслим ривояти). Демак, бир одам ичида "Хотинимни талоқ қилдим", деса, талоқ тушмайди, аммо овоз чиқариб айтса, талоқ бўлади. Хат ёзиш орқали талоқ қилинса, бировни хабарчи қилиб юбориб, ўша орқали талоқ хабарини етказса ҳам талоқ тушади. Шунинг учун бу нарсада жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак.
Маълумки, эркак киши аёл кишига қараганда табиатан босиқ, мулоҳазали, жаҳлини жиловлай билгани боис, талоқ бериш ҳуқуқи ҳам эрга берилган. Албатта, оила бошлиғи бўлиб, ўз қармоғидагиларни таъминлаш, оиланинг шаънини сақлаш, эркаклар учун шарафли ва масъулиятли бурчдир. Шундай экан, эркаклар ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилмасликлари, ажралиш ниятлари бўлган тақдирда ҳам талоқ сўзини айтмасликлари зарурдир.
Шу ўринда баъзи бир аёлларга эслатиб қўйиш лозим. Одатда айрим аёллар сал нарсага турмуш ўртоғига "Ундай бўлса, менинг жавобимни беринг, талоқ қилиб, қўйиб юборинг", деб эрнинг хаёлида ҳам йўқ нарсани кўндаланг қўйиб, туриб оладилар. Бунинг оқибатида эркак киши талоққа мажбур қилинади. Ваҳоланки, Савбон (р.а) дан ривоят қилинади: "Набий (с.а.в): "Қай бир аёл сабабсиз ўз эридан талоқ қилишини сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам харом бўлади", дедилар.
Албатта, ҳар бир мўмина-муслима аёл бу ҳадиси-шарифнинг маъносини ўзига яхшилаб сингдириб олмоғи керак. Турмушда ҳар хил ҳолатлар, руҳий зўриқишлар, етишмовчиликлар бўлиши табиий ҳол, албатта. Эркаклар ҳам хато қилиши, баъзида билиб билмай зулм қилиб қўйиши ҳам мумкин. Лекин ўшандай ҳолатда талоқни талаб қилмасликлари керак. Эркаклар ҳам ўзларини бу сўзни айтишдан сақлашлари лозим.
Тилга эрк бериб, талоқ сўзини айтиш, номаъқул ишлардан бўлиб, уни айтган киши Раҳмоннинг ғазабини келтирган бўлади.
Ривоятларда айтишларича, ҳар тонгда шайтон ўз малайларини одамлар орасига юбориб, куннинг охирида уларнинг нима иш қилганлари бўйича сўрар экан. Шундай кунларнинг бирида малайларнинг бири: "Мен бугун икки дўст орасига низо уруғини сепиб, уларни душманга айлантирдим", дебди. Иккинчиси "Мен ака-укани бир-бирига юз кўрмас қилиб юбордим" деса, шайтон уларга: "Сенлар мақтанишга арзигулик ҳеч қанақа иш қилмабсанлар", деб танбеҳ берибди. Шу вақт малайларидан яна бири: "Мен бугун тинч-тотув яшаётган бир оиладаги эр-хотиннинг орасига тушиб, эрни хотинга қайраб, уруштириб, унга талоқ сўзини айттирдим", дебди. Буни эшитган шайтон хурсанд бўлиб: "Ҳаммасидан ҳам сенинг ишинг мақтовга лойиқ бўлибди", дея, ўша малайига иззат-икром кўрсатган экан.
Аллоҳ Таоло барчаларимизни шайтоний васвасалардан асраб, оилаларимиз билан мустаҳкам, жаннатмакон юртимизда тинч-тотув ва фаровонликда ҳаёт кечиришлигимизни насиб айласин.
Салимжон ЮНУСОВ,
Избоскан тумани, Чувама
қишлоғидаги "Умар ибн Хаттоб" жомеъ масжиди имоми,
Нодирбек ТЎРАБОЕВ,
Андижон "Сайид Муҳитдин маҳдум" ўрта махсус ислом билим юрти маънавий ва маърифий ишлар бўйича раҳбар ўринбосари.
|