№17, 24.04.2014 "СОҒЛОМ ҲАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.
МУЛОҲАЗА
СУВ БИЛАН БОҒЛИҚ МУАММОЛАРНИНГ ЕЧИМИ БОРМИ?
Сув тақчиллиги муаммосини икки гуруҳга бўлиш мумкин. Яъни, табиий ва инсон фаолияти туфайли юзага келган муаммолар. Табиий муаммоларга иқлимнинг ўзгариши, ёғингарчиликнинг ёки сув ресурсларининг йил давомида ёки йиллар давомида нотекис тақсимланишини мисол қилсак, инсоният таъсиридаги муаммоларга сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш ва сувни ифлослантиришни мисол қилиш мумкин.
Муаммонинг яна бир долзарб жиҳати шундаки, сув ресурслари етарли бўла туриб, ундан оқилона фойдаланмаслик оқибатида баъзида сув тақчиллиги юзага келмоқда. Бунинг асосий сабаби суғориш тармоғининг юқори қисмида жойлашган сув истеъмолчилари сувни ўзбошимчалик билан тасарруф қилаётганликларидир. Бундай суғориш натижасида ортиқча сув ер остига шимилиб, сизот сувлар сатхи кўтарилади. Ҳаво ҳарорати ошганда сувнинг буғланиши туфайли сизот сувлар таркибидаги тузлар ер юзасига кўтарилиб, шўрланиш хавфи вужудга келади. Экинни суғоришга сарфланган меъёрдан ортиқ сув ерларнинг мелиоратив ҳолатини бузилишига, ер ости сувлари сатҳининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.
Йилдан-йилга аҳоли сони кескин ўсиб бормоқда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ҳам шу йўсинда ортмоқда, экин ерлари эса қисқармоқда. Охирги 10 йилда сув ресурслари сезиларли даражада камайди, сувга эга бўлиш, керагича ишлатиш тобора қийинлашиб бормоқда. Шу боис, сувнинг ҳар бир томчисидан унумли фойдаланиш ва ўша томчи эвазига олинадиган маҳсулот миқдорини кўпайтиришни ўйлашимиз зарур. Мисол қилиб олсак, охирги йилларда интенсив боғлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки интенсив боғлар, мевага тез киради, ҳосилдорлиги анча юқори, суғоришда эса томчилатиб суғориш технологияси қўлланилиши ҳисобига сув сарфи кам бўлади.
Сув ресурсларининг асосий қисми қишлоқ хўжалигида, яъни аҳоли учун озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга сарфланади. Аммо бу экин майдонларини кенгайтириш ва сувни кўпроқ сарфлаш, дегани эмас. Балки ернинг ва сувнинг маҳсулдорлигини оширишга эътибор қаратишимиз зарур бўлади. Мавжуд ерларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини 2-3 баробарга ошириш, сарфланаётган сувни эса 1,5-2 баробарга камайтиришга эришишимиз керак.
Сувга бўлган муносабатни ўзгартирмасдан сув муаммосини ҳал этиш мумкин эмас. Бунинг учун кенг жамоатчилик, юртимизнинг ҳар бир фуқароси сув ресурсларидан оқилона ва унумли фойдаланиш бўйича муайян билим ва малакага эга бўлиш лозим. Келинг, ўз уйимизда, маҳалламизда, даламизда сувни иқтисод қилишга, уни исроф қилмасликка ва ифлослантирмасликка, сувдан фойдаланиш, уни истеъмол қилиш тартиб-қоидаларига риоя қилайлик!
Шуҳратбек ЭРГАШЕВ,
Норин-Қорадарё ирригация
тизимлари ҳавза
бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.
шифокор минбари
БОЛАЛАР СОҒЛИГИГА
БЕЭЪТИБОР БЎЛМАЙЛИК
Юртимиз узра кўклам нафаси кезиб юрган бир вақтда табиатда ҳам қатор ўзгаришлар содир бўлмоқда. Об-ҳавонинг тез ўзгарувчанлиги эса табиийки, саломатлик ҳақида қайғуришга, организмни турли касалликларга чалинишдан ҳимоялашни талаб этади.
Катта ёшли одамлар организми ёш болаларникидан кўра ташқи муҳит таъсирига мослашувчан бўлгани боис, ўзгарувчан баҳор ҳавосида кичкинтойларга кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Бунда, энг аввало, фарзандларимизнинг таомномаси алоҳида аҳамият касб этади. Азалдан бу фаслни "иликузди" вақт деб бежиз айтишмаган. Дарҳақиқат, баҳорги дармонсизликлар, қоннинг кескин камайиб кетиши, иммунитетнинг пасайиши каби нохуш ҳолатларнинг олдини олишда сервитамин, каллорияли озиқ-овқатлар, мева- сабзавотлар истеъмоли катта ўрин тутади. Айниқса, ҳозир турли кўкатлар, исмалоқ, жағ-жағ, отқулоқ сингари дармондориларга бой ўсимликлардан тайёрланган сомса, чучвара ва бошқа таомлар болалардаги касалликларга бўлган ҳимояни оширишга хизмат қилади.
Баҳорда ёш болаларда кўп учрайдиган анемия, яъни қон камайишини бартараф этишда ҳам табиий маҳсулотларга эътибор қаратиш лозим. Бунда исмалоқ, кўк олма, қизилчадан тайёрланган салат ва шарбатлар истеъмоли катта фойда беради. Шунингдек, новвотли қиём ҳамда шиповник дамламалари ҳам камқонликнинг олдади.
Кўкламнинг илиқ шабодаси туфайли турли дарахтлар (чинор, терак каби) гулларининг учиши, тўкилиши натижасида кичкинтойларимизда учраб турувчи аллергик бронхит, аллергик астма касалликларининг қўзғалиш даври кузатилади. Бунда болаларга, албатта, тоза ҳаво жуда зарур. Шунинг учун ҳам бугун аллергик касалликларни бартараф этиш мақсадида юртимизнинг барча жойларига арча кўчатларини ўтқазиш ишлари йўлга қўйилмоқда. Ҳар фаслда ўз рангини йўқотмайдиган яшил арча дарахтлари ўзидан кислород чиқариб, ҳавони тозалаб туриш хусусиятига эга.
Фарзандларимиз соғлом экан, эртанги кунимиз, келажагимиз соғлом бўлиши табиий. Соғлом танда соғ ақл, дейишлари бежиз эмас. Соғлом фикрли жамият эса ҳамиша ободликка, тараққиётга юз тутаверади. Шунинг учун ҳам ёш авлод саломатлигига алоҳида эътибор қаратайлик.
Рухсорахон
САЙФУТДИНОВА,
вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори.
ФОЙДАЛИ ДАРАХТЛАР
ТОЛ ВА ТЕРАК
ҲАМИША КЕРАК
Юртимиз тупроғи ғоят саҳий. Нима эксанг кўкаради. Айниқса, кўкка бўй чўзган тераклар республикамизнинг деярли барча вилоятларида ўсади. Теракларнинг фойдали томонлари кўп. Ундан қурилишбоп материаллар олинади. Атроф-муҳитни чанг ва ғуборлардан муҳофаза этишда ҳам унга тенг келадиган дарахтлар кам. Маълумотларга қараганда, 18-20 йиллик битта терак бир кеча-кундузда инсон организми учун зарур бўлган 180 литр кислород ишлаб чиқарар экан. Қайишқоқ, бақувват тол дарахтининг ҳам фойдали эканлиги кўпчиликка аён. Айниқса, табиий офатлардан муҳофаза қилишда толга тенг келадигани йўқ. Улар каналлар, ариқларнинг четларини емирилиб кетишдан сақлайди. Нураш, қум кўчиши, тупроқ ва ер кўчкилари, тошқин ва сел оқимлари каби хавф-хатарларнинг олдини олади.
Булардан ташқари, толлар чанг, тутун, турли газларга чидамли бўлиб, ифлос ва шўр сувлар четларида ҳам ўсаверади. Толни жудаям осон, яъни қаламча қилиш орқали кўпайтириш мумкин. Қаламча намли ерга суқиб қўйилса, албатта кўкаради.
Тол кўп йиллик дарахтлар сирасига киради. Унинг йўғон танасидан ўсиб чиққан шохларни кесиб олсангиз, келаси йил яна янги новда чиқаверади. Шунингдек, новдаларидан турли сават, човлилар тўқилади. Шунинг учун халқимиз қадимдан ҳам фойдали, ҳам даромадли тол ва терак экиб, кўпайтиришга одатланган. Уларнинг инсон саломатлигига фойдаси ҳам ниҳоятда катта эканлигини шифокорлар кўп таъкидлашади. Шу боис ҳам тол ва терак биз инсонларга ҳамиша керакдир.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
САЛОМАТЛИК
СИЛ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?
Сил хавфли ва юқумли касалликдир. Бу касалликни сил микобактерияси деб аталувчи микроблар тарқатади. Сил микроблари асосан, ўпкада ривожланади.
Касалликнинг юқиш йўллари:
Сил микобактериялари сил касаллигига чалинган беморлардан ҳаво орқали юқади. Шунингдек, касал бўлган одам йўталганда, аксирганда, гапирганда, ҳаво орқали ён-атрофдагиларга юқиш эҳтимоли кучли.
Касалликнинг асосий белгилари:
* Уч ҳафтадан кўпроқ давом этувчи йўтал;
* Умумий қувватсизлик, чарчаш ва толиқиш;
* Иштаҳанинг пасайиши;
* Тунда терлаш аломатлари;
* Тана ҳароратининг 37-37,5 га кўтарилиши;
* Кўкрак соҳасида оғриқ ва санчиқ кузатилиши;
* Озиб кетиш;
* Қон туфлаш.
Ушбу белгилар кимда кузатилса, дарҳол яқин жойлашган даволаш муассасасига мурожаат қилиши керак. Сил касаллиги қанча эрта аниқланса, уни даволаш шунча самарали бўлади.
Ўпкада сил касаллиги гумон қилинганда, биринчи навбатда балғам текширилади ҳамда ўпка флюрография ёки рентгенография кўригидан ўтиши лозим.
Ушбу касалликнинг олдини олишда кейинги йилларда ер юзидаги деярли ҳамма давлатларда муайян ишлар олиб борилмоқда. Касаллик кишининг жисмоний фаоллигининг кескин пасайиши, оила аъзолари ва бошқаларга юқиши, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши билан хавфлидир.
Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган ДОТС дастури силга қарши курашда энг самарали усулдир.
"ДОТС мени даволади, сени ҳам даволайди" шиори остида даволаш ўтказилиши таклиф қилинди. Жаҳоннинг аксарият мамлакатларида, жумладан, бизнинг юртимизда ҳам ушбу даволаш услуби кенг қўлланилмоқда.
Тузалишнинг асосий принциплари:
* Дориларни тиббий назорат остида қабул қилиш;
* Қабул қилиш керак бўлган дориларни ўз вақтида ичиш;
* Даволаш курси узлуксиз давом этиши керак.
Сил юқумли касаллик ҳисоблангани боис, беморлар чала даволанганда атрофдагиларга 10-15 фоиз юқиш эҳтимоли бор. Касалликнинг олдини олиш учун касал бўлганларни аниқлаш ва даволаш, беморлар билан мулоқотда бўлганларни тиббий текширувдан ўтказиш, махсус эмловларини ўз вақтида олиб бориш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш зарур.
Сил бу наслий касаллик эмас. Касаллик ҳаво томчилари орқали тарқаладиган юқумли касалликдир. Сил аниқланганда, ўша бемор тўлиқ даволаниши зарур. Сил касаллигини аниқлаш ва даволаш барча муассасаларда бепул олиб борилади.
Одинахон ЮЗБОЕВА,
шифокор - фтизиатор.
|