№18, 01.05.2014 СОҒЛОМ БОЛА - ОТА-ОНА ҚУВОНЧИ
Мамлакатимизда фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, руҳан баркамол бўлиб вояга етишлари учун барча шароитлар яратилган. Қолаверса, Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан "Соғлом бола" йили деб эълон қилинган жорий йилда эса бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Муқаддас динимиз таълимотида фарзанд Аллоҳ Таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъматлардан бўлиши баробарида у омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар унинг қадрига етишлари, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини адо этишлари, Ватани, миллати, дини, ота-онасига муносиб ўғил-қиз, етук инсон бўлиб камол топиши учун яхши таълим-тарбия беришлари лозим.
Албатта, соғлом бола деганда, боланинг жисмонан, маънан ва руҳан соғломлиги назарда тутилади. Бунга эса бола учун ўз вақтида қилинган эътибор, меҳнат орқали эришилади. Гўдаклик йилларида бола ўзига ғамхўрлик ва ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлмайди. Шу сабабли шариатимизда болани едириб-ичириш, тарбиялаш ва ҳавф-хатарлардан ҳимоя қилиш ота-онанинг зиммасига юклатилган. Пайғамбаримиз (с.а.в) дан: "Ҳаммангиз муҳофаза қилувчидурсизлар ва қўл остингиздагилар учун масъулдирсизлар. Ота оиланинг муҳофазачиси ва қарамоғидагиларнинг барчаси учун жавоб беради. Хотин эрнинг бойлиги ва бола-чақасининг муҳофазачиси ва улар учун жавоб беради" деб ривоят келтирилади (Имом Ибн Ҳанбал, Ибн Можа ривояти).
Бундан кўринадики, ота-она фарзанд парвариши ва унинг эҳтиёжларини қондириш учун масъулдир.
Бугунги кунда насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш мақсадга мувофиқ эмаслиги белгиланган. Бу қоида шариат ҳукмлари, ҳадисларда ҳам ўз аксини топган: "Умр йўлдошингни бегоналар орасидан изла ва авлодингни заифлаштирма" (ҳадис). Ислом дини болага, камол топиш жараёнида ҳам ғамхўрлик қилади. Шариат фарзандларнинг туғилиши ўртасидаги оралиқ вақтнинг камайиб кетмаслигини ва кейинги фарзандга ҳомиладор бўладиган она етарли даражада кучга тўлган бўлиши, бу жиҳат она ва бола соғлиги учун муҳим эканлигини алоҳида таъкидлайди. Қуръони Каримда: "Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилдир ("Луқмон" сураси, 14-оят).
Болани соғлом ўсиб улғайишида уни она сути билан озиқлантириш муҳим омилдир. Бу масала Ислом динида ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланган. Жумладан, Қуръони Каримда: "Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар". Бу муддат эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ масъулият юкланмайди. Болалари туфайли ота ҳам, она ҳам зарар кўрмасин. Меъросхўрнинг зиммасида ҳам худди шундай нафақа масъулияти бор. Агар ота-она ўзаро келишиб маслаҳат билан болани сутдан ажратмоқчи бўлсалар, гуноҳкор бўлмайдилар. Агар болаларингизни бегона аёлга эмиздирмоқчи бўлсангиз, ҳаққини меъёрида тўлаб турсангиз, гуноҳкор бўлмайсиз" (Бақара сураси, 233-оят).
Мазкур оятнинг мазмун-моҳиятидан кўринадики, гўдакни кўкрак сути билан боқиш онанинг бурчи бўлиб, у агар узрли сабаблар бўлмаса, гўдакни эмизиб озиқланиши ва баҳра олишдан икки йил давомида маҳрум этмаслиги лозим. Бундан ташқари, болани муддатидан олдин сутдан ажратиш қарорини ота ва она бамаслахат чиқариши, ота эмизикли онага кўмаклашиши ва унга болани эмизишга имкон берувчи қулай муҳитни яратиб бериши керак.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ота йўқлигида ёки у вафот этган тақдирда оила аъзоларидан бири гўдакни парвариш қилиши, онасининг эҳтиёжларини қондириш масъулиятини ўз зиммасига олиши лозим. Шунингдек, гўдагини эмизишга қодир бўлган она ўзининг ўрнига эмизиш учун бошқа аёлни ёллаши мақсадга мувофиқ эмас.
Мухтасар қилиб айтганда, зурриёдларимизни соғлом ва баркамол вояга етишлари учун диний, дунёвий амалларни адо этайлик. Зотан, соғлом фарзандлар бизнинг бахтимиздир. Аллоҳ Таоло ҳеч биримизни ана шу бахтдан бенасиб этмасин.
Абдулваҳҳоб ЭРМАТОВ,
Шаҳрихон туманидаги "Мунисхон хожи она" жомеъ масжиди имоми.
|