Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№18, 01.05.2014

ҲИКОЯ

ТОР ДУНЁ ҲАСРАТИ

Туни билан ухламагани учун юзлари сарғайиб кетган Зиёда укол таъсирида ҳали кўзини очмаган боласига бир муддат термулиб турди-да, аста эшикни очиб ташқарига чиқди. Эндигина тонг ёришгани учун касалхонанинг узун коридорида жимжитлик ҳукмрон эди.

У оёғининг учида юриб, биринчи қаватга тушди. Фаррош аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ. Ҳовлига чиқиб, гуркираб ўсиб турган райҳон ёнига борди-да,одатига кўра қўллари билан сийпалаб кейин кафтини димоғига тутди

- Оҳ,бирам беғуборки...

Шу аснода ҳовли этагидаги оғир касаллар ётадиган бўлимдан йиғи овози эшитилиб қолди. Юраги увишиб қаради: икки аёл дод солиб чиқди, кейин эса санитарлар қўлларида носилка билан пайдо бўлди. "Зув" этиб тез ёрдам машинаси келдию, орқаси очилди.

Зиёда беихтиёр қўлларини юзига тортди.

- Оллоҳ раҳмат қилсин, ноумид бўлишибди-я..

Шу гапни айтдию, шошиб тепага, ўзлари ётадиган хона деразасига қаради.

- Ишқилиб, болам тузалиб кетсин. Оллоҳим, менга раҳм қилгин, "болам"латиб бўзлатмагин...

Кўзларига дувиллаб ёш келди. Кейинги пайтда шунақа йиғлоқи бўлиб қолаяпти, сал нарсага юраги бўшаб кетаверади. Онаси уришгани уришган: "Йиғи йиғини чақиради. Ҳадеб йиғлайвермагин, - дейди." Қани йиғламасликнинг иложи бўлса? Кундан-кун ранги заъфарон бўлаётган ўғлига қараган сари танасидан мадор кетаётгандек бўлаверади. Наҳотки, дардига даво топилмаса?

- Зиёда, тузукмисан? - қулоқлари тагида янграган овоздан чўчиб кетди.

Тезгина бурилди: дугонаси Ирода.

- Саҳарлаб етиб келибсанда, овора бўлиб? - деди саломлашиш ўрнига.

- Кечқурун холамга телефон қилсам яна оғрияпти, деган эди, қандай тонг оттирганимни билмадим, келавердим, - деди Ирода уни бағрига босаркан.

- Нима қилишни ҳам билмай қолдим,ўртоқжон - шундай дея Зиёда йиғлаб юборди.

- Худо хоҳласа тузалиб кетади. Тушкунликка тушмагин - Ирода уни койиди.

Иккаласи бирин-кетин хонага кириб келганида Тоҳиржон кўзларини юмиб ётарди.

- Кечаси роса безовта бўлди, ҳамширага айтиб, укол қилдирувдим, тонгга яқин ухлаб қолди. - Зиёда боласининг юзларини силаган кўйи гапирди.

Ироданинг унга раҳми келди. Неччи йиллик дугонаси, аслида ота томондан қариндошлиги ҳам бор. Шунинг учунми биринчи синфга борганданоқ иккиси бир-бири билан ўртоқ тутинган, шундан бери ҳамиша бирга. Катта бўлиб, оила қуришганидан кейин ҳам муносабатлари узилмади. Яхши-ёмон кунларда елкадош. Буниси кулса униси ҳам кулади, буниси йиғласа, униси ҳам... Зиёданинг турмуши бўлмай ажрашиб кетганида ҳам энг кўп Ирода куйинди. Унинг ёлғизлигини билдирмаслик учун кунда-кун оша дугонасиникига югуради. Яхшики, қайнота-қайноаси, эри тўғри тушунади. Чунки Зиёда ҳам иккита боласини тенгма-тенг катта қилишиб берди. Худди туғишганидай қайишади. Аммо ўғли касалга чалинганидан бери ташвиши Тоҳиржонни соғайтириш бўлиб қолди. Баъзан дугонасининг онаси йиғлаб қолади:

- Бола деганни мундоқ ташлаб қўйиш ҳам керакку, Ирода, айт, ўртоғингга, қош кўзига термулиб баттар қилаяпти - деб.

Қани буни Зиёдага уқтириб бўлса? Устига-устак ўғли Тоҳиржон шу чоққача дадасини кўрмади. Ўзига етгудек қайсар:

- Ундай хиёнаткор отасининг боридан йўғи! - дейди ҳеч кимга қулоқ солмасдан.

Аслида Зиёда жуда яхши жойга келин бўлиб тушганди. Муроджон ўқимишли, ҳаракатчан йигит эди. Тоҳиржон туғилиб, ёшига етмаган пайтида Украинага ишлаш учун таклиф қилиб қолишди.

- Сиз бориб ишлаб келаверинг, мен қоламан! - Зиёда бошиданоқ бирга кетишга кўнмади.

- Сизларсиз қандай бўлади? - Муроджон астойдил уни кўндиришга уринди.

- Йўқ, бегона жойда деразага тикилиб ўтираманми, аввал боринг, кўринг, шароити яхши бўлса, кейин бир гап бўлар, - Зиёда сал ён босди.

Шу гап билан эри ўзга юртга ишлаш учун жўнаб кетди. Кейинроқ Зиёда уни ўзини жўнатиб юборганига минг марта, миллион марта афсус қилдию, аммо ғишт қолипдан кўчган эди. Муроджон ҳафтада телефон қилиб турди, уч ойда бир келиб кетди, ундан кейин... Хуллас Муроджон бир келиб кетганича икки йилга яқинлашганда шартномаси тугаб қайтди, аммо унгача миш-мишлар қанот чиқариб етиб келган, Зиёда тўнини тескари кийиб бўлганди. Фақат эрининг кўзларига қараб биргина савол беришни кутаётганди.

- Бошқа аёл билан яшаётганингиз ростми? - Муроджон остонадан кириб келишига берди саволини.

Эри индамай бош эгди.

- Қизим, сал нафасини ростласин… -қайнонаси вазиятни юмшатмоқчи бўлди.

- Жавоб берсин, кейин бемалол нафасини ростлайверади - Зиёда қайсарлик билан эрининг рўпарасида туриб олди.

-..Зиёда, тушунтиришимга имкон берарсиз. - Муроджон илтижо билан унга боқди.

- Демак рост экан, балки тез орада фарзанд ҳам кўрарсиз. - Зиёда заҳархандалик билан давом этди.

-...Ҳа.. - Муроджон тақдирга тан берди, чоғи рўйи-рост тан олди.

Зиёда бошқа гапирмади, уй ичига кириб кетдию, бир зумда катта сумкани елкасига илиб қайтиб чиқди. Уч ёшли Тоҳиржон дадасининг бағрида эди. Уни бор кучи билан тортиб олди:

- Кел ўғлим, энди бу одам бизга бегона, унинг бошқа оиласи бор - дедию, қайнота-қайнонасининг ҳай-ҳайига ҳам қарамай уйдан чиқиб кетди.

Муроджон неча бор ялиниб келди, катталар қайта-қайта илтимос қилишди. Ҳамма бир тараф, Зиёда бир тараф эди. Хуллас, оила бузилди. Муроджон аламдан яна Украинага қайтиб кетди. Шу бўйи ўн йилдан ошиқ у ёқларда юрди. Бирор марта на хотинини, на ўғлини истамади. Бу эса Зиёдани баттар азоблади. Шунинг учун қайтиб, эрининг исмини тилга олишни ўзига ҳам, ўғлига ҳам маън қилди.

Ирода ҳам Муроджоннинг хиёнатини оқламади, ундан нафратланди, негаки, гулдай дугонасини бахтсиз қилди. Аммо Зиёда кечиримли бўлганида, оиласи бузилмасмиди, боласи ҳам отасиз ўсмасмиди? Буни дугонасигна тушунтириб бўлмади.

- Нима бўлса пешонамдан кўрдим, уволим Муроднинг бўйнига, бир умр қарғаб ўтаман!

Мана, қарғаб ўтаяпти. Шунча кўргуликлари кам экан, бир йилдан ўтаяпти, Тоҳиржонда камқонлик аниқланиб, куни касалхонада қолди. Аяган кўзга чўп тушади, дегани тўғри экан. Ҳамма шу бола билан овора. Муроджон ҳам бир икки марта келди, лекин Зиёда шунақа шарманда қилиб хайдади уни..

- Сенинг касофатинг боламга урди, йўқол! - деб тўполон қилди.

- Балки отаси қон берса, сал мадор бўлармиди бу шўрлик болага, - деди Ирода дугонасини юмшатмоқчи бўлиб.

Бироқ Зиёда буни ҳам кескин рад қилди.

-..Холажон... - Тоҳиржон кўзини очибоқ уни таниди. Ўргилай бўйингдан, тузукмисан? - Ирода дарров пешонасини силаб юзидан ўпди.

- Аям қийналиб кетди, - ўн тўрт ёшли бола унга дарди ҳол қилди.

- Худо хоҳласа, яхши бўласан - Ирода йиғисини ичига ютиб, Тоҳиржонни юпатди.

Зиёда бир юмуш билан ташқарига чиққанида, Тоҳиржон Иродага :

- Дўхтирлар дадасининг қонини қуяйлик деяпти, - деди астагина.

- Қачон айтди бу гапни? - Ирода Зиёда унга бу ҳақда айтмаганига ажабланмади.

- Анча бўлди, мен ухлаб ётувдим, аям дадаси узоқда, келолмайди, - деди.

Тоҳиржоннинг бу гаплари шунақа ўкинч билан чиқдики, кўнгли қаттиқ одам ҳам титраб кетади.

- Қайсар бу аянг... - Ирода дугонасини койиди.

- Сен ўзинг истармидинг даданг...келишини, қонини беришини..

- Тоҳиржон "ҳа" ишорасини қилгандай бошини қимирлатди.

Зиёда кириб келгач, суҳбат бўлинди.

- Ирода "индамагин," деган маънода Тоҳиржонга кўзини қисиб қўйди.

- Холанг ишига борсин энди!

- Зиёда шундай деб ўрнидан турди.

Ирода унга қаршилик қилмади, чунки миясида бир режа турар, албатта дадасини бу ерга олиб келишни ният қилиб йўлга тушди.

- Майли, мен ростдан ҳам ишга бора қолай... Агар эртароқ бўшасам, кириб ўтарман - деди хайрлашишга чоғланиб.

Зиёда ҳамма нарсага улгурувчи тиниб-тинчимас дугонасининг орқасидан кўзида ёши, лабида кулгуси билан қолди...

Матлуба ЮСУПОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди