Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№19, 08.05.2014

НАЖОТКОР ВЕРА

Мамлакатимизда ҳар йили "Хотира ва қадрлаш куни" кенг нишонланиб келинади. Ушбу байрамда Ватан равнақи йўлида шарафли меҳнат қилган, юрт тинчлиги ва озодлиги учун жонини фидо қилган марҳумлар хотираси ёдга олинади. Узоқ йиллар элга меҳнати синган инсонлар қадрланиб, уларга эҳтиром кўрсатилади.

Умрининг гўзал ёшлик даврларини жанггоҳларда, жангу жадалларда ўтказган Вера Харитонова бугун тинчлик, хотиржамликда элу юрт ардоғида кексалик гаштини сурмоқда.

Вера Харитонова 1925 йилда Қўқон шаҳрида таваллуд топди. 1933 йили оиласи билан Андижонга кўчиб келишган. Отаси Фёдр Луцев оғир хасталик билан оламдан эрта кўз юмди. Онаси Матрёна Луцева 3 нафар фарзандни ёлғиз тарбиялади. Вера ёлғиз қиз бўлгани боис, болалигидан дадил, шаҳдам, жасоратли бўлиб вояга етди.

Кўркам, иқтидорли, изланувчан 16 ёшли Вера тиббиёт билим юртини тамомлаб, олий маълумотли бўлиш истагида Самарқанд медицина институтига хужжат топширди. Бахтдан ўзида йўқ мамнун юрган кезларида иккинчи жаҳон уруши бошланди. Самарқанддан жангга кетди. У Белоруссиянинг Клинци шаҳридаги ҳарбий шифохонада жарроҳга ёрдамчи ҳамшира вазифасида ишлади. Акаси Владимр Луцев ҳам ўз ихтиёри билан жангга кириб, фашистларга қарши курашди. Укаси Алексейни ҳам мана шу қора тақдир кутиб турарди. Вера акасидан ҳам, укасидан ҳам жудо бўлди. Улар жангларда мардларча ҳалок бўлишди.

- Мен жанг майдонига қадам қўйганимда ёш қизалоқ эдим, - дейди Вера Харитонова. - Кўз олдимда содир бўлаётган қонли воқеалар мени ақлдан оздираёзганди. Оёқ-қўлларидан айрилган аскарларни кўзда ёш билан кутиб олардим. Шундай кунларнинг бирида душманлар осмондан самолётлар билан хужумга ўтди. Бизнинг госпиталга ҳам бомба тушди. Ҳаммаёқ портлаган, ёнган. Беморлар эса қилт этолмай ётишарди. Мен ҳам уларнинг ёнида қимир этмай ўтиравердим. Улар менга ачиниб, "сен ҳам қоч, яширин. Бизни ўйлама", дейишарди. Аммо уларни ташлаб кетишга юрагим дош бермасди. Мана шундай қийинчилик ва азоблар билан кунлар ўтди. Ярадорларни ўзимиз кўтариб юқори қаватга олиб чиқар эдик. Тирик қолганларини кўрсам, севинганимдан йиғлаб юборар эдим.

1944 йили ҳарбий шифохона Польшага кўчирилди. Йиғлоқи қизалоқ энди анча улғайган, довюрак, қўрқмас, жонкуяр шифокорга айланган эди. Ўз касбининг устаси, аскарларнинг меҳрибон ҳамшираси Вера ўзи бугундан эртани тасаввур қила олмаса-да, бошқаларга нажот, умид бағишлар, уларни янги куннинг бахтли тонгларига ишонтирарди.

- Онам жангу жадаллар ҳақида сўзласа, бугунги тинч ҳаётимиз қадрига кўпроқ етаман. - дейди ўғли Валентин Луцев.

Уруш тугагач, ўзининг мардонавор хизматлари билан жангчилар ўз юртларига қайтишди. Уларнинг орасида Вера Харитонова ҳам бор эди. Урушдан кейин у қатор шифохоналарда ишлади. 1957 йилдан 1992 йилгача Андижон вилоят сил касалликлар шифохонасида фаолият юритди. Шу давр мобайнида турмуш қуриб, бир ўғиллик бўлди. Ўғлини ҳам юрт учун муносиб хизмат қиладиган, фидойи инсон қилиб тарбиялади.

Ҳозирда ўзининг 89 ёшини қарши олган Вера Харитоновани дадиллик тарк этмаган. Фикрлари теран бу аёл ҳозирда невара-чеваралари, эл-юрти ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Сожида САИДОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди