№19, 08.05.2014 ФИКР
ҚАДРИЯТЛАРИМИЗНИ АСРАЙЛИК
Ўзбек адабиётимизда сўз тушунчаси кенг маъно, мазмунга эгадир. Бизнинг сўз бойлигимиз бошқа миллатлар тилидан ажралиб туришининг биргина мисоли она-тилимизнинг битта сўзидан битта ҳарф тушиб ёки битта ҳарф қўшилиб қолса, ўзгача бир маъно, ўзгача бир кўриниш касб этади. Инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам, у сўзлай олиш хусусиятига эгалигидадир. Шу қатори ақл-идрок ва тафаккур ҳам инсонларга инъом этилган туҳфадир.
Кўча-кўйда кетаётганимизда, жамоат жойларида турли хил одамларни учратамиз. Баъзи кимсаларнинг телефонда бақириб сўзлашишлари ёки шеригига хунук гаплар билан муомалада бўлиши кўнгилни хира қилади. Айрим ўсмир йигит-қизларда чет элликларга тақлид қилиб, мулоқот қилишлари ҳам бугунги кунда тез-тез учраб турибди. Айниқса, одамлар орасида сўзларига русча сўзларни қўшиб ишлатишлари, афсуски, ўзбекона урф-одатларимизга ҳурматсизлик белгисидир.
Шундай кишиларга дуч келасанки, ўша заҳотинг унга нисбатан ҳурмат пайдо бўлади. Тоза ва озода кийиниб, маданият билан "Ассалому-алайкум", "Яхшимисиз", "Соғ-саломат юрибсизми" каби каломлар билан сўзлашганларга қараб, одоб-ахлоқли киши экан, дейсан мамнуният билан.
Бизлар ўзбек наслидан эканмиз, миллий қадриятларимизга мос келмайдиган, ўзимизга ярашмайдиган турли ножўя ҳаракатлардан, кийинишлардан воз кечайлик. Аксинча, бошқа миллат вакиллари биз ўзбекларнинг урф-одатларига, сўзлашиш, кийиниш маданиятига ҳавас билан қарашсин ва бундан ўрнак олишсин.
Хосият ЗИЯЙЕВА,
АДТИ қошидаги академик
лицей ўқувчиси.
|