Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№19, 08.05.2014

ХОТИРА-МУҚАДДАСДИР

Муқаддас Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни ибодатга чорлаб, солиҳ амаллар қилишга буюрар экан, ўз навбатида ана шу амалларимизнинг савобларидан ўтганларнинг руҳларига ҳадя қилиш ҳам мумкин эканлигини таълим беради.

Зеро, вафот этган мўмин-мусулмонларни хотирлаб, уларнинг ҳаққига дуои истиғфор айтиш тирикларнинг бурчидир. Қуръони каримда:" Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: "Эй, Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан! " - деб марҳамат қилган (Хашр сураси, 10-оят). Ушбу оят вафот этган кишиларни хайрли дуолар билан эслаш яхши амаллардан эканлигига далолатдир. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг 9 май - "Хотира ва Қадрлаш куни" сифатида ҳар йили кенг нишонланмоқда. Бу кун нафақат элимиз, юртимиз келажаги йўлида қурбон бўлганларни хотирлаш, балки халқ фаровонлиги учун фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизга ҳам чексиз иззат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. Шунингдек, она-Ватанимизнинг тараққиётига муносиб улушлар қўшган барча фахрийларимизни эъзозлаш, қадрлаш байрамидир. Инсон ўтмиш аждодларини хотирлаш билан қандай халқ вакили эканини яна бир дилдан ҳис қилади. У бу дунёни тарк этиб, дорулбақога рихлат этган қавму қариндош, ёру биродарларини эслар экан, ҳаёт ўткинчилигини, бу оламда ҳеч ким абадий қолмаслигини янада равшанроқ англаб етади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Бу дунёдан ўтган биродарларингизни яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар!" - деганлар. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг исломий ва инсоний бурчимиздир. Шундай экан, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб бизларга қолдириб кетган бой маданий-маърифий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этишимиз керак. Ривоят қилинишича, бир йигит Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳузурига келиб, онасининг вафот этганини айтади: "Нима қилсам онамнинг руҳини шод этган бўламан?" - деб сўрайди. Пайғамбаримиз "Қудуқ қазиб, сув чиқар", - дедилар. Шундан сўнг йигит қудуқ қазиб сув чиқарди ва "Бунинг савобини онамга бағишладим" - деди. ( Имом Ҳоким ривояти). Ўтганлар руҳини шод қилишлик нафақат уларга солих амалларнинг савобини бағишлаш билан, балки харом ишлардан тийилиб, солих амалларда бардавом бўлиш билан ҳам ҳосил бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: "Сизларнинг қилаётган амалларингиз қабрда ётган қариндошларингизнинг руҳига кўрсатиб турилади. Агар яхши амал қилиб юрган бўлсангиз, хурсанд бўлиб, руҳдошлари олдида фахрланадилар. Бордию гуноҳ ишлар қилиб юрган бўлсангиз, ранжийдилар ва: "Эй Аллоҳим, бизларни хидоятга бошлаганингдек, фарзандларимизни ҳам тўғри йўлга солмагунингча уларнинг жонини олмагин", деб дуо қилиб турадилар.

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, марҳумларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амалларидандир. Чунки пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда шундай деганлар: "Сизларга қабрларнинг зиёратини таъқиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат қилаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади". Демак, қабристонга борилганда, у ер инсонни фикр қилишга ундайди. Шунингдек, мозорларни обод қилиш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан эканлигини унутмаслигимиз зарур. Агар биз аждодларимизнинг руҳларини шодлантириш мақсадида уларни кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар. Улар ҳам бизларни шундай хотирлайдилар. Яна шуни билмоғимиз керакки, ўтганларнинг руҳларини шод қилишлик, нафақат уларга солиҳ амалларни ҳадя қилиш билан, балки ёмон ва харом ишлардан тийилишлик билан ҳам ҳосил бўлади. Халқимизда ҳам ёмон, гуноҳ ишларни қилиб юрган кишиларга нисбатан, "Отангнинг арвоҳини чирқиратмагин", деган сўзлар бекорга айтилмайди. Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни ўзининг хифзу ҳимоясида сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин, фарзандларимизга инсоф, тавфиқ бериб, ота-оналарини эъзозлайдиган, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан қилсин. Бир ҳадисда: "Кимки жума куни ёки ҳайит куни ота-онасининг қабрини зиёрат қилса, ота-онасини ва зиёрат қилгувчини Аллоҳ таоло гуноҳларини мағфират қилгай", - деганлар. Аллоҳ таоло ўтмишда ўтган юртдошларимизнинг барчаларини ўз раҳматига олиб, қолганларнинг фаровонликда ҳаёт кечиришлигини тинч ва осойишта ҳаётимиз бардавом бўлишлигини насиб этсин.

Хотира ва қадрлаш деган боқий қадриятимиз, ҳар биримизнинг, айниқса, ёш авлод қалбида ўчмас қадрият бўлиб қолсин. Ўтганларни хотирлаш, кексаларни қадрлаш, уларга меҳр-оқибат кўрсатишдек хайрли ишлар бизни ҳеч қачон тарк этмасин.

Муҳаммадюсуф

ТЎРАҚУЛОВ,

Олтинкўл тумани

бош имоми.

Зуҳриддин МУСОЖОНОВ,

Андижон шаҳридаги "Қорақўрғон" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди