№21, 22.05.2014 25 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги тарихий фармони қабул қилинганлигига ўн йил тўлади.
УМИДБАХШ ФАРМОН
ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲАМИША ЭЪТИБОРДА
Манзурахон ЮНУСОВА, вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси.
Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш масалалари мамлакатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони асосида вилоятимизда катта хажмдаги ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги фаол иштироки, авлод давомчиси, оилани мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси борасидаги беқиёс ўрни ва ролидан келиб чиқиб, юртбошимимз томонидан узоқни кўзлаб қабул қилинган мазкур фармон улкан ишларга йўл очган, мазмун-моҳияти жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган тарихий ҳужжат десак, асло муболаға бўлмайди. Ушбу ҳужжат хотин-қизлар қўмиталари, умуман, барча опа-сингилларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, самарали фаолият олиб боришлари учун кенг йўл очиб бермоқда, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида хотин-қизлар фаолиятига даҳлдор 30 тадан ортиқ йўналиш бўйича алоҳида режа-дастур асосида амалга оширилаётган ишлар бугунга келиб ўзининг ижобий самараларини бермоқда.
Жумладан, энг аввало жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ортиб бормоқда. Айни кунда вилоятимизда 5 минг нафардан зиёд раҳбар аёллар, 315 нафар фермер, 2 минг нафардан зиёд тадбиркор, 20 минг нафарга яқин ҳунарманд хотин-қизлар самарали фаолият юритаётганлиги фикримизга яққол мисолдир. Бундан ташқари, ўтган йили ўзини ўзи бошқариш органларига ўтказилган сайловларда 220 нафар аёллар фуқаролар йиғини раислигига сайланганлиги ҳам уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги фаол иштирокини, аёлларга бўлган ишончнинг ортиб бораётган-лигини кўрсатади.
Юртбошимизнинг тарихий фармони ижросини таъминлаш, қолаверса, "Соғлом бола йили" давлат дастури доирасида бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини, опа-сингилларимиз фаоллигини ошириш билан бирга, уларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, қизларимизнинг пухта билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш, умуман, опа-сингилларимиз билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда.
Вилоят, шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари томонидан вилоятимиздаги мавжуд 3755 та бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида олиб борилган аниқ ва амалий ишлар натижасида бошланғич ташкилотларимизнинг жамоалардаги нуфузи, улар томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ишлар кўлами янада ортди.
Жорий йилнинг ўтган даври давомида тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тадбиркорлик борасидаги билим ва малакаларини ошириш мақсадида кўплаб давра суҳбатлари, ўқув семинарлари ўтказилди. Умуман, жорий йилнинг беш ойи давомида вилоятдаги банклар томонидан хотин-қизларимизнинг тадбиркорлик фаолиятларини, оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 31 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилганлиги натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Хотин-қизлар учун яратилган 7000 тадан ортиқ янги иш ўринларининг аксарияти кичик ва оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, уй меҳнатини ташкил этиш ва касаначиликни ривожлантириш ҳисобига тўғри келди.
Айниқса, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларга кредит маблағлари ажратилиши, турли йўналишларда ташкил этилаётган янги иш ўринларига жойлаштириш бўйича махсус жадвал асосида вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда тадбирлар ўтказилди. Ана шу тадбирларда 15 мингдан зиёд коллежларни битираётган қизлар иштирок этди. Тадбирлар доирасида ўтказилган меҳнат ярмаркаларида 500 нафардан ортиқ қизлар ишга жойлашиш учун йўлланма олди. Бундан ташқари, битирувчиларнинг банклар, савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими мутахассислари билан мулоқотлари ташкил этилиб, уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Вилоятимизда аёллар, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини, аёллар ва болалар тиббий муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. "Саломатлик кунлари", "Саломатлик ҳафталиги" тадбирлари доирасида болалар ва аёллар соғлиги тиббий кўриклардан ўтказилди.
Жорий йилда вилоятдаги 754 минг нафардан зиёд фертиль ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши режалаштирилган бўлса, айни кунга қадар уларнинг 60 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида турли экстрагенитал касалликлар аниқланган аёллар соғломлаштиришга тўла жалб этилди.
Ўтказилган ана шу тадбирлар хотин-қизлар ўртасида турли хасталикларга чалиниш, ногиронликни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг кескин камайишини таъминлади.
Вилоятда оилавий спортни ривожлантириш, хотин-қизларни, айниқса, уй бекаларини спортга жалб этиш борасидаги ишлар ҳам эътиборга моликдир. Айни кунда вилоятимизда 20 мингдан зиёд аёллар спорт билан мунтазам шуғулланаётган бўлса, 110 минг нафарга яқин хотин-қизлар оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу ўз навбатида оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.
Умуман олганда, хотин-қизлар жиноятчилиги, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ, она ва бола ногиронлиги ҳамда бошқа шу каби салбий ҳолатлар асосан аёлларимизнинг ҳуқуқий, тиббий билимлари етарли эмаслиги натижасида келиб чиқмоқда. Шу боис, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш масалаларига, айниқса, ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юртбошимизнинг юқоридаги фармони ҳақида гап кетганда маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолияти хусусида гапирмаслик мумкин эмас. Чунки, айни кунда маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси борасида улкан ишларни олиб бораётган маслаҳатчи лавозими ҳам айнан ана шу фармон асосида жорий этилган.
Диний маърифат ва маънавий ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиларнинг, хусусан, "Маслаҳатчи мактаби" тузилмаси фаолияти маҳалла ҳаётида муҳим роль ўйнамоқда. Маслаҳатчиларимизнинг ички ишлар бўлимлари профилактика инспекторлари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, тиббиёт бирлашмаси, бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари, умуман, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Ана шу ҳамкорлик натижасида маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар кўлами ва самарадорлиги тобора ортиб бормоқда. Жумладан, кейинги икки йилда маҳаллаларда вояга етмаганлар, аёллар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари бирмунча камайди. Ҳозирда вилоятимизда 868 та маҳаллада маслаҳатчилар иш олиб бормоқда. Уларнинг кўпчилиги етарли билим ва тажрибага эга, халқ ҳурматини қозонган, ўз вазифасини сидқидилдан адо этадиган фидойи аёллардир.
Умуман, маҳаллаларда олиб борилаётган ишларда нафақат маслаҳатчиларимиз, балки бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари, фаол аёлларимизнинг хизматлари ҳам катта. Ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик эса ишларимиз самарадорлигини оширмоқда. Зеро, ҳар биримизнинг мақсадимиз бир, бу ҳам бўлса, эл-юрт тинчлигини таъминлаш, маҳаллаларимизни обод гўшага айлантириш, халқимиз, аёлларимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришдир.
Албатта, бу ишлар ўз-ўзидан, осонликча бўлмайди. Бунинг учун ҳар биримиз, айниқса фаолларимиз янада кўпроқ шижоат, куч-ғайрат билан ишлашлари керак бўлади. Вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари бу борада албатта, энг аввало, ана шу фаол аёлларимизга, кўпни кўрган онахонларимиз, уларнинг тажриба ва маслаҳатларига суяниши, улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши лозим. Шу билан бирга, қўмитамиз қошида фаолият кўрсатаётган "Раҳбар аёл", "Сиёсатчи аёл", "Қайноналар мактаби", "Маслаҳатчи мактаби", "Тадбиркор аёл", "Олима" уюшмалари ишини янада такомиллаштиришимиз, уларнинг фаоллигини оширишимиз муҳимдир.
Мухтасар қилиб айтганда, Президентимизнинг умидбахш фармони бундан буён ҳам кўпдан-кўп хайрли ва эзгу саъйи ҳаракатлар, хусусан, хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, сиёсий, маънавий, ҳуқуқий, тиббий билимларини бойитиш борасидаги ишлар давомийлигини таъминлайди.
|