№21, 22.05.2014 ЎЗБЕК АЁЛИ ҲАМИША ЭЪЗОЗДА
Бешкарам маҳалласи Хўжаобод туманидаги энг катта маҳаллалардан бири ҳисобланади. Маҳалламизда 4101 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 2150 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Ўзбек аёли ҳамиша эъзозда. Юртимизда биз хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз. Ана шу эътибор, қолаверса, опа-сингилларимизга яратиб берилаётган кенг имкониятлар туфайли ҳар бир аёл, қиз нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ўз ўрни ва мавқеига эга бўлмоқда.
Бундан ўн йил аввал юртбошимиз томонидан қабул қилинган тарихий фармон эса хотин-қизлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Жумладан, маҳалламизда ҳам мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, кўплаб опа-сингилларимиз ўз бизнес ва тадбиркорлигини йўлган қўйган.
Айниқса, маҳалламизда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёш авлод тарбияси, уларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада фаол ва иқтидорли ёшлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бунга мисол тариқасида "Зулфия" номидаги Давлат мукофотини қўлга киритган Юлдузой Ўрмонова ҳамда "Юрт келажаги" кўрик-танловнинг республика босқичи ғолибаси Ҳамида Мамадалиеваларни айтиб ўтишим мумкин.
Бугун ўзбек хотин-қизлари ҳар жабҳада фаол ва илғордир. Сабаби юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда хотин-қизларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг имкониятлар яратиб берилган. Фикримни мухтасар қилиб айтишим керакки, биз аёллар бугун ана шу эътибор ва ғамхўрликларга зиммамиздаги бурч ва вазифаларни бекаму кўст адо этиш билан жавоб қайтаришимиз лозим.
Зулфияхон МАДРАҲИМОВА,
Хўжаобод туманидаги
Бешкарам МФЙ маслаҳатчиси.
|