№21, 22.05.2014 МАҚСАДИМ, ЎЗБЕКИСТОН ШУҲРАТИНИ ЮКСАЛТИРИШ
- ДЕЙДИ ИСМИГУЛ ТОЖИБОЕВА.
Бугун юртимизда ёшларга берилаётган эътибор ҳақида ҳар қанча гапирсак, камлик қилади. Айниқса, қизлар спортини ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар
эътиборга молик. Бунинг самараси ўлароқ, ёшлар орасидан янги-янги иқтидорлар юз очмоқда.
Шаҳрихон тумани Қўрғонча маҳалла аҳолиси Одилжон Мамажоновлар оиласини шахматчилар оиласи, дейишади. Фарзандларга чиройли тарбия билан бир қаторда, спортнинг шахмат турини мукаммал ўргатиб келаётган бу оилага ҳамма ҳавас қилади. Оила фарзандлари Исмигул ва Шоҳамир болалигиданоқ шахматга астойдил меҳр қўйди. Айниқса, қизи Исмигулдаги иқтидор ота-онани бефарқ қолдирмади. 53-ихтисослашган мактабда ўқиб юргандаёқ қизларини спорт усталигига номзод Баҳодир Ҳамидовга шогирдликка бердилар. Устози қўл остида тиришқоқлик билан шахмат сирларини ўрганди. Туман, вилоят миқёсидаги турли шахмат беллашувларида иқтидори чархланди. Фарғона шаҳрида 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасида бўлиб ўтган турнирда илк расмий ғалабасини қозонди. Ана шу муваффақият 2010 йилда Наманганда ўтказилган республика турнири баҳсларида яна бир карра мустаҳкамланди. Шу йили ташкил қилинган шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги республика чемпионатида 50 нафар қизлар орасида ғолиб бўлди.
Шаҳрихон педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси бўлган иқтидорли шахматчи қиз 2013 йили ўтказилган шахмат бўйича саралаш мусобақаларини ғалаба билан якунлаб, "Баркамол авлод-2014" спорт мусобақаси финал ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Жорий йилда эса у "Камолот шахмат тахтаси" беллашувлари вилоят босқичида ғолиб чиқиб, республика босқичига йўлланма олди.
Исмигулнинг шахмат борасидаги маҳорати йилдан-йилга сайқалланиб бормоқда, унда ўзига, ғалабага бўлган ишонч ортиб бормоқда.
- Мақсадим, Ўзбекистон чемпиони ва халқаро гроссмейстер деган номга сазовор бўлиш, халқаро шахмат мусобақаларида мамлакатимиз шуҳратини янада ошириш, - дейди Исмигул Тожибоева.
Айни кунларда "Баркамол авлод-2014" спорт мусобақаси финал ўйинларига қизғин тайёргарлик кўраётган Исмигул "ёшлар олимпиадаси" деб ном олган ана шу мусобақада ҳам муваффақиятли иштирок этиб, вилоятимиз спорт ютуқларига муносиб ҳисса қўшади. Унга спортда фақат омад ёр бўлишини тилаймиз.
Қодиржон МУСАЕВ,
Шаҳрихон тумани.
|