№21, 22.05.2014 ДИЛ ТУҒЁНИ
БАХТЛИ БЎЛСАНГ...
Тун. Юлдузлар юзини тўсиб олган қора булутлар дилимга ғашлик солди. Қанийди, қўлим етса-ю, булутларни икки ёнга суриб, ой-юлдузлар чеҳрасини очиб юборсам. Аммо... етти қадам нарида турган инсонга етмаган қўлларим...булутга йўл бўлсин.
Шу ўйлар билан мўъжазгина хонамнинг кичик деразасидан осмонга тикилиб узоқ ўтирдим. Сизнинг суратингиз эса доимгидек кўз олдимда, хаёлларимда намоён. Сиз билан пинҳон сўзлашаман. Буни сиз ҳам ҳис этсангиз керак. Бу маъюслик баъзан юрагимни эзиб юборади. Йиғлагим келади, излагим келади...ё сизни ёки унутиш учун чорани. Аммо иккингиз ҳам топилмайсиз. Ёлғиз сирдош-китоб. Қўлимга шоиранинг шеърий китобини олдим. Бу мисралар...Юрагимни кўчириб қўйгандек.
Алвидо ҳам айтмай кетинг ҳижронларга,
Юрагимга ёғду солган меҳрибоним.
Ташлаб мени ул бағритош армонларга,
Бахтли бўлсанг, мен ҳам бахтли бўлгум, жоним.
Бўғзимга нимадир тиқилди. Кўз ёшми, аламми, нафратми? Билмайман. Менимча, бу соғинч бўлса керак.
Соғинчлар ҳар оқшом ишқ айтган алла,
Тушларим мазмуни - хотираларинг.
Билмадим, ёдингда яшайманми мен,
Ишқим тузатарми қалб яраларинг.
Бу каби саволлар қалбимда қат-қат. Жавобсиз, умидсиз, фақат кутишга қодир нигоҳлар. Улар Сиз...Сиз... дейди.
Вақти келиб Сизни унутаман. Умуман эсламайман. Қайтиб қийналмайман. Лекин сиздан миннатдорман. Чин севги қудратию, соғинчнинг ҳақиқатлигига ўргатдингиз. Ёнимга қайтмасангиз ҳам бахтли бўлинг. Сизга сўнгги ва ёлғиз тилагим шу.
Мен ишқингда адо бўлган ошиқ лайли,
Юрагимнинг уриши ҳам сен туфайли.
Балким мени унутгансан. Кўндим. Майли,
Бахтли бўлсанг, мен ҳам бахтли бўлгум.
Сожида САИДОВА.
|