№21, 22.05.2014 22 МАЙ - ХАЛҚАРО БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИК КУНИ
БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИКНИ МУҲОФАЗА ЭТИШ ДАВЛАТ НАЗОРАТИДА
Биологик хилма-хиллик жаҳондаги ҳар бир давлат учун муҳим ҳаётий манба ҳисобланади. Уни ҳимоялаш ва асраб-авайлаш келажак авлодлар ва курраи заминдаги ҳаёт барқарорлигини таъминлашда ниҳоятда катта аҳамият касб этади.
"Биологик хилма-хиллик" ёки "биохилма-хиллик" тушунчаси ердаги барча ҳаётнинг, яъни ҳайвонлар, ўсимликлар, микроорганизмлар, уларнинг генлари ва экотизимларини хилма-хиллигини англатади. "Биохилма-хиллик" терминида маълум бир организм тўғрисида статистик маълумот эмас, балки биологик дунёнинг барча қисмлари ўртасидаги муносабат ўз аксини топган. Биохилма-хиллик - жамиятнинг иқтисодий, экологик ва маданий-эстетик эҳтиёжларини қондиришнинг муҳим ресурси ҳисобланади. Усиз дунёда нормал ҳаёт бўлиши, жамиятнинг барқарор ривожланиши мумкин эмас. Бироқ бугунги кунга келиб боихилмахилликни сақлашга салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ортиб бормоқда. Илмий кузатишлардан кўриш мумкинки, дунё генофонди, биологик турлар ва улар шакллантирадиган экотизимлар тезлик билан бир хиллашиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби, бутун дунё бўйлаб таъминот, ишлаб чиқариш, савдо, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг ўта тез ривожланиши, дунё аҳолисининг юқори даражада ортиб боришидир.
ХХI асрга келиб мавжуд биохилма-хилликни сақлаб қолиш, боихилма-хиллик камайиши жараёнини секинлаштириш масалалари глобал муаммога айланган.
Биологик хилма-хиллик биосферани шакллантиради. Маълумки, биосферада бошқа биологик турлар билан бир қаторда инсон ҳам истиқомат қилади. Биосферанинг яшовчанлиги, шу билан бирга, биологик хилма-хилликнинг қай даражада мавжудлиги кўпроқ инсон фаолиятига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўтмишда инсон фаолияти табиат жараёнлари билан унчалик боғлиқ эмас эди. Ҳозир эса дунёда юз бераётган техника тараққиёти, иқлимий ўзгаришлар, ер деградацияси, сув муаммолари ва бошқа шу каби қатор хавфлар жаҳон миқёсида биохилма-хилликнинг бузилишига таъсир кўрсатмоқда.
Олим ва мутахассисларнинг бот-бот таъкидлашларига қарамай, ХХ аср, ҳатто ХХI аср бошларида ҳам дунё давлатлари биохилма-хилликни сақлаш масаласига у қадар аҳамият бермади. Бироқ жаҳон миқиёсида у билан боғлиқ муаммоларнинг ошиши, бу жараён етказаётган талофатлар туфайли жаҳон ҳамжамияти биохилма-хилликни муҳофаза этиш зарурлигини англаб етди. Биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишнинг глобал аҳамияти ҳисобга олиниб, халқаро ҳамжамият томонидан 22 май - "Халқаро биологик хилма-хилликни сақлаш куни" деб эълон қилинди. Айни кунда ушбу масала кўплаб давлатларнинг барқарор ривожланиш дастуридан муҳим ўрин олмокда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳам ўзининг барқарор ривожланиши учун биохилма-хиллик ресурсларининг муҳимлигини тан олган ҳолда, 1995 йил "Биологик хилма-хиллик тўғрисида"ги халқаро конвенцияга қўшилди. Конвенция доирасида белгиланган устувор мажбуриятларни бажариш учун республикамизда БМТнинг Ривожланиш дастури ва Глобал экологик жамғармаси томонидан фаол қўллаб-қувватланган "Биохилма-хилликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва ҳаракат режаси" ишлаб чиқилган. Ушбу конвенцияда учта асосий максад кўрсатилган бўлиб, булар - биологик хилма-хиликни сақлаш, унинг таркибий қисмларини бузмасдан фойдаланиш ва манфаатларни ҳаққоний ва тенг тақсимлашдир.
Жамият тараққиётининг ҳозирги босқичида табиатга бўлган салбий таъсирлар соат сайин ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, дунё флорасининг 25 мингга яқин тури ёки 10 фоизи қисқариб, у муҳофазага муҳтож бўлиб қолмоқда.
Маълум бўлишича, биз истиқомат қилаётган Фарғона водийсида 3 мингдан ортиқ ўсимлик турлари тарқалган бўлиб, бу Ўзбекистон флорасининг 40-50 фоизини ташкил килади. Фарғона водийсининг тоғ-адир экосистемаларига антропоген таъсирлар ҳажми ҳам кун сайин ортиб бормокда. Бунинг натижасида ўсимлик турларининг ареаллари ва табиий заҳиралари қисқариб бормоқда. Бунга далачой турлари, ўлмас ўт, бўймадарон, иттикан, олтинилдиз сингари кама-йиб бораётган ўсимлик турларини мисол қилиб айтиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, бизни қуршаб турган табиат инсоният мавжудлигининг зарурий асосидир. Инсон ва табиат бир-биридан ажралмас ва ўзаро боғлик бўлиб, табиат ҳар бир одам ва бутун жамият учун зарурий ҳаёт муҳити ва моддий ресурслар манбаидир. Шу боис ҳам табиатни асраб-авайлаш инсоният учун муҳим саналади. Хусусан, Бош қомусимиз - мамлакатимиз Конституциясининг 50-моддасида табиатни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги катъий белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 82-моддасида ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 204-моддасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузган фуқаролар тегишли тартибда жавобгаргарликка тортилиши ҳақида қайд этилган.
Айни кунда экологик вазиятни назорат килишга салбий ёндашув келажакда иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётда салбий жараённи келтириб чиқаради. Бу эса келажак авлоднинг барқарор ҳаёт кечиришига таҳдид солади. Ана шулар ҳисобга олиниб, юртимизда биохилма-хилликни муҳофаза этиш ва унга зарар етказмасдан фойдаланиш масалалари давлатимиз томонидан назорат қилиб борилади.
Х. МАХСУМОВ,
Экоҳаракат вилоят бўлими координатори, вилоят Бионазорат
инспекцияси бошлиғи,
Қодиржон НЎЪМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси
тингловчиси.
|