№21, 22.05.2014 КЕЧИНМА
ЎКИНЧ
Кетяпман… Юрагимда йиғлаётган ишқ ялонғоч… Дилда зарра умид йўқ. Қайтмоқ ва қайтармоқ умиди йўқ…
Оёқларим остида шитирлаётган хазонлар топталмоққа, эзилмоққа маҳкум муҳаббат япроқлари янглиғ ингранади. Бу ингроқда аянч бор, афсус бор. Кўнгилнинг борики вужудини эгаллаб улгурган алам аччиқ хўрсинади. Надомат тобора эзиб юбораётган кўнгилнинг елкаларида титроқ… Йиғлаётгани шундоққина аён бечора қалбнинг. Наҳот, ёлғоннинг қўллари бу қадар узун?! Бахтни қучоғида яйратиб, ишқни елкасида опичлаб катта қилган умид бугун чорасиз. Дунёнинг залвори-ю, ҳаётнинг акс тасвири қошида матонатга-да сиғинолмай ожиз… Фақат сабрга суянганча ҳолсиз оҳ тортади.
Кенг йўлакни тўлдирган ёмғир томчилари гўё замин юзини эмас, макр оловида қовжираб бораётган юракни армон ёғмишларига чўмдираётгандай.
Шавқсиз эсаётган сабога оғриқ кўнгилни топширгим келади: олиб кетсайди уни ёлғончи нигоҳлардан, олиб қочса эди уни беҳис дил қўлларидан. Қадри билинганда, соғинчи кимнидир эзганда қайтарса-ю, МЕҲРга тақдим этса… Дарвоқе… Қадр бир четда хўрсиниб турибди-я… Эсланмагани учунми ёҳуд эсдан чиқарганлари сабабми? Мисқоллаб топиладиган ҚАДР бугун ҳиссиз қўлларда оғринади. Жимгина йиғлаётган МЕҲРнинг ёнига аста қадамлайди. Кўзим тушди: ишқ гардлардан ҳоли бўлганда, туйғулар ардоқ топганда, билдимки, КЎНГИЛга қайтмоққа аҳдлашган улар. Бахтнинг бу икки ёзмиши ТАҚДИР қучоғида ҲАЁТни томоша қилардилар…
Зилола РАҲМОНОВА.
|