№21, 22.05.2014 ҲАЁТ МАНЗАРАСИ
БИР КЎРДИМУ...
Дилбархон қўшни маҳаллада яшовчи дугонасининг қизини кўргандан буён тинчини йўқотган. Ўғли Самандарни ҳам ҳоли-жонига қўймайди.
- Сен шу қизни бир кўргин. Сенга ҳам ёқади. Ичимга нақ олов тушди-да, ўғлим. Шу қизни келин қилмасам, кўнглим жойига тушмайди. Вой, унинг гўзаллиги, қадди-қоматини айтгин. Эшигимда худди товусга ўхшаб товланиб юрса, дейман-да.
- Қизиқсиз-а, ая, - деди Самандар кулиб. - Ўзи гўзал бўлгани билан балки ички олами бундайроқдир, қаёқдан биласиз?! Мен ўзим яхши билмаган қизга қандай уйланаман? Менинг ҳам орзу, ниятларим бор, ахир!
- Сен-чи, бола, ички, ташқи, деб шу юришда юраверасан. Сен тенгилар бир-иккита болали бўлишди. Сен ахир бориб кўр, гаплаш, кейин фикр қил.
Самандар қараса, онаси қизга астойдил харидор бўляпти.
- Бўпти ая, шу бугуноқ бораман, бўлдими?
Дилбархон ичида севинса ҳам ўғлига билдирмади.
Самандар энг яқин дўсти Хуршидни ёнига олиб, қизни кўргани борди. Қиз яшайдиган кўчанинг бошида машинасини тўхтатди-да, шу ерда ўйнаб ўтирган боладан сўради:
- Полвон, Сунбул опангнинг уйини биласанми?
- Биламан, - деди бола шошиб ўрнидан тураркан. Хув, ана ка-а-тта дарвоза. Ие, ана, Сунбул опанинг ўзи ҳам чиқди.
Самандар бола кўрсатган катта дарвозадан чиқиб турган қизга қаради. Қўлларини белига тираганча қиз оғзида чайнаётган резина сақични шунақанги шиширардики, оғзида катта-кичик пуфакчалар ҳосил бўлар, "пақ-пақ" этган овозлар чиқарарди. Қиз ўз ишидан завқланди, шекилли, атрофга мамнун нигоҳлари билан қараб қўйди.
Қизнинг оғзидан шишиб чиққан катта пуфакчага нафрат билан қараркан, Самандар машинасини ортга бурди. Хаёлан қилган тасаввурлари, йўл бўйи ўйлаб, қизга айтмоқчи бўлган гаплари ҳаммаси бир зумда учиб кетди. Унинг кўз олдида фақат катта-кичик пуфакчалар қолди, холос.
Раҳимахон
АБДУРАҲМОНОВА.
|