№21, 22.05.2014 ОГОҲЛИК
АЁЛ ЖИНОЯТЧИ БЎЛМАСИН...
Аёл - яхшиликлар ва меҳр соҳибаси, сабр ва қаноат тимсолидир. Ҳаётнинг паст-баланд сўқмоқларида не-не синовларга орият ила дош бергувчи ҳам Аёл! Аёл деб аталмиш нозик ҳилқатни ҳар қанча улуғласак, эъзозласак камлик қилади. Аммо... айрим аёлларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари аёл номига доғ тушираётгандай.
Бугунги кунга келиб юртимиз дунёга юз тутмоқда. Истаган киши дунёнинг хоҳлаган мамлакатига бориб-келиши, белгиланган тартиблар доирасида савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйиши мумкин. Бироқ аёллик шаънига тўғри келмайдиган, ноқонуний йўллар орқали савдо билан шуғулланаётган, хорижга кенг йўл очилган бир вақтда бу эркинликдан нотўғри фойдаланаётган айрим шахсларни қандай аташ мумкин. Бу каби ҳолатлар оз бўлса-да, содир бўлаётганлиги ташвишлидир.
Шу йил 5 апрель куни Москва-Андижон йўналишидаги 622-рейс билан Андижон шаҳрига учиб келган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Комила Ҳамидова (исм-шарифи ўзгартирилган)нинг республикамизга ноқонуний равишда товар олиб киришга бўлган уринишининг олди олинди. Аёлнинг қўл ва бошқа юклари текширилганда, Т-6 деклорациясида кўрсатилмаган ва божхона инспекторининг оғзаки сўровида айтилмаган, умумий қиймати уч миллион тўққиз юз йигирма беш минг сўм бўлган 61 жуфт пойабзал ҳамда 35 дона кийим-кечакларни Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига олиб кираётганлиги аниқланди. Ушбу ноқонуний ҳаракатга барҳам берилиб, мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари бошлаб юборилди.
Бугуннинг энг долзарб муаммоси бўлган огоҳлик ҳар қадамда барчамизни сергак бўлишга, айрим кишиларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари эса, айниқса, божхона ходимларини ҳамиша зийракликка ундамоқда. Жорий йилнинг 1 апрель куни Андижон вилояти "Дўстлик" божхона комплексида Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган Мунира Усмонова (исм-шарифи ўзгартирилган)нинг юклари текширилганда, Т-6 божхона деклорациясида кўрсатилмаган ва инспекторнинг оғзаки сўровида айтилмаган, лекин аёлнинг қўл сумкасида 2 дона: Москвадаги "Умма" нашриётида рус тилида нашр этилган "Абу Бакр Ас-Сўддиқ Первий праведниўй халиф" номли ҳамда Москвадаги "Терра" нашриётида чиқарилган "Муҳаммед книга вторая" номли диний китоблар борлиги аниқланди. Ушбу ҳолат бўйича айни вақтда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аёл ҳамиша энг чиройли таърифларга лойиқ. Унинг босган йўллари эзгуликка йўғрилиб, инсониятга яхшиликдан сабоқ бериши табиий. Аммо юқоридаги сингари ноҳуш ҳолатлар аёл шаънига доғ тушираётгани ҳақиқатдир.
Азиз юртдошлар! Ўзга юртларга чиқиш ва киришда давлатимиз томонидан белгиланган тартибларга амал қилайлик. Божхона ҳужжатларида олиб чиқиб кетаётган ёки олиб кираётган товарларни кўрсатиш лозимлигини, акс ҳолда, жавобгар бўлиб қолишимиз мумкинлигини асло унутмайлик.
Андижон вилояти божхона
бошқармаси матбуот хизмати.
|