№23, 05.06.2014 ЭНГ НАМУНАЛИ АРМ АНИҚЛАНДИ
Андижон машинасозлик институти қошидаги 2-академик лицейда "Йилнинг энг яхши ахборот-ресурс маркази" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизими тасарруфидаги таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказлари ўртасида ўтказилган мазкур танловда ушбу танловнинг туман ва шаҳар босқичлари ғолиблари иштирок этиб, ўзларининг иш фаолиятларига оид кўргазмалар, шунингдек, интернетга кириш, маълумотлар олиш, веб-сайтлар ҳамда электрон почтадан фойдаланиш борасидаги билим ва малакаларини намойиш этдилар.
- Айни кунда вилоятимизда аксарият лицей ва коллежларда ахборот-ресурс марказлари ташкил этилган, - дейди Андижон вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бош мутахассиси Адҳамжон Тўйчиев. - АРМларда кўплаб бадиий ва ўқув адабиётларнинг электрон нусхалари мавжуд. Бундан ташқари, барча таълим муассасалари "Зиёнет" интернет тармоғига уланган бўлиб, электрон маълумотлар олиш, улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
АРМ мутахассислари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга хизмат қилаётган мазкур танловнинг якуний натижаларига кўра, белгиланган барча шартлар бўйича энг юқори балл жамғарган Избоскан енгил саноат касб-ҳунар коллежи АРМ жамоаси ғолиб чиқди ва танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловда Булоқбоши маиший хизмат касб-ҳунар коллежи АРМ жамоаси иккинчи, Пахтаобод қурилиш ва коммунал касб-ҳунар коллежи АРМ жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|