№23, 05.06.2014 "ЛИБОСЛАРДА - ҚАДРИЯТ АКСИ"
Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида "Либосларда - қадрият акси" деб номланган миллий ва замонавий либослар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Андижон шаҳридаги касб-ҳунар коллежлари модельер-дизайнерлари ҳамда ўқувчилари ўзлари тайёрлаган миллий ва замонавий кўринишдаги либослари билан иштирок этдилар.
Дизайнерлик,тикувчилик йўналишида билим ва касб ўрганаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёшларда миллий либосларимизга нисбатан ҳурмат туйғуларини кучайтириш ҳамда уларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган мазкур кўргазмада намойиш этилган либосларда замонавийлик ва миллийликнинг, либосларга қадалган тақинчоқ ва аксесуарларнинг матолар рангига уйғунлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди. Айниқса, атлас, адрас, беқасам сингари матолардан тикилган миллий либосларимизнинг кўркам ва хушбичимлиги, ўзига хослиги, гўзал қизларимизга янада кўрк бағишлаганлиги алоҳида эътироф этилди.
Тадбир доирасида Андижон шаҳридаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчилари ҳамда АДУ қошидаги 5-сон академик лицей ўқувчиси Моҳларой Мамасиддиқова ижросидаги қўшиқ ва рақслар иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
О. ХУДОЙБЕРДИЕВА.
|