№23, 05.06.2014 БИЗНИНГ СУҲБАТ
МЕҲР-МУҲАББАТЛИ ОИЛА БАРДАВОМДИР
Гулнорахон ИНОМОВА: оила, ажралишлар ва қайнона-келин муносабатлари ҳақида
Суҳбатдошимиз: Гулнорахон Иномова. 1954 йилда Андижон шаҳрида туғилган, 1982 йилда Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Узоқ йиллардан буён адвакатлик соҳасида фаолият юритиб келади. Шунингдек, ҳозирда у Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Малака комиссиясининг масъул котиби вазифасида ҳам хизмат қилади.
- Оила инсон учун энг муқаддас маскан саналади. Сизнинг-ча, оиланинг мустаҳкам бўлишида ким асосий ўрин тутади?
- Оила мустаҳкамлигида албатта, эркакларимиз асосий ўрин тутади. Ота-боболаримиз бежизга эркак - оиланинг устуни, демаганлар. Менимча, биз аёллар улардан ўтиб, бир ишни ўзимизча ҳал қилмаслигимиз керак. Қачонки, уларнинг гапларини биринчи ўринга қўя билсаккина, оилада хотиржамлик бўлади. Бунинг учун эркак ҳам ана шу ҳурматни сақлай билиши керак.
Касбий фаолиятим юзасидан турли ишлар бўйича суд жараёнларида иштирок этаман. Айниқса, оилавий ажримлар бўйича кўриладиган ишларда қатнашиш мен учун ниҳоятда қийин. Чунки, жамиятимизнинг асоси бўғини, инсоний муносабатлар бешиги бўлган оиланинг барбод бўлиши, бегуноҳ норасидаларнинг ота ёки она меҳридан бебаҳра қолишларини кўриш мени қаттиқ изтиробга солади. Эр-хотин муносабатларига дарз кетиши, ораларидаги меҳр-муҳаббатнинг шикастланишини инсониятнинг энг катта хатоси деб биламан. Ана шундай пайтларда ажралиш остонасида турган эр-хотинларга тўғри йўл кўрсатишга, оилаларини сақлаб қолишга ҳаракат қиламан. Кўп ҳолларда фарзандлари тақдирига бефарқ қарамаслик, уларнинг тирик етим бўлиб қолмасликлари лозимлиги ҳақидаги тушунтиришларим ижобий самара бериб, қатор оилалар сақланиб қолган. Жаҳл устида ёки узоқни ўйламай ажрашишни аҳд қилган эр-хотинлар фикрларидан қайтган. Бундай ҳолларда улардан кўра кўпроқ мен хурсанд бўлганман.
- Оилада эр-хотин муносабатлари, хонадондаги муҳит фарзанд тарбиясига қандай таъсир қилади?
- Халқимизда: "Қуш уясида кўрганини қилади", деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Қандай оила бўлмасин, фарзанд ота-онанинг хатти-ҳаракатларидан, гап-сўзларидан ибрат олади. Шу боис ҳам ота-она ҳамиша фарзандларига ўрнак бўлиши керак. Чунки уларнинг гап-сўзлари, муомала-муносабати, ҳатто бир-бирларига бўлган туйғулари, самимийлиги, меҳр-муҳаббатларини ҳам фарзандлар ҳис қиладилар. Албатта, ана шу илиқлик, болаларга ўтади, оиладаги муҳит эса фарзандлар тарбиясида муҳим ўрин эгаллайди.
Тарбиянинг оиладан бошланиши барчамизга аён. Демак, фарзандимизнинг илк қарашлари шаклланадиган оиламиздаги муҳитнинг чиройли бўлишига эътибор қаратсак, болаларимиз бизга раҳмат олиб берадиган инсонлар бўлиб камол топиши аниқ.
- Чиройли тарбия, муҳаббат ва меҳр-оқибат асосига қурилган оилалар бахтли яшайди, демоқчисиз-да?
- Ҳар доим ҳам эмас. Муҳими, ана шу туйғу ва муносабатларни асраб-авайлашни, сақлашни билиш керак. Бунинг учун оиланинг ҳар бир аъзоси, энг аввало, ота-она бир-бирларини тушуниш ва бир-бирларига ишониш керак. Чунки оилада ҳар хил вазиятлар бўлади. Ҳаётнинг ана шу синовларига дош бера олмаган муҳаббатлар, муносабатлар ҳам бўлади. Бунга бир мисол келтираман: Йигит билан қиз олийгоҳда бирга ўқишиб, бир-бирларига кўнгил қўйиб турмуш қуришган. Ўртада болалар бор. Нима эмиш, энди феъл-атворлари тўғри келмаётганмиш. Ота-оналари "ўзинг қилган ошни ўзинг айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ичаверасан", деб уларнинг муносабатларини ўз ҳолига ташлаб қўйган. Шундан сўнг ёшлар ажралишга қарор қилишган. Уларнинг фикрларини эшитдим. Болаларингиз нечта дейман, аёлга юзланиб. Икки ўғлимиз бор, - деди аёл. Шунда мен ҳаётда отанинг ўрни, унинг тарбияси фарзандларига нечоғлик кераклигини тушунтирдим. Бу масалада шошмаслик кераклиги хусусида иккаловлари билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашдим. Уларга вақт берилди. Энг қувончли томони ана шу оила тикланди, ҳаётлари чиройли тарзда изига тушиб кетди. Баъзан пароканда бўлган оилаларни кўриб, эзилиб кетаман. Уларга ёрдам беролмаганимдан афсусланаман. Чунки ҳамма ёшларда тинглаш, мулоҳаза қилиш, етти ўлчаб бир кесиш, деган нарса етишмайди.
- Аёл жамиятда ютуқларига эришишида, шунинг баробарида оилада ҳам-ма нарсани уддалашда кимга суянади?
- У аввало, аёл, она, насл, миллат давомчиси. Қолаверса, бир ибратли оиланинг бекаси, бирор бир соҳанинг етук мутахассиси. Унинг зиммасида улкан бурч ва масъулият бор. Ўйлайманки, ана шу бурч ва масъулият унга куч беради. Демак у аввало, ўз кучига, ўзига суяниши керак. Албатта, бунинг учун интилиш, изланиш, меҳнат, катта куч талаб этилади. Бироқ аёлнинг бу йўлдан қоқилмасдан бориши учун унинг оиласи тинч бўлиши керак. Оилада хотиржам аёлгина жамиятга хотиржам юз тута олади, ютуқларга эришади. Бу хотиржамликни эса унга яқинлари, аввало, турмуш ўртоғи бера олади. У севикли бўлса, ардоқли бўлса кўзлари чақнаб ишга боради. Ғайрат, шижоат билан, меҳр билан меҳнат қилади. Аёлнинг ана шу жиҳатлари жамиятга ривож, ҳаётга гўзаллик, одамларга меҳр-муҳаббат улашади.
- Сир эмаски, кўп ҳолларда оилавий муносабатларнинг бузилишида қайнона-келин муносабатлари асосий ўрин тутади. Бунда ким кўпроқ айбдор деб ўйлайсиз?
- Ўзга хонадонда, ўзга шароитда ўсган ёшгина ниҳолнинг хонадонингизга кўникиши қийин бўлиши тайин. Шунда унга далда берадиган, рўзғор юмушларида кўмакдош, турмушнинг пасту баландини ўргатадиган қайнона бўлади. Бу ўринда қайнона қай даражада мулоҳазали бўлса, келинни тўғри йўлга солади, турмуш қийинчиликларини осон енгиб ўтишига ёрдам беради. Келинларнинг қайноналар атрофида "аяжон" деб парвона бўлиши, аввало, ўзимизга боғлиқ. Уларни "болам"лаб аста-секинлик билан рўзғорга қайиштириб борсак, улар йўриғимизга тушади.
Қайнона келиннинг ҳар бир ишидан айб топаверса, ўртада келишмовчилик юзага келади. Келин "кетаман"га тушади. Шу маънода оиладаги тинчлик, хотиржамлик, келиннинг "яхши" ёки "ёмон" деб ном олиши кўпроқ қайнонага боғлиқ. Келин ҳам ўз ўрнида қайнонанинг ҳурматини жойига қўйиши, самимий бўлиши, ширин сўзлар билан онанинг кўнглига йўл топиши лозим. Ҳар қандай ишнинг яхшилик билан бўлгани маъқул. Ёмон сўз, носамимийлик эса ўртага совуқлик туширади. Бир кун келиб жанжални келтириб чиқаради. "Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака қочади", деб кексаларимиз бежиз айтишмаган. Шунинг учун жойларда ўтказаётган давра суҳбатлари, учрашувларда кўпроқ қайнона-келин муносабатларига тўхталамиз. Мақсадимиз, оилаларимиз мустаҳкамлигини таъминлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшишдир.
- Суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатдош
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|