№23, 05.06.2014 КОМИЛЛИККА ЭЛТУВЧИ МЕЗОН
ТАРБИЯ ТУШУНЧАСИ ВА ТУРЛАРИ
Фарзандларимизни етук инсон бўлиб камол топишларида тарбиянинг ўрни беқиёсдир. Кишида ўзгаларга ҳурмат, жамиятда ўз ўрнини топишга интилиш туйғуларини ривожлантиришда ота-онанинг эътибор ва тарбияси муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, тарбия ўзи нима? Унинг қандай турлари бор? Умумэътироф этилган тарбия турлари ҳақида қуйидагиларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Тарбия шахс онгини муайян жамиятнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ равишда таркиб топтириш ва ривожлантириш жараёни, кишиларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётда фаол иштирок эттиришга қаратилган таъсирлар мажмуиси бўлиб, унинг қуйидаги турлари мавжуд.
Оила тарбияси - у доимий таъсирчан куч - оилавий тартиб, яъни, оила аъзоларининг бир-бирига муносабати, ота-она ва бошқа катта ёшдаги қариндошларнинг хулқ-атвори, маданий ва сиёсий савияси, муомала маданияти, оиланинг даромади, яшаш шароити ва шу каби омиллардир. Оила қанчалик тартибли, яхши хулқ-атворли бўлса, оила тарбияси ҳам шунча самарали бўлади.
Ижтимоий тарбия - бу орқали ўтмишнинг моддий ва маънавий бойликларига авлоднинг ворислиги таъминланади: ўсиб келаётган авлод ўтмиш тажрибаларини ўзлаштириб, уни янада бойитади.
Шажаравий тарбия - болаларга аждодларининг кимлиги ёзма далил - шажараномалар орқали эслатилиб, ўшалардек бўлишга даъват этилади. Бу тарбияда ҳар бир авлод ўзининг етти пуштини билиш заруриятини белгиловчи мезон ҳисобланади.
Ҳарбий тарбия - ушбу тарбия замирида ҳарбий шукуҳ халқ миллий онгини ошириш, ўзлигини, ватанпарварлик туйғуларини янада чуқурроқ англаш вазифалари туради.
Ҳуқуқий тарбия - демократик давлат қуришнинг энг муҳим асосларидан биридир. Янги демократик давлат қуриш учун фуқароларни, аввало, демократияга ўргатиш керак. Фуқароларда юксак ҳуқуқий онгни шакллантириш, бунинг учун ҳуқуқий тарбияни яхши йўлга қўйиш бирламчи вазифа ҳисобланади.
Диний тарбия - бу асосида Аллоҳни таниш, оламдаги нарса ва ҳодисалар ўртасидаги уйғун ҳамда муштарак боғлиқликка имон келтириш, инсофли ва диёнатли бўлиш, бировнинг ҳақидан қўрқиш, ҳаромни ҳалолдан ажрата олиш, умуман олганда, кишиларни ҳар томонлама маънавий жиҳатдан етук комил инсон бўлишга даъват этиш тушунилади.
Тарбиянинг юқоридаги турларини уйғунлаштириб, фарзандини камолга етказган ота-оналар нафақат ўз келажакларини, балки Ватан келажагини ҳам ишонч-ли қўлларга топширган бўладилар.
Сожида САИДОВА
тайёрлади.
|