№23, 05.06.2014 ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА
"ОНАМ ТУРМУШГА ЧИҚМАСИН".."
Онамнинг айтишича, улар ўн олти ёшларида бувам ва бувимнинг қистовлари билан ўзидан ўн икки ёш катта бўлган, анча ўзига тўқ оиланинг фарзандига, яъни отамга турмушга чиққан экан. Онам оиланинг кенжа қизи, қолаверса, хали ёш бўлганлиги учун уй-рўзғор ишларини, ошхона юмушларини унчалик яхши эплолмаган экан.
Бундан қаттиқ ранжиган қайноналари - бувим: - Чиройлисану, лекин қўлингдан бир иш келмаганига куяман. Бизнинг мол-дунёмизга, ўғлимнинг мансабига учиб, ота-онанг сенга ҳеч нарсани ўргатмай, бизга бериб юборишибди. Қараб тур, сени ўғлим билан яшаттирмайман! Менга қўл-оёғи чаққон, сочи супурги, қўли косов келин керак! Сен таги пастни бирорта бола туғмасингдан ҳайдаб юбораман,- деган маломатларни қилар экан. Охири қайноналари айтганини қилибди. Онам икки ойлик ҳомиладор холида ота уйига қайтибди. Онамнинг ёши етмагани боис, улар никоҳларини расман қайд этишмаган экан. "Эрдан чиққан хотин" номини олган онам ўша пайтлари ҳатто, ҳомиладор эканлигини ҳам бировга айтишга чўчиган экан. Вақти келиб, бувимлар ота-онамнинг турмушларини тиклашга уринганларида кеч бўлган, дадам онаси орзу қилган қизга уйланган экан.
Мен туғилибман. Ҳозир ўн беш ёшдаман. Онам менга ҳам она, ҳам оталик қилиб келяптилар. Болалигимда "отам қани?", "Нега ҳамманинг отаси бор, менинг отам йўқ?" деб кўп хархаша қилардим, йиғлардим. Онам "отанг узоққа ишлагани кетган, сенга кўп ўйинчоқлар олиб келади" дердилар. Шу гапларга ишониб юраверибман. Бир куни мактабда бир бола билан уришиб қолгандим, у "сенинг отанг йўқ! Отанг онангни ҳайдаб юборган" деди. Шу воқеа сабаб онам аччиқ қисматимизни менга гапириб бердилар.
Онам кейинчалик олий ўқув юртида ўқиб, ўқитувчи бўлдилар. Аввал боғчада ишлади. Мен учинчи синфга борганимда мактабга ишга ўтдилар. Биз бувим-бувам билан яшаймиз. Уларнинг оладиган пенсиялари ҳам менга. Молиявий аҳволимиз яхши. Лекин ўртоқларим, синфдошларимнинг дадаси ҳақида гапираётганини эшитиб қолсам, дадаси билан етаклашиб бирор жойга бораётганларини кўрсам, кўнглим вайрон бўлади. Шунча йилдан бери, бир марта бўлса ҳам отам мени кўргани келмади. Билишимча, у киши, ҳатто, мени тан ҳам олмаган экан. Майли, нима бўлганда ҳам бахтимга онам бор бўлсин. Улар менинг бирор марта кўнглимни ўкситмаганлар. Фақат кейинги пайтларда бир муаммо бўйича бир-биримизни тушунолмаяпмиз. Онам фарзанд кўролмагани учун турмуши бузилган бир одам билан танишиб қолибди. Эндиликда ҳалиги одам турмуш қуришни таклиф қиляпти. Бу менга умуман ёқмаяпти. Ахир мен бегона одамни қандай қилиб дада дейман? Шунча пайт онам иккимиз яшадик, бундан кейин ҳам яшайверамиз. Онам ўша кишини деб мендан узоқлашиб кетишидан чўчийман. Онамга бу ҳақида гапиргандим, мендан хафа бўлгандек бўлди. Буёғига нима қилишни билмайман. Анави одамни кўрарга кўзим йўқ. Шунча пайт онам билан ташвишсиз яшаб юргандик. Қаердан ҳам ҳаётимизда пайдо бўлди-ю, тинчимизни бузди...
Фаррух
* * *
Биз таҳририятга келган ушбу мактубни ҳеч қандай ўзгартиришсиз чоп этдик. Хали болалик хаёллари билан яшаётган Фаррух ўз фикр ва қарашларини тўғри деб ҳисоблайди. Лекин ҳаётнинг ёзилган ёзилмаган қоидалари борлигини у айни ёшида англаб етмаслиги мумкин. Шу боис унга бу масала юзасидан айрим юрдошларимизнинг фикрлари орқали жавоб беришга ҳаракат қилдик.
Замирахон АБДУЛЛАЕВА, Андижон шаҳридаги Ҳамид Қодиров номли МФЙ маслаҳатчиси.
- Ўғлим, мен сени яхши тушуниб турибман. Аммо сен адашяпсан. Онанг аллақачон турмушга чиқиши керак эди. У кимлардир синдирган кўнглини бировга илинолмаган. Агар ўша инсон фарзандсизлиги сабаб оиласидан айрилган бўлса, у сенга ҳам оталик қила олади. Мени тўғри тушун, онангни ўз ҳолига қўй, ёш умрини шундоқ ўтказиб юбормасин. Аёл кишининг турмуш қурмай юриши шариатимизга ҳам, инсонийлик қоидаларига ҳам тўғри келмайди. Катта йигит бўлиб, элга қўшилганингда, онангнинг ҳаётини ўйлаб, сен туфайли турмуш қурмаганидан афсусланиб, ўзингни айбдор ҳис қилиб юрасан. Шунинг учун ҳам катталарнинг ишига аралашма. Худо хоҳласа, онангнинг турмушга чиқиши сенга яхши бўлади.
Луиза Расулова, психолог:
- Бола ота-онаси ва атрофидагиларнинг қўллаб-қувватлаши, эркалашига эҳтиёжманд бўлади. Кичкинагина ҳаётида юзага келадиган "муаммолар"ини ҳал қилишида катталар ёрдамига муҳтожлик сезади ва бу борада мунтазам онасига интилади. Ўсмирлик даврида эса аксинча, ўзини энди "ёш бола эмасман, катта одам бўлиб қолдим", деб ҳисоблайди. Фаррух ҳам айни ёшида шундай хаёлда.
Укажон, шу ёшга киргунингизча ёнингизда фақат онангиз бўлдилар. Эндиликда сиз онажонингизнинг ёнида суянадиган одами бўлишини қабул қилишингиз керак. Онангиз жуда ёш, агар ўн олти ёшида турмушга чиқиб, ўн етти ёшида фарзанд кўрган бўлса, ҳозир сиз 15 ёшда бўлсангиз, онангиз 32-33 ёшларда. Онангиз ёш ва уларга суянчиқ зарур. Қолаверса, сизга ота тарбияси ҳам керак. Тез орада улғайиб, масаланинг моҳиятини ўзингиз тушуниб етасиз. Агар ҳозир имкониятдан фойдаланиб турмуш қурмаса, онангиз ёлғиз қолади. Онангизни янги ҳаёт бошлашига, кимгадир суянишига йўл очиб беринг ва уларни тўғри тушунинг.
Умида АДИЗОВА.
|