Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№23, 05.06.2014

ҲИКОЯ

АЁЛ МАТОНАТИ

Фариданинг ота-онаси автоҳалокатга учрадию, бу зарба уни тамоман эсанкиратиб қўйди. Уларнинг қирқи ўтгач ва ёлғиз қолган фарзанд тақдири ва данғиллама ҳовли можароси бошланди. Катталарнинг маслаҳати билан уй сотилди. Пули эса банкка омонатга қўйилди: "Эртага фарзандига асқотар", дедилар. Фаридани эса бувиси олиб кетди. Тоғаси оиласи билан чет элда, йилда бир келиб хабар олишади. Шунинг учун ҳам куёвнинг оиласидагиларга "Менга ҳамроҳ бўлади, ёнимда бўлса қизим тирикдек ярамга малҳам бўлар", дея бергани унамади. Улар бир-бирига суяниб йилларни ўтказдилар.

Мактабни битирар йили Каромат хола набираси ўксимасин учун уйида битирув кечаси қилиб берди. Фариданинг севингани оламни тутди. Набирасининг қувончи бувини ҳам хурсанд этди.

Энди Фаридани мустақил ҳаёт кутарди. Тинимсиз ўқиб- ўрганишлар натижаси самарали якунланиб, у талаба бўлди. Ўша куни уйларида тўй бўлиб кетди гўё. Раҳматли ота-онасининг жигарлари, яқинлари табриклаб келдилар, қизининг ўксик қалби бироз кўтарилгандай бўлди.

Талабаликнинг олтин даври Фаридага кенг имконият эди. Кўп ўтмай ундаги иқтидор ўзини намоён этди. У олийгоҳнинг олди талабасига айланди. Қизнинг чиройи ҳам, шубҳасиз, ошиқларни етаклаб келаверарди. Аммо Фарида мағрур эди. Ҳеч кимга бош эгишни истамасди. Қолаверса, бувисини ҳам ўйларди. Шунинг учун ҳам совчиларни рад этиб чарчамасди. Аммо тоғасининг бутунлай уйга қайтиши барини ўзгартириб юборди. Дилшод ака келдию, жиянини узатиш маслаҳатини бошлаб юборди. Фариданинг "ўқишим тугасин бир гап бўлар", дейишига қарамай, тўй бошлади. Дастлаб рози бўлмаган Каромат хола ҳам қуда бўлмишларнинг яхши инсонлар эканлигини билгач, Фаридани ҳам йўлга солди. Бўлғуси қуда Дилшод аканинг яқин дўсти бўлиб, улар бу дўстликни қариндошлик билан янада мустаҳкамламоқчи бўлдилар. Куёв ҳам қизни кўрибдию, дарров рози бўлибди...

Тўй дабдабали бўлди. Бир вақтлар сотилган ҳовли пулига шаҳар марказидан келинлик либослари салони очилди. Чет элнинг энг кўркам келин кўйлаклари келтирилди. Тўйдан сўнг Фарида бу салонни ўзи юрита бошлади. Қайнона, қайнотаси эса кўп ўтмай, ёш оилага янги уй олиб бердилар...

Оилада фарзанд туғилгач, улар орасида бир қадар меҳр уйғонгандай бўлди. Ҳар ҳолда Фарида учун шундай туюлди. Козим ҳам Фаридага меҳрибонроқ бўлиб, кўп вақтини оиласига сарфлашга ҳаракат қиларди. Фарида ўғли туғилгач, ўқиш ва салон ишида қийинчилик сеза бошлади. Асосийси, диплом ҳимояси эди. Яхшики, қайнонаси бор, унинг ёрдами билан олийгоҳни тамомлади. Аммо... ўз соҳаси эмас, тадбиркорлик уни ўзига тортарди. Аввалига тоғасининг ёрдами билан иш юритган бўлса, ҳозир ўзи мустақил фаолият бошлади.

Ҳаёт чиғириқларида ақл билан иш кўрадиган Фарида эрининг тобора ўзгариб бораётганидан дастлаб хавотирланмаган бўлса-да, Козимнинг кейинги хатти-ҳаракатлари унинг кўнглига шубҳа уруғларини сочди. Аввалига 1-2 кунлик бўлган хизмат сафарлари энди ҳафтага чўзиладиган бўлди. Охири Фарида ўртадаги хавотиру гумонларга чек қўймоқчи бўлиб, эрига "ёрилди". Аммо Козим ҳамма нарсани иш билан боғлади. Хотинини эркалаб, авраб барини унуттирди. Аёл барибир аёл-да, эрининг ширин сўзларидан мумдай эридию, шубҳалангани учун ўзини койиди.

Орадан анча вақт ўтди. Бу орада Фариданинг тадбиркорлик ишлари янада юришиб, ҳатто ўқув марказлари очишга ҳам эришди. У энди аввалги юмшоқ феълли Фаридадан қатъиятли, ишбилармон "Фарида Комиловна"га айланди. Козим эса хотинининг ишлари билан деярли қизиқмас, бу эса аёл учун бир қадар дилхиралик эди. Фарида эса бувисининг вафотидан сўнг эрига тамоман суяниб қолганди. Аммо... бу меҳрнинг кўп ҳолларда жавобсиз қолиши юрагига оғриқ берарди. У шунинг учун ҳам бор аламини ишдан олишга ҳаракат қиларди.

* * *

Қўл телефонига нотаниш рақамдан келган хабар Фариданинг дилига ғулғула солди: "Ҳақиқатни билишингиз керак! Кўришайлик, илтимос!" "Ким бўлиши мумкин? Қандай ҳақиқат? Ким билан боғлиқ?" шу каби саволлар гирдобида қолган аёлнинг телефонига 2-хабар келди. Унда манзил ёзилган эди.

Айтилган манзилда Фаридани нотаниш аёл кутиб олди. Анча сипо, хушмуомала бу аёл Козимнинг эски қадрдони, аниқроғи, яқин таниши Нигора эди.

* * *

Козим институтда ўқиб юрган кезлари қурсдоши Нигорага кўнгил қўйди. Уларнинг муҳаббати ҳавасга арзирли эди. Ўқишни битирар йили Козим Нигорага совчи қўйди. Аммо элчиларга рад жавоби берилди. Уч-тўрт бор йигитнинг талаби билан борган совчиларга ҳам айтилган жавоб ўзгармади. Охири Козимнинг ўзи қизнинг отаси билан гаплашишга қарор қилади. Қизнинг хонадонида яхши кутиб олинган йигитнинг кўнглида умид бор эди. Аммо... Нигоранинг отаси бу умидни "ўлдирди".

Козим учун сўнгги умид ҳам сўнди. У шу билан Нигоранинг ҳаётидан чиқди. Диплом олгунча уни ҳар кўрганда юраги бир ачишса-да, ўзини бепарводек тутишга уринди. Ўқиш тугагач, ҳамма ўз йўлидан кетди. Шу-шу улар қайта кўришмадилар.

* * *

- Исмингиз Фаридахон, адашмасам, - сўз бошлади Нигора салом-аликдан сўнг. - Аввало, сиздан узр, бевақт безовта қилдим. Лекин бу иккимизга ҳам тааллуқли масала бўлгани учун чақиришга мажбур бўлдим. "Рақамимни қаердан олди", деб ўйлаётгандирсиз?! Козим аканинг телефонидан... - унинг гапини Фариданинг кескин сўроғи бўлди:

- Нима? Козим аканинг? Қандай қилиб?

- Илтимос, қизишманг, мен ҳаммасини сизга тушунтираман... - Нигора хотираларини сўзлар экан, ҳаяжонланаётганини сездирмасликка уринса-да, нигоҳлари билинтириб қўярди. Фарида эса бу аёлнинг эри билан эски муносабатлари нима учун қайтадан очилаётганини тушунмасди. Аммо Нигоранинг кейинги гаплари барчасини ойдинлаштирди. Нафақат, ойдинлаштирди, балки Фариданинг кўз ўнгини бир зумда зулматга ўраб юборди.

- ... Отамнинг қарори билан ўзи танлаган йигитга турмушга чиқдим. Кейин билсам, ҳақиқат ўзгачароқ экан. Ўртада турган, мен отамнинг дўсти деб билгувчи одам аслида ҳақиқий дадам бўлиб чиқди. Энди бу бошқа тарих... - оғир хўрсинди Нигора. Бироз жимликдан сўнг у сўзида давом этди.

- Хуллас, тўйдан кейиноқ куёвнинг асл қиёфаси очила бошлади. Билишимча, у менга мажбур уйланган экан. Қайнота-қайнонам жуда яхши одамлар эди, аммо улар ҳам, мени ўша хонадонга боришимга сабабчи тоғаси, яъни ҳақиқий отам ҳам эримни тўғри йўлга солишолмасди. Тўйдан кейин ишлашимга розилик бермагач, "аёл учун энг аввал оила" деган ақидага бош эгдим. Аммо у ўзгармади. Бир аёл эри учун нима қилиши зарур бўлса, барини адо этдим. Аммо меҳрга зор яшадим. Биринчи фарзандим кўп сиқилишларим оқибатида нобуд бўлгач, яна-да тушкунликка тушдим. Эрим эса "ақалли битта болани эплаб туғолмасликда" айблаб, қўл кўтара бошлади. Бизга Яратган бошқа фарзанд бермади. Ўн йиллик турмушим гўё ўн асрга татигандек бўлди. Оиламни сақлаб қолишга кўп уриндим, аммо фойдаси бўлмади. Бу гапларим, эҳтимол, сизга ўзимни оқлашдек туйилар, лекин... - Нигора ўзини тутиш учун оғир-оғир ютинди. Бу билан Фариданинг олдида ўзини йўқотиб қўймасликка уринди гўё.

- Лекин мен ҳам аёлман! Аёл учун кўп нарса керак эмас, бир чимдимгина меҳр бўлса бас экан. Мен ана шу меҳрни, илтимос, тўғри тушунинг, Козим акада яна топгандек бўлдим. Ҳаётим бўлмаганини эшитгач, Козим ака уйимизга келди. Уйдагилар аввалига рози бўлишмади. Аммо бу сафар отам кўнглимга қаради. Сизга вақти келиб тушунтиришга ваъда бериб, мени ўз никоҳига олди...

- Демак, вақти энди келибди-да?! - Фариданинг кескин, айни дамда алланечук мунг зоҳир овози Нигорани сўзлашидан тўхтатди. - Яхши, мен у билан - Фарида эрининг исмини тилга олишни ҳам истамай давом этди, - ҳаммасига ойдинлик киритаман. Сиз билан эса гапимиз тугади, фикримча, энди ҳамма гап унда қолди. Хайр! - Фарида шундай гапирдики, нигоҳию овозидаги қатъийлик Нигоранинг сўз айтишига ҳам йўл қолдирмади.

* * *

- Сенга ҳаммасини тушунтиришга кўп бор оғиз жуфтладим. Аммо журъатим етмади, - Козим гапирар экан, диванда бошини ушлаганча бир нуқтадан кўз узмай ўтирган Фаридага қараб-қараб қўярди.

- Мени тўғри тушун, илтимос...

- Ҳаммасини билдим. Энди сиз бу муҳаббат учун менга ўзингизни оқлашдек туюлувчи сўзларни айтишингиз шарт эмас. Мен ҳал қилдим. Ажрашмайман. Ўзим тортган етимлик дардини фарзандларим ҳам тортишини истамайман. Аммо биз энди ташқаридагилар учунгина эру хотинмиз, холос. Узр, мен хиёнатни кўтаролмас эканман...

- Фарида, ундай дема, ахир ўртада болалар бор, сенданам кечолмайман...

- Ҳим... - заҳарханда оҳанг бор эди аёл овозида. - Мендан кечиб бўлгансиз. Тўғри айтдингиз, болалар никоҳимизни ушлаб қолди. Сиз - отасиз! Мен оталикни тортиб ололмайман. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Сиз бу уйда фақат Ота мақомини йўқотмадингиз, холос...

* * *

Козим аввалгидай болаларини суяр, улар учун жонини беришга-да тайёр эди. Фақат Фарида буткул совуққон эди. У фақат фарзандлари учун яшарди. Бу аёлда умри давомида меҳрга ташналик бор эди. У бу чанқоқни биргина фарзандларининг беғубор кулгуси, "онам" дея талпинишлари, нималарнидир илинишлари ва албатта, чиройли камоли билангина босарди. Ғурур у билан туғилганди. Мағрур эди - ярим бахтни истамади.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди