№25, 19.06.2014 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
ҲАР ИШДА ҲАМФИКР, ҲАМНАФАС
Садбархон Эргашева Пахтаобод тумани, Уйғур қишлоқ фуқаролар йиғини, Пушмон маҳалласида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаётганига тўрт йилдан зиёд вақт бўлди. Шундан буён маслаҳатчи ўзига билдирилган маҳалладошларининг ишончини оқлашга, уларга баҳоли қудрат ёрдам беришга ҳаракат қилади.
Опа бу вазифага киришган дастлабки кунлариданоқ маҳалла ободончилиги, хонадонлардаги саранжом-саришталик, оилалар мустаҳкамлиги, хусусан, ажримларнинг ҳамда ёшлар ва аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича қатъий иш олиб боришни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйди. Бугун у Пушмон МФЙ раиси Равшанбек Турсунов, маҳалла фаоллари Маликахон Рўзиева, Маҳмуджон Ибрагимов, Сотволдижон Қўчқоров, Каримжон Абдуллаев, Сарвихон Мамажоновалар билан ҳамкорликда бу борада эътиборга молик ишларни олиб бормоқда.
- Маҳалламиз аҳли иноқ, бир-бирларига меҳрибон, -дейди маслаҳатчи гап бошларкан. - Лекин ҳеч қачон бировга қилаётган яхшиликларини миннат қилишмайди. Уйларидаги майда-чуйда гап сўзларни кўчага олиб чиқишмайди. Баъзида ёш келинларнинг эрини ҳурмат қилиш, кекса қайнона, қайнотасига меҳр-мурувват кўрсатиш каби оддий ахлоқ қоидаларини билмасликлари туфайли низо келиб чиқаётганига гувоҳ бўламиз. Бундай камчиликларни бартараф этиш учун ёш қизларимизни оилага тайёрлаш, рўзғор юмушларига ўргатиш мақсадида туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда маҳалламизда турли тадбирлар уюштириб турамиз.
"Оилага тайёрмисан, қизгина", "Қайноналик илми", "Бола жиноятчи бўлиб туғилмайди" сингари давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказамизки, бу албатта йиғилганлар учун сабоқ бўлади.
Маҳалламизнинг 3020 нафар аҳолисининг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этади, - суҳбатни давом эттиради опа. - Хотин-қизларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш доимий эътиборимизда. Уй бекалари билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини тинглаймиз. Зарур ўринларда йўл-йўриқ, маслаҳатлар берамиз.
Дарҳақиқат, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудда тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда "Соғлом она -соғлом бола", "Соғлом оила - муҳим масала" деб номланган тадбирлар доирасида суҳбатлар ўтказдики, бу билан опа аҳолининг тиббий, ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳаракат қилади.
Тўй, маърака маросимларда ҳам исрофгарчиликка йўл қўймаслик мақсадида дастурхончилар Озодахон Ибрагимова, Ҳабибахон Рўзиева, отинойилар Саодатхон Аҳмедова, Латифахон Қаюмоваларнинг хатти-ҳаракати билан ортиқча олди-бердилар йўқ қилинди.
Амалга оширилаётган ишлар билан танишиш асносида маҳалладаги тотувлик, 511та хўжаликдаги фаровонлик сирини англагандек бўлдик. Маслаҳатчи эса 1575 нафар аёлнинг яшаш шароити, нима билан машғуллигини эса яхши билади. Уларнинг феъл-атворига қараб муомала қилади. Йўриғига солади. Шунинг учун ҳам 820 та оила ҳалол меҳнати ортидан яхшигина даромад топади, кўпчилик деҳқончилик билан шуғулланади. Аҳолининг аксарияти ўз томорқасидан унумли ва самарали фойдаланади. Томорқаларда рўзғорга керакли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришади. Ўзидан ортганини бозорга олиб чиқишади.
Ҳа, яшаш тарзидан мамнун, аҳил оиладай бир-бирларига ҳамнафас, ҳамфикр яшаётган хонадонларда кишилар эртанги кунга умид билан қарайдилар, ўзгаларга эзгулик улашиш пайида бўладилар. Буни тадбиркорлар Ҳалимжон Рўзиев, Маъруфжон Ваҳобов, Дилнозахон Тожиддинова, Назокатхон Эргашеваларнинг хайрли ишлари мисолида кўриш мумкин.
Маҳалла катта бир оила. Унда яшаётган ҳар бир инсон маҳалла корига яраши, маҳалладошларини ўз яқинларидай кўриши, кимгадир кераклигини ҳис қилиб яшаши керак. Садбархон Эргашева ҳам маҳалла аҳли учун кимгадир опа, кимгадир сингил, кимгадир дўст. Шунинг учун ҳам маҳалладошлари унинг олдига ўз муаммолари билан дадил кириб келишади. Маслаҳат ва ёрдам сўрайди.
Садбархон опа бундан хурсанд бўлади. Маҳалла аҳли ўртасида ҳамжиҳатлик бор, демак, у ерда ортиқча муаммоларга ўрин қолмайди.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|