№26, 26.06.2014 АНДИЖОНЛИК ҚИЗЛАР ҒОЛИБ БЎЛДИЛАР
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди ва "Камолот" ЁИҲ Марказий Кенгаши ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида "Маҳалланинг энг ораста қизлари" республика форуми бўлиб ўтди.
Маҳаллаларда ташкил этилган "Ораста қизлар давраси" тўгараклари фаолиятини кенгайтириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, намунали иш юритаётган тўгаракларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг "Ораста қизлар давраси" тўгараги жамоалари белгиланган шартлар асосида ўз билим ва салоҳиятларини намойиш этдилар.
Туман ва шаҳарлар вакиллари - олти нафар оқила қиздан ташкил топган вилоятимиз жамоаси форумда муваффақиятли иштирок этди. Жамоамиз қизлари "Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она" мавзусида намойиш этган саҳна кўриниши, шунингдек, тўгарак фаоллигини ошириш, маҳалла қизлари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг тиббий, экологик билим ва маданиятини юксалтириш, "оммавий маданият" таъсирига тушиб қолишнинг, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш йўналишларида ўтказилган машғулотлардаги фаол иштироклари ҳамда "Тенгдош тенгдошдан ўрганади" анъанаси борасидаги илғор фикр ва мулоҳазалари билан юқори натижани қўлга киритдилар ва форумнинг энг яхши жамоаси, деб эътироф этилди.
Форум ғолиби сифатида вилоятимиз жамоасига ташкилотчилар томонидан диплом, иштирокчи қизларимизга эса сертификат ва эсдалик совғалар топширилди.
Совғаларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Баситхонова топширди.
Д. АБИДОВА.
|