№26, 26.06.2014 ОРЗУЛАРИМ БОШЛАДИ ЙЎЛГА...
Менинг журналистлик касбига меҳрим болалигимда тушган. Мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ туман газетасига хат ва хабарлар ёзиб турардим. Ажойиб инсон, таниқли журналист Абдуллажон Комиловнинг маслаҳатларига қулоқ тутиб кам бўлмадим. Бу жамоадаги ижодий муҳит мендаги адабиётга бўлган иштиёқни янада кучайтирди. Ҳаётимни ижод билан боғлаш учун Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика бўлимига ҳужжат топшириб, талаба бўлдим.
Ўқиш даврида ҳам университет газетасида мақолаларим билан қатнашиб турдим.
Журналист сифатида дастлаб ишни Избоскан туман газетасида мухбирликдан бошладим. 2012 йилдан эса "Водий садоси" ёшлар телерадиокомпаниясида мухбир бўлиб ишлаб келмоқдаман.
Бу ерда ҳам ўзимнинг "Қишлоқ соғинчи", "Тарози" кўрсатувлари билан халқ ичига кириб бордим. Кўнгилдагидай чиқишлар қилишга ҳаракат қилаяпман. Бир қараганда телевидениеда ишлаш осондек туюлади. Лекин кўрсатув тайёрлаш жараёни жуда катта меҳнатни, машаққатни талаб қилади.
Инсон ниманики орзу қилса, унга албатта етишаркан. Болаликдаги орзуим бугун рўёбини топди. Ёшликда ўртоқларимдан интервью олиб, ўйин ўйнаган бўлсам, бугун халқ хизматидаги журналист сифатида эл-юрт назаридаман. Бу масъулият ҳар қадамда мени ҳушёрликка ундайди.
Юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилиб, қалам тебратаётган, кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаётган ОАВ ходимларини касб байрами билан табриклайман.
Гулноза ҲОЖИЕВА, "Водий садоси" ёшлар телерадиокомпанияси мухбири.
|