№26, 26.06.2014 МУШОХАДА
МУСИҚА ИНСОНГА КУЧ БЕРАДИ
Истиқлол туфайли юртимизда биз ёшларга жуда катта имкониятлар яратиб берилди. Истиқлол шарофати билан биз ёшлар ўзлигимизни янада чуқурроқ англадик, халқимизнинг бой маданий меросини қайта тиклашга муяссар бўлдик. Ана шу омиллар ва бошқа қатор қадриятлар бизнинг юртга фидойи, комил инсон бўлиб вояга етишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу ўринда биз ёшларни камолот сари етаклашда, мусиқа, мусиқий тарбиянинг ҳам алоҳида ўрни борлигини эътироф этишимиз лозим. Юртбошимиз айтганларидек, "Мусиқа ўзининг бетакрор табиати билан ёшларни маънавий дунёсига катта таъсир этиш кучига эга". Биз биламизки, куй ва оҳанг таъсирида инсонларнинг идрок ва тафаккури юксалади, эзгуликка бўлган интилиш, гўзалликни севиш, она табиатимизни асраш, Ватан равнақи учун хизмат қилиш истаги ортиб боради. Ёшларни эстетик бадиий дид соҳиби бўлиб етишишида миллий мусиқа мероси алоҳида аҳамият касб этади.
Ана шу ўлмас меросларимиздан бири - чолғучилик санъати асрлар давомида сайқал топган. Турли даврларда моҳир созандалар ажиб куйларни ижро этиб, мухлислар меҳрига сазовор бўлган. То шу кунгача фойдаланиб келинаётган ўзбек миллий чолғуси - дутор нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё халқлари орасида кенг тарқалган. Шу кунгача уни сайқаллаб бойитиб биз авлодларга етказиб бераётган устоз санъаткорлардан Ориф Қосимов, Турғун Алиматов, Абдураҳим Ҳамидов, Рўзибиби Ҳожиева каби созандалардир.
Буюк олим Ал-Фаробий мусиқа ҳақидаги рисоласида шундай деб ёзган эди: "Киши овозига яқин товуш чиқарадиган чолғу асбоби - рубоб, най ва сурнайдир". Дарҳақиқат, айнан ана шу чолғулар овозга жуда яхши тақлид қилади.
Бундан ташқари, мусиқа хотирани чархлайди. Мулоқот маданиятини, ҳамжиҳатлик кўникмаларини шакллантиради. Кишида қувониш ҳисларини ўстиради. Энг муҳими муносиб ўз-ўзини таниш ва жамиятда ўрин топишига кўмаклашади. Зеро, биз қайси касб эгаси бўлмайлик, мусиқа бизга беғубор ва беҳисоб куч бера олади. Аммо ҳаётнинг нозик жилғаларини ҳис қилмаган, уни англаб етмаган тенгдошларимиз ҳам йўқ эмас. Ўзининг урф-одатидан, миллий мусиқа санъатидан, ўзининг қарашларидан воз кечиб, чет эл ғояларига хос ва мос иш кўраётган ёшларни кўриб ачиниб кетасан. Улар эшитаётган ва рақсга тушаётган рок-қўшиқлар инсонни инсонийликдан чиқаради, жазавага солади ва ўзи билмаган ҳолда бўлмағур ҳаркатлар қилишга ундайди.
Ахир, биз одоб-ахлоқда, дунёни лол қилган улуғ, зиёли инсонлар авлодларимиз-ку. Бундай ҳатти-ҳаракатлар бизга ярашмайди. Миллий мусиқамиз эса қалбимизга сокинлик, гўзал ҳисларни олиб киради ва бизни яхшиликка ундайди.
Юртимиз ёшлари ўз орзу-истакларига эришиш учун яшасин ва ҳаракат қилсин. Чунки ҳеч бир инсон ўзлигидан ҳеч қачон кеча олмайди. Бугун миллий қарашларимизга зид иллатлардан, "оммавий маданият" ғояларидан ёш авлодни ҳимоя қилиш учун мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида мусиқа соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, десам, асло муболаға бўлмайди.
Фикрларимни мухтасар қилиб айтиш жоизки, мусиқа инсон қалбидаги очилмаган нозик туйғуларни чертиб, уни буюк ишларга йўналтира олади. Мусиқа ва гўзаллик оламни қутқаради, деб бежизга айтишмаган.
Иродахон ХАЛИЛОВА,
Улуғнор тумани ижодиёт маркази қошидаги
"Дуторчи қизлар" тўгараги аъзоси.
|