№26, 26.06.2014 ОГОҲЛИК
ГИЁҲВАНДЛИК - АСР ВАБОСИ
Кейинги пайтларда гиёҳвандлик ва у билан боғлиқ муаммолар бутун дунёни ўз комига тортаётганлиги ўта ташвишлидир. Айни кунга келиб, шиддат билан ёйилиб бораётган ана шу офат барчани бирдек ҳушёрликка чорламоқда.
Жаҳон жамоатчилиги томонидан "Аср вабоси"нинг тарқалиши ва олдини олишга қарши қатъий ишлар олиб борилаётганлигига қарамай, "заҳри қотил"га ошно бўлиб қолаётганлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийиб 600 миллиондан кўпроғи ана шу оғу қулларига айланган. Шундан 44 миллионга яқини героин "ишқибози" ҳисобланади. Энг ачинарлиси шундаки, "оқ ажал" исканжасига тушиб қолганларнинг 72 фоизини 34 ёшгача бўлганлар ташкил қилади.
Наркотик моддалар олди-сотдиси билан шуғулланаётганлар, яъни унинг мўмай даромадига ўрганган "мазахўраклар" бу "иш"ни янада ривожлантириш учун ҳеч нарсадан тап тортмай фаолият олиб бораётганликлари туфайли гиёҳвандлик балоси кенг тарқалиб бормоқда.
Мамлакатимизда эса гиёҳвандликка қарши қатъий ва изчил кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, баъзи юртдошларимиз ушбу офатга гирифтор бўлиб қолмоқдалар. Жумладан, Андижон темир йўл бекатидаги ТИИБ ходимлари томонидан гиёҳванд моддаларни сотишда ва олиб юришда гумон қилинган айрим шахслар қўлга олинган.
Андижон шаҳар Н. Тожиакбаров кўчасида яшовчи И. Шарипов ҳамда Ўзбекистон кўчасида яшовчи М. Аҳмедов (исми шарифлари ўзгартирилган) лар Андижон темир йўл бекатидаги ТИИБ ЖК ва УЖККБ ходимлари томонидан гумон қилиниб текширилганда, уларнинг ёнида "гашиш" ҳамда "марихуана" гиёҳванд моддалари борлиги аниқланди ва далилий ашё сифатида қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан қонун доирасида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, гиёҳвандлик кишини ҳам руҳан, ҳам жисмонан мажруҳ этади. Гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлганларнинг ҳаёти зулматга айланиши муқаррар. Қолаверса, уни истеъмол қилган, олди-сотдиси билан шуғулланганлар, албатта, қонун олдида жавоб берадилар.
Шерзодбек ҲОЖИЕВ,
Андижон ТИИБ Тергов
бўлинмаси катта терговчиси, майор.
Илёсбек АРЗИЕВ,
ВЕЎН ва ХПГ катта инспектори, катта лейтенант.
|