Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№26, 26.06.2014

ҲАЁТ САБОҚЛАРИ

УМИД

Оппоқ тонг отмоқда. Янги кун хабарчиси қуёш аста-секинлик билан замин узра чиқиб бормоқда. Осмон тўла юлдузлар бир-бир сўниб, зулмат ўрнини ёруғлик эгалламоқда. Нозима аста-секин турар экан, фарзандларига бир-бир қараб қўйди. Фарзандлари тинч, осуда уйқуда эдилар. Нозима яна бир кунини севикли ёрисиз кутиб олди. Шундай бўлса ҳам, эшик остонасига қараб қўйди. Балки оёқ кийимлари тургандир, ўзи нариги хонада ўтиргандир. Бундай бўлмаслигини билса ҳам умид қилди. Аксига олиб оёқ кийимлари йўқ эди, Баҳром акаси келмаган. Ҳеч қандай мўъжиза содир бўлмади. У хоҳламайгина нонушта тайёрлади. Фарзандларини боғчага олиб борди. Ўзи ишга кетди...

Ишдан келиб, яна оёқ кийимларига қаради. Афсуски... Нозиманинг бутун вужуди қулоққа айланди. Телефон овози, эшик қўнғироғи, ҳамма-ҳаммасига қулоқ солиб турди. Афсуски, Баҳром акасидан дарак йўқ эди. Уйларини саранжом-саришта қилиб, фарзандларини ухлатди. Ўзи эса деразасидан одатдагидек кузата бошлади. Ҳар бир ўтаётган кимсадан Баҳром акасининг қоматини излади. Кимдир баланд, кимдир паст, кимнингдир юриши ўхшамайди. "Бугун ҳам келмас экан-ди. Ишқилиб, тинчлик бўлсин, жони тинч бўлсин". Шундай дея жойига ётди. Қанча ўйлади билмади. Соат эндигина бир бўлибди. Ҳали тонг отишига анча бор. Нозиманинг хаёллари ҳар қаёққа олиб кетди.

Хаёлларда мақсадга эришиш осон. Орзулар бирпасда ушалади. Ҳаётда-чи? Эҳ, ҳаёт! Пешонага нималар ёзганини билиб бўлмас экан. Кечагина ҳаммадан бахтли эди. Бугунчи, бугуннинг ўзини ўйлаш даҳшат.

Баҳром акаси гиёҳвандликка йўлиққанидан буён ўзгарди-қўйди. Меҳрибон, очиқкўнгил инсон, қайсар, субутсиз, орияти йўқ кимсага айланди. Нозима уни бу йўлдан қайтариш учун нималар қилмади дейсиз. Ҳаммаси бефойда. Баҳром топганини ўша заҳар-заққумга сарфлар, ота-онасининг илтижоларига ҳам "хўп" дер эди-ю, заҳри қотилни кўрганда иродаси дош беролмай қоларди. Борган сари ажал исканжасига кириб бораётган Баҳром учун ҳеч нарсанинг қизиғи йўқдек эди.

Лекин айрим пайтларда Баҳром қилаётган ишларидан пушаймон бўлар, Нозима олдида астойдил тавба-тазарру қилар, бу йўлдан қайтишни истар эди. Лекин бу ҳолат бир зумда, гугурт ёниб ўчганчалик тез ўтиб кетар эди. Нозима шунисига ҳайрон. Қанийди қўлидан келса турмуш ўртоғини бу азоблардан қутқарса. Бу гиёҳванд моддалар унинг ҳаётига қандай кириб қолди экан, Баҳром акасини бу йўлга ким бошлади? Бу йўлнинг охири фалокат! Ундан қайтишнинг имкони бормикан? Эҳ, қанийди, мана шу саволларга жавоб топа олса.

Хаёл гирдобида ётган Нозимани вужудидаги янги бир ҳаёт сескантириб юборди. Ҳомила қимирлаётган эди. Аёл боягидан кучлироқ азоб исканжасида қолди. Янги ҳаёт, янги тақдир, у ўғилмикин ёки қиз? Нима бўлганда ҳам соғ-омон туғилса бас. Неча маротаба эшитган, нашаванд отадан соғлом бола туғилмайди. Кўз олдида телевизорда кўрган ана шундай болалар қиёфаси гавдаланди. Қўрққанидан кўзларини катта-катта очиб, юмди. Яратганнинг ўзи бу фалокатдан асрасин. У тавба қилди, билган сураларини ўқий бошлади...

Бироздан сўнг тинчлангандай бўлди. Кўзи ҳам уйқуга кетди. Ташқарида эса тонг ота бошлади. Зулмат чекиниб, ёруғликка йўл берди. Янги кун. Нозима учун нималар тайёрлаб қўйди экан? Баҳром акаси инсофга келармикин? Оқ балодан қандай қутулмоқ мумкин?

Умрнинг энг гўзал дамларини ёлғиз бошидан кечираётган Нозима боши берк кўчанинг тубига етолмас, вужудидаги ҳомила ҳам унинг кўнглига ёруғлик сололмасди.

Наргиза ЭШОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди