№27, 03.07.2014 МУЛОҲАЗА
МЕРОСДАН УЛУШИМНИ ҚАНДАЙ ОЛАМАН?
Қариндош-уруғлар орасидаги ихтилоф ва зиддиятларга сабаб бўладиган мерос талашишлар барча замонларда, ҳар қандай даврда кишилик жамиятининг оғриқли нуқталаридан бири бўлган. Гарчанд ота-онасининг қазоси ёки улар ҳаётлигида мерос талашаётган жигарлар, қариндошларнинг ҳаракатларини кўп ҳолда оқламасак-да, аммо тан олиш керак, мазкур муаммога ҳаммамиз ҳам дуч келамиз. Инсонмиз, жамиятдан, ундаги воқеа-ҳодисалардан айро ҳолда яшай олмаймиз. Мол-мулк масаласида ўзини, кўзини тўқ тутадиган, кўнгил хотиржамлигини устун қўядиган кишилар орамизда кўпчиликни ташкил этмаслиги аниқ.
ТАҲРИРИЯТГА МАКТУБЛАРДАН:
"... Биз оилада тўрт фарзандмиз. Уч ўғил ва мен. Укаларимга ота-онам уй-жой қилиб берган. Мен оила қурмаганман. Айни пайтда ижарада яшайман. Ота-онамга менга ҳам мол-мулкидан улуш ажратишларини айтсам, улар "Укаларинг билан қозихоналарда судлашиб юрамизми?" дейишади. Қонуний томондан олганда ота-она хоҳлаган фарзандини меросдан, ўзига тегишли мол-мулкдан маҳрум қилишга ҳақли экан. Мен нима қилишга ҳам ҳайронман. Ота-онам ҳаётлигида мени ажратиб қўйишаётганлигидан кўнглим оғрийди...
Феруза,
Избоскан тумани.
"...Ўсмирлик йилларимда отам хасталаниб, ётиб қолдилар. Шу пайтларда шаҳар четидан ер олиб, уч оилага мўлжаллаб уй қургандилар. Йиллар давомида мен отамни даволатдим, парвариш қилдим. Бош ўғил сифатида отам ўрнида ука-синглимни ўқитдим, уларни уйли-жойли қилдим. Отам оёққа турдилар. Укамнинг ишлари юришиб, топиш-тутиши меникидан кўра кучайди. Энди укам билан хотини мен ва болаларимни кўчага ҳайдамоқда. Ота-онам уни қайтариш ўрнига менга "сен катта ўғилсан, бошқа жойдан квартира олиб чиқиб кет" дейишяпти. Нима қилишга бошим қотган...
Сарварбек,
Андижон шаҳри.
Таҳририятга йўлланган ана шу мактублар сабаб мерос масаласига ҳар томонлама ёндашишга ҳаракат қилдик. Гарчи мерос можаролари атрофида турли нашрларда кўп бора мулоҳазалар юритилган бўлса-да, газетамиз муштарийларига асқотиши мумкин, деган мақсадда мерос масаласининг ҳуқуқий ва маънавий томонлари хусусида сўз юритишни лозим топдик.
Кимлар меросхўр бўлади?
Ҳар кандай шахс меросхўр бўлиши мумкин. Яъни, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила холида бўлган ва мерос очилгандан кейин туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлиш ҳуқуқига эга. Жумладан, ота-она, эр-хотин, фарзандлар ва ҳатто, бегона шахслар ҳам меросга ҳақли бўлишлари мумкин.
Мерос нима?
Ҳар қандай моддий ва номоддий обеъктлар мерос қолдириш объекти бўлиши мумкин. Лекин мерос қолдирувчининг шахси билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлар жумладан, ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи, алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи ва ҳоказолар мерос таркибига киритилиши мумкин эмас. Мерос қолдириш орқали меросхўрларга фақатгина мерос қолдирувчининг ҳуқуқлари ўтмасдан, балки мерос қолдирувчининг мажбуриятлари ҳам ўтади. Масалан: қарз шартномасига асосан, олинган қарзни тўлаш мажбурияти, мерос мулки қабул қилиб олинганидан сўнг, ушбу мулклар бўйича солиқ ва бошқа тўловларни тўлаш мажбуриятлари ўз-ўзидан меросхўрга юкланади.
... Масъулият ҳам демакдир
Айтиш жоизки, кўп ҳолларда мерос деганда, биринчи навбатда кўз олдимизда фақат пул, мол-дунё ва шунга ўхшаш моддий неъматлар гавдаланади. Аммо ота-оналар ўз фарзандларига, аввало, табиати, истеъдоди, биологик хусусиятлари ва бу дунёда узолмаган қарзларини ҳам мерос қилиб қолдирадилар. Шундай экан, мерос олувчи нафақат моддий буюм, балки унинг ўзига яраша масъулиятига ҳам эгалик қилишларини ёддан чиқармаслиги керак.
Васият
Меросхўрлик фуқаролик кодексига кўра, васият ёки қонун бўйича вужудга келади. Васият бу - фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини у вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси ҳисобланади. Васиятнома шахсан тузилади. Яъни, унинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Васиятнома фақат давлат нотариуслари томонидан тасдиқланганда, юридик кучга эга бўлади. Васиятнома бир томонлама битим бўлиб, у билан боғлиқ низолар юзага келган тақдирда фақатгина Фуқаролик судларига мурожаат қилинади. Васиятноманинг аниқ бир шакли йўқ. Ҳатто, нотариусга ҳам маълум бир андоза аён эмас. Чунки васиятнома муаллифининг хоҳиш-иродасидан келиб чиққан бўлиб, матн мазмуни ҳам шунга монанд бўлиши табиий.
Махфийлиги кафолатланади
Нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек, васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар унинг мазмуни, тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳаққи йўқ.
Мерос васият қилинмаган тақдирда...
Агарда, ота-она вафот этгунга қадар васиятнома бермаган бўлса, фарзандлар меросни қонун буйича олишга ҳақли ҳисобланади. Бундай ҳолатда фарзандлар ота ёки онасининг меросини олиш ва мерос ишини очиш юзасидан мерос объекти жойлашган худуддаги ёки меросхўр охирги яшаган жойдаги давлат нотариал идораларига мурожаат қилишлари лозим. Давлат нотариуси қонунда белгиланган ҳужжатлар тақдим қилинганидан сўнг, меросхўрларга қонун бўйича меросхўр эканлиги тўғрисида гувоҳнома беради.
Ота-она ёки мерос қолдирувчи ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.
Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли ҳисобланади.
Оиладаги маънавий муҳит
кўзгуси
Мерос оилавий муносабатларнинг катта бир қисми ҳисобланади. Моддий меросга нисбатан кўрсатилаётган муносабатга қараб, оиладаги маънавий муҳит ҳақида аниқ тўхтамга келиш мумкин. Ота-онаси ҳаёт бўла туриб, мерос талашадиганлар ҳақида эшитамиз. Бу ҳолат ўша оилада тарбия илдизининг мустаҳкам бўлмаганидан дарак беради. Айрим оила фарзандлари эса ҳатто ўзига тегишли улушни туғишган жигарига беради. Улар оилада ота-онасидан чин инсоний фазилатларини ўрганган, одамийлик илмидан бохабар кишилардир. Умуман олганда, фарзандлар ота-онасидан болалигида ўрганганларини улғайгач уларнинг ўзларига кўрсатишади.
Интиҳо
Мерос масаласи ва у билан боғлиқ можаролар ҳар бир оила ва оила бошлиғининг шахсий хоҳиш-иродаси. Ота-она истаган фарзандига ўзидан кейин қоладиган моддий ва номоддий мулкларини мерос сифатида қолдириши ёки фарзандини бу имкониятдан маҳрум этиши мумкин. Таъкидланганидек, бу ҳолат- шахснинг ўз хоҳиш-иродасига боғлиқ. Аммо яхши ота-онадан жамиятга қобил фарзандлар ва комил инсон, фарзандларга эса одамийлик фазилатлари, одоб-ахлоқ ва меҳр-оқибат мерос қолади.
Мана, мерос хусусида баъзи мулоҳазаларимизни айтиб ўтдик. Бу масалада сизнинг фикр-мулоҳазаларингиз қандай? Ана шу ҳақдаги мактубларингизни кутиб қоламиз.
Умида АДИЗОВА.
|