№28, 10.07.2014 ШИФОКОР МАСЛАҲАТИ
МЕВАЛАР ИСТЕЪМОЛИДА ҲАМ ЭҲТИЁТКОРЛИК КЕРАК
Ёз келиб мева-чева тўкинлиги ҳам бошланди. Ҳаммадан ҳам болаларнинг хурсандчилиги оламга татияпти. Аммо шифокорлар томонидан меваларнинг болалар истеъмолида ҳам эҳтиёткорлик талаб этилади.
Аввало, боланинг овқат рационига киритилмайдиган мева ва полиз экинларининг ўзи йўқ. Лекин бир ёшгача бўлган фарзандларимизнинг барчасига ҳам ҳар хил мевалар бериш тавсия этилмайди. Негаки, айрим болалар организми шафтоли, қовун, тарвуз, бодринг, олхўри, помидорлар хазмига чидамсиз бўлиб, бир ёшгача бўлган болаларда ич суриш, диарея, ошқозон айниши кабиларни келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, ота-оналар фарзандларига доимо ҳар бир мевани ювиб ейиш шарт эканлигини уқтиришлари керак. Акс ҳолда ювилмаган мева сиртидаги турли инфекциялар бола организмига ўтиб, унда микробларнинг эркин ривожланишига замин яратади ҳамда ошқозон касалликларининг авж олишига "ёрдам" беради.
Ўта пишиб етилган, ҳатто истеъмолга яроқсиз бўлиб улгурган меваларни, иложи борича, фарзандингиздан узоқроқ қилинг, уни тезроқ ташлаб юборишга одатланиш лозим. Чунки бундай мева ва полиз экинлари уни истеъмол қилган болада (отравление) заҳарланишни келтириб чиқаради. Мевадан заҳарланган организм оғир ҳолатга тушиши ва ҳатто ҳаёт учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Бунда ота-оналардан алоҳида эътибор ва назорат талаб қилинади.
Мева аслида дармондорининг ўзгинаси. Айни пишиб етилган мевалардаги мавжуд калций, магний, турли витаминлар болаларимиз организмининг иммунитетини ошириш билан бирга улардан тайёрланган шарбатлар овқатнинг енгил хазм бўлишини таъминлайди. Айниқса, болалар таомномасидан олманинг кенг ўрин олиши тавсия этилади. Ундаги темир моддаси ҳар жиҳатдан бола соғлигида фойдалидир. Олма овқатдан кейин ейилганда, тишлардаги тошларни тозалашга ва тишларнинг мустаҳкам бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, фарзандларимиздаги анемияни бартараф қилишда ҳам олманинг аҳамияти катта.
Бодринг таркибидаги йод моддаси болаларда учрайдиган бўқоқ касаллигининг олдини олиб, организмдаги йод танқислигини бартараф этади. Помидор эса қон камлигини даволашда муҳим саналади.
Бу тавсиялар фарзандларимиз учун фойдадан ҳоли бўлмай, бунда ота-оналар ҳам назоратни қўлдан бермасликлари керак. Мева ва полиз экинларини истеъмол қилганда, унинг ювилишига, айнимаганлигига эътибор қаратиш жуда зарур.
Болалар соғлиги - энг катта бойлигимиз. Шундай экан, улар истеъмол қилаётган ҳар бир нарсани назоратсиз қолдирмаслик керак. Ҳатто ёзнинг бетимсол инояти бўлган сархил ноз-неъматлар - турли меваларни ҳам яхшилаб ювиб, кейин ейиш тавсия этилади.
Дилафрўз АБДУЛЛАЕВА,
Олтинкўл тумани,
Сарой ҚВП шифокори.
|