№28, 10.07.2014 ЧИНГИЗ ЭРШОХИН
МУАЛЛИМА
Бу воқеа узоқ йиллар олдин бир муаллиманинг ҳаётида бўлиб ўтган.
Ҳадича хоним бешинчи синф ўқувчиларининг қаршисига чиқар экан, илк кундаёқ уларга ёлғон гапирди: кўпгина ўқитувчилар сингари уларга боқиб, барчани бирдек яхши кўришини айтди. Бу эса ҳақиқатга тўғри келмасди. Негаки, у ерда биринчи қатордан ўрин олиб, ёнбошлаган кўйи ўтирган ўқувчи Муроджон бор эди. Муаллима уни бир йилдан бери кузатар, болаларга сира ҳам қўшилмаслигига, ҳар доим уст-боши кир-чир эканига аҳамият бериб юрарди.
Ҳадича хонимга мактабидаги барча ўқувчилар ҳақидаги қайдномаларни таҳлил қилиш вазифаси юклатилади. У Мурод тўғрисидаги маълумотлар устида изланишни кейинга қолдиради. Аммо унинг ҳужжатларини таҳлил қилаётган чоғида ҳайратга тушади. Чунки...
Биринчи синф ўқитувчиси: "Мурод ақлли бола. Ҳар доим хушчақчақ бўлишга интилади. Вазифаларни тартибли бажаради. Ахлоқи жуда яхши... ва ўртоқлари у билан бирга жуда бахтиёр..." - деб тавсиф берганди.
Иккинчи синф ўқитувчиси: "У мукаммал ўқувчи. Дўстлари томонидан ҳурмат қозонган. Аммо онасининг бедаво хасталикка чалингани уни қийнамоқда. Ўйлайманки, унинг хонадонидаги ҳаёт жуда оғир..." - деб ёзганди.
Учинчи синф ўқитувчиси: "Онасининг ўлими унинг учун оғир бўлди. Отаси унга етарлича эътибор қаратмаяпти. Агар нимадир қилинмаса, оиладаги салбий муҳит унга таъсирини ўтказади".
Тўртинчи синф ўқитувчиси: "Мурод одамови бола. Ўқишга қизиқмайди. Ҳеч ким билан ўртоқ эмас. Баъзан дарсларда мудраб ўтиради", - деган маълумотни берганди.
Энди Ҳадича хоним муаммонинг тагига етган, ўзидан уялаётганди. Ўқувчилар унга чиройли қоғозлар ва ипак боғичлар билан безатилган байрам совғаларини келтирганларида ўзини янада ёмон ҳис этди. Чунки Муроднинг ҳадяси кўримсиз жигарранг пакет қоғозига дидсиз ҳолда ўралганди. Уни ўқувчилар олдида очиб кўриши янада ноқулай бўлди. Тошларнинг баъзилари тушиб қолган билакузукни ва учта шишали атирдан биттаси тўлароқ эканини кўрган болалар кула бошлашди. Фақат муаллима билакузук қанчалар бежирим эканини айтиб, билагига атирдан бир-икки томчи томизгачгина, уларнинг кулгуси босилди. Ўша куни машғулотлардан сўнг ўқитувчисининг олдига келган Мурод:
- Устоз, бугун сиздан худди онамники каби хушбўй ҳид таралмоқда, - деди.
Болалар кетгач, Ҳадича хоним бир соатгача йиғлаб ўтирди. Айни кундан ўқувчиларга ўқиб-ёзишни, ҳисоб илмини ўргатишдан воз кечиб, тарбиялашга қарор қилди.
Муродга алоҳида эътибор қаратади. У билган ишлар экан, янада ақлан жонланаётганини ҳис этади. Ўқувчи далда орқали ривожланиб, йил сўнгига қадар синфнинг энг иқтидорли ўқувчиларидан бирига айланади. Муаллиманинг "Ҳаммангизни бирдек яхши кўраман", - деган ёлғонига зид ўлароқ, Мурод унинг энг севимли ўқувчиси бўлиб қолганди...
Ҳадича хоним бир йилдан кейин эшигининг тагидан бир мактубни топиб олди. У Муроддан эди. Унда хоним ўқувчиси учун ҳаётдаги энг яхши ўқитувчи экани битилганди.
Ундан яна янги хат олгунга қадар олти йил ўтади. Унда лицейни тугатаётганини, ҳозирда гуруҳдаги энг қобилиятли ўқувчиларнинг учинчиси эканини ва Ҳадича хоним ҳалигача ҳаётида кўрган энг яхши муаллима бўлиб қолаётганини баён қилганди.
Тўрт йилдан кейин Муроддан яна мактуб олади. У вақтга сира улгура олмаётганини, чунки университетда ўқиётганини, билим даргоҳини юқори натижа билан тамомлаш учун эса кўп ҳаракат қилиши лозимлигини ёзган эди хатида... Ва Ҳадича хоним хали ҳам ҳаёти мобайнида таниган энг яхши устоз экани айтилганди.
Орадан яна тўрт йил ўтади ва тағин ундан мактуб келади. Университетни муваффақият билан битирганини, аммо хали катта орзулари борлигини билдирганди ва... Ҳадича хоним ҳанузга қадар у таниган ҳамда жуда яхши кўрган устози эканини изҳор қилганди. Бу сафар мактуб сўнгидаги имзо бироз узайганди: "Мурод Жон, тиббиёт фанлари доктори".
Бу ҳикоя шу ерда тўхтаб қолмайди. Кейинги йилнинг баҳорида Ҳадича хоним яна бир мактуб олади. Мурод ҳаётини бирга давом эттириш учун бир қиз билан танишганини, унга уйланиш нияти борлигини маълум қилганди. Отасининг бир неча йил аввал вафот этганини, уни тўйда куёвнинг ота-онаси ўрин оладиган жойда кўриш истагини билдирганди.
Ва тахмин қилинг-чи, нима бўлди? Ҳадича хоним маросимга бир нечта тошлари тушиб қолган ўша билакузукни тақади ва Муроднинг ҳадяси бўлган, ўқувчисининг онасини ёдга соладиган атир билан пардозланади.
Бир-бирларини меҳр билан бағрига босар эканлар, Мурод унинг қулоғига:
- Менга ишонганингиз учун катта раҳмат, Ҳадича хоним. Мен ўзимни муҳим деб билишимга, ўзгаришимга сабаб бўлганингиз учун ташаккур, - дея пичирлайди. Кўзларида ёш айланаётган Ҳадича хоним ҳам унга:
- Мен ҳам сендан миннатдорман, Мурод, - деб жавоб беради. - Сен адашяпсан. Мен сенга эмас, сен менга ўргатдинг. Сен билан учрашганимдан кейингина мен Муаллималикдан сабоқ олдим.
Туркчадан САМОДИЛ таржимаси.
|