Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Кадриятларимиз

№29, 17.07.2014

МУНОСАБАТ

ҚАДРИЯТЛАР ҚАДРИ

Бекатда автобус кутиб тургандим. Икки ўрта ёшли йигитларнинг суҳбати эътиборимни тортди.

- Қутлуғ бўлсин, ошна, ўғилли бўлибсан, полвоннинг исми қандай бўлди.

- Раҳмат, оғайни! Ўғлимга "Сирож" деб исм қўйдим.

- Сирожиддинми? Чиройли исм қўйибсизлар, ҳойнаҳой даданг танлаб бергандир-а?!

- Қанақа Сирожиддин? Фақатгина Сирож, кейин ўз ўғлимга нега дадам исм танлайди? Шахсан ўзим топдим исмни...

Автобусга чиқар эканман ўйланиб қолдим. Инсон умри ҳудди гулзорга ўхшайди. Ифори билан дунёни маст қилиб, кўнгилни яшнатгувчи гуллар ҳам ана шу ифор ва гўзалликни яксон этувчи бегона ўт-ўланлар ҳам, чаманзорларда исталганча топилади. Бир оз вақт гулбоғингизга эътибор бермай қўйингчи, ёввойи ўт-ўланлар гулларни енгиб кўнгилни хира қилувчи манзара ҳосил қилади. Бугунги кунда одамлар орасида ҳам ана шундай "Бегона ўтлар" етарлича топилади. Юқоридаги каби ўзлигини англаб етмаган, йигит-қизларнинг ана шундай ёввойи ўтлардан нима фарқи бор?

Ўзбекчиликда азал-азалдан оилада ўғилми, қизми фарзанд дунёга келса, оила катталари яхши ният ила исм қўйишади. Юксак маънавиятли оилаларда фарзандлар ота-она олдида дилбандларини эркалатиш тугул, қўлга олишга ҳам ийманишган. Андишанинг пардаси салгина кўтарилиб қолса, бобо-бувиларимизнинг "зап сиз фарзандли бўлибсиз-да", деган ширин танбеҳлари билан сийланишган.

Мана шу ийманиш, мана шу андиша миллий кўрк эмасми?

Кўпинча биз ҳинд ва бошқа хорижий фильм ва сериаллардаги севги синовларидан ўтиш учун ота-онаси, яқин қариндошларини аямайдиган қаҳрамонларни кўриб, "мана шу ҳақиқий муҳаббат", дея таъсирланамиз. Ваҳоланки, ўша фильмдаги образ бизнинг миллийлигимизга зид, оила аъзоларининг юзига оёқ қўйиш билан тенг ҳисобланади. Нега энди биз қаёқдаги кинообразларга ҳавас қиламиз-у, гўзал, самимий муҳаббат тимсолларимиз бўлган Фарҳод ва Ширин, Отабек ва Кумушга ўхшашга интилмаймиз? Аслида эса китоб мутоалаасига вақтимизни қизғонамиз.

Кўча-кўйда беҳаёларча етаклашиб юрган йигит-қизларни кўриб, "гуруч курмаксиз бўлмайди-да" деб бепарво ўтиб кетамиз. Йўлимизда бундай курмаклар қанча кўп учраса, шунча кўп бу иборани ишлатиб, ўзимизни ғалвадан хориж қиламиз. Кун келиб она диёримизда курмаклардан бошқа ҳеч ким қолмаса, унда қандай "нақл" ортига яширинамиз?!

Буни қаранг унаштириб қўйилган қиз бобосига "Куёв билан ЗАГСга ариза ташлаб келдик", дея кулиб турибди. "Ҳой, қиз бўлмай қолгур, уят бўлади. Бобонгга ҳам шу гапни айтасанми?" деб танбеҳ берувчи момо ҳам, она ҳам йўқ. Қизининг гапидан хурсанд аёллар эса тош чайнагандай.

Авваллари тўйи белгиланган қизлар оила аъзоларидан уялиб, қочиб юришган. Ҳозирги замон қизларининг эса уйидагилар билан бирга тўйининг маслаҳатини қилиб, отасига бир қатор шартлар қўйишига нима дейсиз?! Қани бизнинг ибо-ҳаё пардасига йўргакланган, падарининг кўзига тик боқмайдиган уятчан, тортинчоқ ва соддадил ўзбек қизлари?!

Яна бир мисол, янги келинчак қайнонаси билан гап талашяпти. Она оқ сут бериб пўпалаб катта қилган ўғлидан нажот кутади. Эркатой ўғилнинг эса парвойи палак. Бу ҳолат қайси мантиққа тўғри келади? Қани бир кафтида онасини, бир кафтида аёлини кўтариб, тоғни талқон қила оладиган норғул йигитлар? Буюклигимизнинг нишонаси бўлган мард ва жасур ўзбек ўғлонлари қаерда?!

Бу фикрларимиз билан биз ҳозирги ўғил-қизларнинг барчаси миллийликни билмайди, дейишдан йироқмиз. Айрим ёшлар билан суҳбатлашсангиз, ҳар қадамда, ҳар сўзида миллийлигимиз уфуриб, дилни қувонтиради. Юқорида таъкидлаганимиз каби ота-онасининг олдида фарзандини эркалашга уяладиган, уларнинг сояси кўринса ҳам боласини қўлига олишга ийманадиган ўғлонларимиз, турмуш ўртоғи билан узоқроқ гаплашишга ота-онаси, қайнота-қайнонасига тик боқишга андиша қиладиган Кумушбиби қизларимиз ҳам юртимизда кўплаб топилади.

Ана улар бизнинг боғдаги ифор улашувчи, гўзал гулларимизга қиёс. Демак, биз гулларимизни ўт-ўланларга таслим бўлишидан ёки уларга қўшилиб, "ёввойи ўтларга" айланиб қолишидан асрамоғимиз, замонлар силсиласидан гардсиз етиб келган қадриятларимизга қалқон бўлиб турмоғимиз даркор.

Маҳбуба ЖАЛОЛХОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди