№29, 17.07.2014 МУЛОҲАЗА
БОЛАЛИКНИНГ БЕҒУБОР ЛАҲЗАЛАРИ
Болалик ва кексалик ўртасида мўъжизавий ришталар бўлади. Тўйларга, байрамларга борганда боболар, бувилар набираларини гоҳ опичлаб, гоҳ етаклаб боришади. Уларни ўзлари билан олиб юришни исташади. Бизнинг бувиларимиз ачомлаб, елкаларига опичлаб, тиззаларида ухлатиб, невара катта қилишган.
Бу бизнинг хотирамизда сақланиб қолган. Буви бўлганимизда биз ҳам набираларимизни кўтариб, опичлаб, эртак айтиб катта қиляпмиз. Эртаклар айтиб бериш улар учун тенги йўқ лаззат эканлигини бола кўнглимиздан ўтказганмиз-да.
Яқинда бир ёш буви набирасини силтаб-силтаб боғчага судраётганини кўриб, болакайга ачиндим. Унинг мунчоқдай кўзларидан дув-дув ёш қуйилар, нуқул "боғчага бормайман, сиз билан қоламан", дерди. Шунда буви "мени сендан бошқа ишим йўқми, туш олдимга", дея боланинг гапини эшитишни ҳам истамасди. Бирдан қўлидаги телефони жиринглаб, аёлнинг чеҳраси ёришди. "Ҳа, албатта, бораман, мана бу шумтакани боғчасига элтиб қўяй, кейин зумда етиб бораман. Нима? Онаси олиб борсин, дейсанми? У мен учун туққан, шуни билмайсанми? Шунинг учун ҳар ой гапимнинг пулини келин тўлайди. Шунга боғчалик қиламан-да. Аёл ўзига ўхшамаган тарзда хо-холаб кулди.
Бу вақт оралиғида боланинг инжиқлигидан асар ҳам қолмади. Боғчанинг дарвозасининг ёнига келганда бола яна хархаша қила бошлади. Аёл эса боғча опасига болани топшириб, йиғисига ҳам қулоқ солмай, телефонида яна ким биландир суҳбатлашишда давом этди. Бу нима? Ҳозирги айрим ёш бувиларнинг набираларига эътиборсизлигими?
Ҳаммани бирдай дея олмаймиз? Набираларини ҳеч кимга ишонмай ўзлари катта қилаётган бувилар ҳам орамизда кўплаб топилади. Олимларнинг таъкидлашича, мана шундай кезларда бувидан неварага, неварадан бувига беқиёс меҳр, илоҳий нур ўтар экан. Уларнинг овозларидан эркатойлари қалбига меҳру мурувват, нафислик, латифлик, донолик ва табиатнинг бетакрор сеҳрлари жо бўлар экан...
Фараз қилинг: Аравачаларда боғчаларга шошаётган гўдакларингизга бағрингиздан эмас, аравачанинг совуқ темирларидан нималар ўтяпти? Уларни биз опичлаб, тиззаларимизга оляпмизми? Ёки кўйлагим ғижим бўлади деб, нари тур деяпмизми? Тунлари эртаклар айтиб, болаликнинг қўл етмас орзу осмонларига парвоз қилишга ундаяпмизми? Ёки ойнаи жаҳон қаршисида мук тушиб, сериалларни кўриб, боламизни ҳам ўзимизга ўхшаган дийдаси қаттиқ қиляпмизми?
Бу саволлар барчамизга, сизга онажонлар, бувижонлар, бобожонларга таалуқли... Болаликнинг хаёл ва ҳайрат тўла юрагида меҳрли сувратимиз борми?
Сиз нима деб ўйлайсиз?
Шоҳсанам
ШАҲОБИДДИНОВА,
Бўз тумани.
|